Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Дарё»да Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тунги қабуллари ва унда иштирок этганлар эътирози, хусусан, ҳоким ўринбосарларининг ишдан кейин оиласига ажратиши мумкин бўлган вақти ҳам иш билан ўтиб кетаётгани хабар берилганди. «Дарё» билан суҳбатда бўлган бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов шаҳар ҳокимининг хатти-ҳаракатини изоҳлаб, вазиятга баҳо берди.

«Мазкур мақоладан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб, вазиятни ўргандик. Қабулда иштирок этган масъуллар билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, тунги қабулда иштирок этгани учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаш масаласида келишувга эришилган», — деди вазир Нозим Ҳусанов.

Нозим Ҳусанов.

Нозим Ҳусанов.
Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Вазир «Дарё» мухбирининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги танқиддан сўнг, тунги пайтда ишлаётган ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш масаласини ўртага ташлаганми, деган саволига «ҳа» дея жавоб берди.

«Танқид қилинганидан сўнг Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланиб, вазиятни обдан ўргандик. Бу жараён ташкил этилишига асосий сабаб нима, деган саволни ўртага ташладик. Шахсан ўзимиз ҳам чекка ҳудудларда бўлиб, аҳоли қабулларида иштирок этганимизда кўпчилик ишдан ташқари пайтда қабулга келишини, кундузи ишда бўлишини айтиб, ишдан кейинги қабул унга қулай эканини билдирган. Бу Тошкент шаҳар ҳокимлигида ишлаган пайтимда ҳам, Сергели тумани ҳокимлигида иш юритган кезларимда ҳам шахсий тажрибамда кузатилган. Шунинг учун ОАВ вакиллари ва блогерлардан бу вазиятни тўғри тушунишлари кераклигини сўраган бўлар эдик», — деди вазир Нозим Ҳусанов саволга жавоб берар экан.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Вазир ОАВ вакилларига мурожаат қилиб, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётишини инобатга олишлари кераклигини, машаққатли меҳнат сабаб фуқаролар муаммосига ечим топилаётганини таъкидламоқда.

«Халқимизда шунақа одат борки, қачонки бирор-бир муаммога дуч келсагина ҳокимлар, вазирлар қабулига келади. Аввало қариндошларига мурожаат қилиб ёрдам сўрайди. Жуда имкони бўлмасагина, масъулларга мурожаат қилади. ОАВ вакилларидан ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётишини ҳисобга олиб, бу жараённи тўғри баҳолашни сўраб қолардик», — дейди вазир.

Эслатиб ўтамиз, «Дарё»да эълон қилинган дастлабки мақолада Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ҳокимлик тунги қабулларда иштирок этаётган ходимларига ишдан ташқари ва тунги ишларга жалб қилингани учун уларга қўшимча ҳақ тўлаш масаласида ўйлаб кўрилмаганини, бу амалиётга дуч келинмаганини билдирганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар