Ўзбекистонда илми билан ютуқларга эришаётган ёшлар кўп. Америка академик баҳолаш тизими SAT’дан юқори натижани — 1540 баллни қайд этган, кўпгина грантлар соҳибаси Маърифат Жамолова шулар жумласидан. SAT’даги максимал балл — 1600. Дунёнинг кўплаб юқори рейтингли университетлари SAT балли 1500 бўлган талабгорларга юз фоизли грантларни тақдим этади.
Маърифат икки йилдан бери ана шундай халқаро университетлар грантларини қўлга киритса-да, олий таълим сифатида ҳеч бирини танламаган.
Халқаро бозорда икки йиллик тажрибага эга full stack web developer Маърифат Жамолованинг орзусидаги университет қайси? Америка академик баҳолаш тизимидан бундай юқори натижани қандай қайд этган? Қаҳрамонимиз шу ва бошқа саволларга «Дарё» билан бўлган суҳбатда жавоб берди.
[/video]Тўрт йил умрингиз ўтадиган университет жудаям профессионал бўлиши керак
Уч йил аввал курсдошим Америка университетларига кириш нияти билан SAT’га топширганди. Ўшанда мен ҳам тасодифан қизиқиб қолганман. У пайтлари Америкага кетишни имконсиз нарса деб билар, ҳатто хаёлимда ҳам бундай режа йўқ эди.SAT имтиҳонига икки марта топширганман. Биринчи марта икки ой тайёргарлик билан 1420 балл олдим. Иккинчи марта эса махсус қандайдир тайёргарликларсиз 1540 балл олгандим. Халқаро талабларга кўра SAT учун 1150—1200 ўртача балл ҳисобланади. Натижаларимдан, албатта, қувонганман.
Маълумот учун: SAT — АҚШда коллеж, университетларга қабул учун кенг қўлланадиган стандартлаштирилган тест. Тестнинг баҳолаш мезони математика ҳамда инглиз тили фанларидаги синовлар асосида бўлади.
2021 йилда ҳам АҚШнинг уч университети — Жанубий Флорида, Аризона, Бостонга грант ютиб олдим. Бостонга кетишим мумкин эди. Аммо Жанубий Флорида ва Аризонага 100 фоизли бўлса, Бостонга тўла бўлмаган грант эди. Бу университет халқаро номзодларга 100 фоизли грантларни бермас экан. Афсуски, буни кеч билдим. Лекин жудаям яхши ва рақобатбардош университет. Тахминан, топширганларнинг 15 фоизини қабул қилади.
Орзумдаги даргоҳ — MIT (Массачусетс технологиялар институти). Технология соҳасида кетмоқчи бўлганлар учун яхши ўқув маскани ҳисобланади. 2021 йили киролмадим. Кейинги йилда ҳам ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам дунёнинг етакчи бир қанча университетларига кирсам-да, олий таълимга шошилмаяпман.
Бугун ниманидир ўрганиш учун университет таълими бўлиши жуда зарур ҳам эмас. Ўзим шу пайтгача кўп нарсани мустақил ўргана олдим. Масалан, IELTS’дан 7 баллгача ўқув марказларига борган бўлсам, карантин давомида изланиб, 8 баллгача ўзим олиб чиқдим. Электроника, муҳандисликка ҳам қизиқиб, мустақил ҳолатда кўплаб билимларни олдим. Амалиётда ҳам синаб кўриб, бир қанча лойиҳаларни бошлаганман. Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, тўрт йил вақтингизни сарфлаб, ўқийдиган жойингиз жудаям профессионал бўлиши керак. Сизнинг карьерангиз, келажагингиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиши керак.
Халқаро бозорда дастурчиман
ИТъни ўрганишга тўлиқ бир йилимни сарфладим. Деярли икки йилдирки, халқаро бозорда full stack web developer сифатида ишлаб келаман. Асосий дастурлаш тилим — Python. Фақатгина full stack web developer’лик билан чегараланмай, бошқа йўналишларга ҳам кирмоқчиман.Дастлабки ишим Ўзбекистонда бўлган. Бу Соғлиқни сақлаш вазирлигининг IT-Med лойиҳаси эди. Баъзи бир муаммолар сабаб у ердан чиқиб кетганман. ИТ соҳасида одам таъсирчан бўлмаслиги керак. Юзлаб ишга топширишингиз мумкин ва ундан тахминан, 2-3 тасидан жавоб келади. Айнан шунақа ҳолат ўзимда ҳам бўлган. Бошида турли платформалар орқали кўп ишга топширганман.
Бу соҳада ишга кириш менда бошқачароқ бўлган. Ўзбекистонда ҳам, бошқа давлатларда ҳам одатда портфолио, яъни сизнинг аввал қилган ишларингиз асосида ишга қабул қилишади. Мен эса иш берувчилардан аввал битта лойиҳа бериб кўришлари, агар қила олсам, шартнома тузиб, ишни давом эттиришимизни айтардим. Шу тарзда халқаро бозорга ҳам кириб бордим.
SAT — IELTS’дан қийин, мураккаб ва Америка университетлари учун айни муддао
SAT Америка университетларига топширмоқчи бўлганларга жудаям қўл келади. Келинг, SAT’ни кўпчилик биладиган IELTS билан таққослаймиз. IELTS — инглиз тилини қанчалик билишингизни ўлчаб берадиган тест ҳисобланади. SAT эса ўқувчини коллеж ёки университет дастурига қанчалик тайёрлигини билдирувчи тест ҳисобланади. Унда математика ёки инглиз тилидаги саволлар ҳар хил соҳаларни ўз ичига олган ҳолда кенг қамровли бўлади. Шу жиҳатдан IELTS’дан анчагина қийин.SAT’даги математика ва инглиз тили биз мактаб ёки коллежда ўрганадиган математика, инглиз тилидан анча фарқли ва қийин бўлади. Сабаби — бу халқаро имтиҳон эмас. Маълум бир давлатнинг коллеж ёки университети учун имтиҳон саналади.
SAT’ни 13 ёшдан бошлаб топширса бўлади. Амал қилиш муддати ҳам йўқ. Агарда АҚШнинг ўзида яшасангиз, 55 доллар, бошқа давлатларда яшасангиз, ҳудудий тўлов сифатида 49 доллар қўшилиб, жами 104 доллар тўлайсиз.
Ўртача 4-5 ой муддат шуғулланиб, SAT’дан яхши натижа қайд этиш мумкин. Фақат ўрганувчида математика ва инглиз тилидан маълум база бўлиши талаб этилади.
Америкада, умуман, халқаро доирада SAT учун ўртача балл 1150—1200. Мен кунида камида икки ёки тўрт соатдан шуғулланардим. Бу ҳам қанақа бўлган? Бир бошлаганда икки соат ёки тўрт соатга кириб кетиб ўрганмаганман. Масалан, Article мавзусини ўрганмоқчиманми, шунчаки йўлда, у-бу жойга кетаётганимда ўқирдим. Агарда битта ишни тўрт соат давомида узлуксиз қилсангиз, ўшанга бўлган эътиборингиз сусаяди. Шундан кейин ўқитувчилик фаолиятим бошланиб кетди. Бир қанча вақт ўтгач IELTSга топшириб 8.0 олдим.
SAT ментори сифатида уч йилдан бери фаолият олиб бораман. Биринчи марта имтиҳон топширган пайтимданоқ индивидуал дарслар бериб юрардим. Шунинг учун ҳам ўқувчиларим сони 4-5 нафар бўлган. Улар ҳам яхши натижаларга эришишган. Масалан, ўртача 1410 балл олишган. Ҳозир Тошкентдаги «Ал Мадаса» ўқув-марказидан ижарага жой олиб гуруҳларда дарс ўтаман. 35 дан ортиқ ўқувчим бор. Дарслар интенсив тарзда, ҳар куни бўлади. Чунки бизда иккита фан бор, янаям анча қийин ва мураккаб.
Президент мактаблари билан ҳам шартномам бор. Эрталаблари онлайн тарзда улар билан машғулот олиб бораман. Офлайн дарсларим 15:00-21:00 оралиғида бўлиб ўтади.
Дастурчилик билан эса бўш вақтларимда шуғулланаман. Масалан, эрталаб дарсимни ўтсам, учгача бўлган вақт орасида дастурчилик билан шуғулланаман. Кўпинча дарсдан кейин келиб ҳам максимал ишлашга ҳаракат қиламан.
Лекин улгурмаслик муаммоси катта. Кўп нарсаларга қизиқаман. Ўзим яқинда автоэлектика курсини тугатиб чиқдим. Ҳозирда электроника соҳасини чуқурроқ ўрганишни бошлаганман.
Олий мақсадим — яхши мусулмон бўлиш
Оилам томонидан жуда катта маънавий қўллаб-қувватлов олганман. Дадам учталаб университетни тугатган, математик профессорлар. Ҳар шанба-якшанба кунлари бизга вақт ажратардилар. Сиёсат, технология ёки исломий тарбия бўлсин, исталган мавзуда мен улардан билим ола билардим.Эришганларимда аяжонимнинг ҳам ролларини таъкидлаб ўтишим лозим. Улар доим «Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин», «Ҳаттоки пойабзалингнинг ипи узилиб кетса ҳам, Аллоҳдан сўра» деб таъкидлаб келадилар. Булар ҳаётим давомида энг катта мотив ҳамда эришганларимнинг асл сабабчиларидир.
Келажакдаги мақсадим муҳандис бўлиш. Муҳандислар — одамларнинг оғирини енгил қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган инсонлар деб ўйлайман. Улар танланиши керак эмас. Кимдир фақат компьютер учун, кимдир тизимлар, қаттиқ қисмлар учун ишлайди деб танланмаслиги керак.
Мен ҳам умумий инжиниринг бўйича мутахассис бўлмоқчиман. Шунинг учун ҳам кўплаб илмларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Дастлабки қадамни дастурчиликда бошладим. Кейин машина соҳасида давом эттирдим ва ҳозир электроникада олиб кетяпман.
Олий мақсадим — яхши мусулмон бўлиш. Ўзим билан ўзим тинч бўладиган даражадаги яхши мусулмон.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.
Зиёда Рамазонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи: Маъмуржон Обраҳматов
Изоҳ (0)