Ўзбекистон президенти ҳукуматга пойтахт ҳокимлиги билан бир ой муддатда Тошкент шаҳрининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш орқали, уни минтақавий туристик марказга айлантириш бўйича қарор лойиҳасини Президент Администрациясига киритиш вазифасини топширди. Бу ҳақда «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президенти қарорида сўз боради.
Бунда:
- йирик кўнгилочар ва туризм объектларини (аквапарк, сафари парк, астрономия ва гул боғи) қуриш бўйича янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, уларнинг молиявий манбаини аниқлаш;
- Тошкент шаҳридаги йирик музейлар ва Ўзбек давлат циркини реконструкция қилиш, замонавий ахборот технологиялари асосида интерактив хизматларни йўлга қўйиш, музейларнинг архив фондини тартибга солиш;
- Тошкент шаҳрида 2022-2024 йилларда ташкил этиладиган маданий-кўнгилочар тадбирлар ва фестиваллар, шу жумладан, халқаро тадбирлар календарь режасини белгилаш;
- Тошкент шаҳрининг замонавий ва таниқли туристик брендини ишлаб чиқиш ва уни тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқланади.
Шавкат Мирзиёев 26 апрель кунги видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳрида хорижий туристларни камида 3 кун олиб қолиш ва «минг долларлик хизматлар пакети»ни тақдим қилиш бўйича алоҳида дастурни амалга ошириш вазифасини қўйганди. Бу орқали пойтахтда қўшимча 1 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти пайдо бўлади. Тошкент шаҳри ҳокимига пойтахтда:
- йил давомида ишлайдиган замонавий аквапарк, аттракцион, сафари гуллар, чироқлар ва бошқа мавзули парклар;
- туну-кун ишлайдиган камида 5 та гастрономик ва савдо кўчалари;
- ресторан ва меҳмонхоналар, жамоат жойларида жонли ижро концертларини йўлга қўйиш;
- очиқ осмонда шоу (дорбозлик, мусиқа ва рақс дастурлари) ва фестиваллар (гуллар, гастрономик, музқаймоқ, опера) ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилган.