2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ерости бойликларидан фойдаланиш талаб ва қоидалари 13 минг мартадан кўпроқ бузилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси давлат инспекторлари томонидан 2022 йилнинг январь—март ойлари давомида назорат остидаги корхона ва ташкилотларда 863 та давлат назорати, 2 111 та назорат-профилактика тадбири ўтказилган.
Натижада саноат, радиация хавфсизлиги талаблари ва ерости бойликларидан фойдаланиш талаб ва қоидаларининг 13 минг мартадан кўпроқ бузилиши ҳолатлари аниқланган. Текширувлар вақтида аниқланган камчиликлар юзасидан бахтсиз ҳодиса ва аварияларни олдини олиш мақсадида 9 та корхонада ишлар вақтинча тўхтатиб қўйилган.
660 нафар муҳандис-техник ва раҳбар ходимларга нисбатан маъмурний жазо чоралари қўлланилган ҳамда 518 миллион сўмдан ортиқ жарима солинган.
Назорат остидаги корхона ва ташкилотларда 2022 йилнинг 1-чораги давомида 14 та бахтсиз ҳодисага йўл қўйилган. Булардан 4 та ҳодиса оқибати ўлим билан тугаган (солиштириш учун: 2021 йилнинг шу даврида 18 та бахтсиз ҳодиса рўй берган бўлиб, уларнинг 3 таси ўлим билан тугаган).
Шунингдек, радиоактив чиқиндиларнинг аҳолига ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини бартараф қилиш ҳамда уларнинг ўз вақтида кўмилишини таъминлаш мақсадида ўрнатилган тартибда 62 дона ишлатилмаётган радиоактив ифлосланган элементлар «Республика радиоактив чиқиндиларни кўмиш пункти» давлат унитар корхонаси («РРЧКП» ДУК) томонидан кўмилиши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрида Ўзбекистонда 4 миллион тонна радиоактив чиқинди мавжудлиги маълум қилинганди. Ушбу радиоактив чиқиндилар Совет Иттифоқи даврида уран конлари фаолияти натижасида тўпланиб қолган. Бу муаммо Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд (масалан, Қозоғистонда — 240 миллион тонна).