«Ўзбекистон почтаси»нинг 2022 йилнинг биринчи чорагидаги умумий даромади 66,7 млрд сўмни ташкил этди. Бу ҳақда «Дарё»га компания молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.
Даромад йил бошидан бери 2021 йилга нисбатан деярли ўзгармаган. Ўтган йилнинг январь—март ойларида компания 65 млрд сўмдан ортиқ даромад қилган эди. Шунингдек, бу даврда харажатлар ҳам деярли ўзгармади — 48,2 млрд сўмдан 48 млрд сўмга камайди.
«Ўзбекистон почтаси» йил бошидан бери 570 млн сўм фойда кўрган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 баробарга кам. Компания 2021 йилнинг илк чорагида 2,08 млрд сўм соф фойда кўрган эди.
«Ўзбекистон почтаси» январь—март ойларига кўра 500 млн сўм солиқ тўлаган.
«Ўзбекистон почтаси» қандай компания?
Компания аҳоли, ташкилотлар ва давлат эҳтиёжларини сифатли ва ишончли почта алоқаси билан таъминлаш мақсадида тузилган ҳамда Ўзбекистонда почта алоқасининг миллий оператори ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Жамиятнинг асосий мақсади қуйидагилар ҳисобланади:
- Аҳоли, ташкилот ва давлат эҳтиёжларини сифатли ва ишончли почта алоқаси билан таъминлаш;
- Воситалар ҳамда тармоқларни замонавийлаштириш;
- Техник қайта таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- Почта алоқаси соҳасидаги жаҳон ютуқларини тизимга жорий этиш;
- Бозор ислоҳотларини янада ривожлантириш;
- Почта алоқаси хизматларининг мониторингини ўтказиш;
- Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш;
- Чет эл сармояларини жалб қилиш ва бошқалар.