Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда тез тиббий ёрдам бригадаларининг 500 дан ортиғида врач етишмаслиги, 6 мингдан ортиқ шифокорлар ўриндошлик асосида ишлаётгани қайд этилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, шу муносабат билан чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига кўра саралаш тизими жорий этилади. Янги ташкил этиладиган Call-марказ диспетчерлари шунга қараб, врач ёки фелдшердан иборат тиббий бригадаларни йўналтиради.
Хорижий тажрибада тез ёрдам фелдшери бир вақтнинг ўзида ҳайдовчи ҳисобланади. Шу боис янги ўқув йилидан тиббиёт техникумлари ва коллежларида фелдшерликка ўқиётган ёшлар бир вақтнинг ўзида ҳайдовчиликка ҳам ўргатилади. Шунингдек, кўрсатилган тиббий хизматларни беморлар томонидан холис баҳолаш орқали тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Бунда ҳар чорак якунида фаолияти беморлар томонидан яхши баҳоланган бригадалар ходимлари ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофотланади.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев беморга шошилинч ёрдам энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилишини танқид қилди
- «Бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора» — Шавкат Мирзиёев
- Ўзбекистонда 2021 йилда тез ёрдам кечикиши бўйича вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган