Фарғона вилоятининг Қува туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир нафар йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, туман ҳудудидан ўтган 4Р-112 Фарғона ҳалқаси автомобиль йўлининг 193-километрида Lacetti-Gentra автомобили ҳайдовчиси йўл-ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, қарама-қарши томонга чиқиб кетган. Оқибатда машина шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган Tracker автомобили билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида Lacetti-Gentra ҳайдовчиси ва машина ичида бўлган уч нафар йўловчи, шунингдек, Tracker ҳайдовчиси шифохонага етказилган.
Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Gentra йўловчиси шифохонада вафот этган.
Аввалроқ Тошкентда 4 та машина иштирокида ЙТҲ юз бергани, Гулистонда ҳайдовчиси ухлаб қолган Damas пиёдалар ўтиш кўпригига урилгани, Андижонда Spark билан тўқнашган Labo ағдарилиб кетгани тўғрисида хабар берилганди.