Ижтимоий тармоқларда Damas’лар олиб кетаётган юк машинаси ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, воқеа 4 май куни соат 15:30 ларда, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, Меҳнатобод қишлоғи ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида юз берган.
Ҳайдовчи Ҳ.А. MAN юк автомобилида ҳаракатланаётиб, ўзидан олдинда, светофорнинг тақиқловчи чироғида тўхтаб турган ҳайдовчи I.У. бошқарувидаги MAN юк автомобилига уланган, енгил автомобилларни ташишга мўлжалланган ярим тиркаманинг орқа томонига тўқнашган.
Шунингдек, зарб оқибатида бошқарувни йўқотиб, ўзидан олдинда бўлган яна бир ҳайдовчи А.К. бошқарувидаги Cobalt’нинг ён томонига урилган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи Ҳ.А. енгил тан жароҳати билан шифохонага мурожаат қилган. Тўқнашувда иштирок этган транспорт воситаларига ҳамда ярим тиркама устига ортилган Damas’ларнинг тўрт донасига техник шикаст етган.
Қайд этилишича, ҳозирда ушбу ЙТҲ юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.