Ўзбек жамиятида аёлнинг азизу мукаррамлиги ва уни қадрлаш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Катта-катта минбарларда хотин-қизлар шаънига шеърлар айтилади, алқовлар ўқилади. Аммо амалда бу ҳар доим ҳам ўз тасдиғини топавермайди.
Аксарият оилаларда негадир қиз фарзандларнинг истаклари тугул, илм олиши-ю, ўзлари хоҳлаган касб-ҳунар эгаси бўлишига чекловлар қўйилади. Оила аъзолари томонидан орзулари сараланиб, кези келса, кейинги тақдири ҳам танлаб берилади.
Хуллас, қон-қонимизга сингиб кетган стереотиплар сабаб ўзига нисбатан баҳоси паст, мақсадсиз, ҳаққини ва ҳаддини билмайдиган қизлар вояга етаверади.
«Дарё» 25 апрель Халқаро қиз фарзандлар кунида қиз фарзанд бўлгани учунгина орзуларидан воз кечишга мажбур бўлган аёллар билан суҳбатлашди.
Суҳбатдошларнинг илтимосига кўра уларнинг шахси ошкор қилинмади.
Биринчи аёл ҳикояси
Қиз бола ҳам одам! Унинг ҳам орзу, умидлари бор
Болалигим бошқа болалардек гоҳ хурсандчилик, гоҳ қайғу билан ўтган. Неча ёшда эдим, эслолмайман, лекин жуда кичкина эдик. Синглим иккимизга калта кўйлак кийиш, кўчада ўғил болалар билан ўйнаш тақиқланганди.Дадам келгунича уйда бўлишимиз шарт эди. У йўқ пайтлари кўчада маза қилиб ўйнардик, узоқдан кўриниши билан уйга югурардик ва овозимизни чиқармай ўтирардик.
Улғайганим сари қўйиладиган тақиқлар катталашиб борди. Ўқувчилик пайтим бирор тўгарак, қўшимча дарсга қатнашиш мумкин эмасди. Фақат онам билан бувим дадам сафардалигида билдирмай юборарди. Дадам билгач, рухсат бермасди ва «нима учун» деган саволимга фақат битта гап такрорланарди: Қиз болага керак эмас!
Болалигимдан адвокат бўлишни хоҳлардим. Азбаройи ўқишни яхши кўрганимдан китобдан бош кўтармасдим. Дарсликдаги мавзуларни ҳам ўқитувчи ўтишини кутиб ўтирмай ўқиб чиқардим.
Мактабни битирар пайтим дадам ёнига чақириб, қаерга ўқишга топширмоқчилигимни сўради. Адвокат бўлмоқчилигимни, шунинг учун академик лицейда ўқимоқчилигимни айтдим. Дадам: «Ҳамшира, шифокор, юрист бўлмайсан, қиз болага ярашмайди. Бошқа хоҳлаган касбингни танла», деди.
Тарвузим қўлтиғимдан тушиб, ҳафсалам пир бўлди. Ноилож туманимиздаги коллежнинг ҳисобчилик йўналишига ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонга ҳам бормадим, чунки менга фарқи йўқ эди.
Онам билан бувим қиз болага чеварчилик ярашади, дейишаверганидан ўқишимни дизайнер ва тикувчилик бўлимига кўчирдим. Кейин тикувчига шогирдликка тушдим. Лекин қўлимга игна олишга жуда нафратланардим...
Хаёлимда нима бўлганида ҳам коллежни яхши баҳога битириб, юристликка ўқиш фикри айланаверарди. Яхши ўқидим, аълочилар доскасида расмим турарди.
Ҳар куни дарсим 14:00 да тугарди. 14:30 да уйда бўлардим. Лекин «Нега кечикдинг, нимага бу йўлданмас, бошқасидан келдинг?» деган саволлар жонимга тегарди.
Математика ўқитувчимиз репетиторлик қиларди. Бир куни: «Дарсларимга кир, текинга ўқитаман. Коллежимиз номидан олимпиадага юборамиз» деди. Жон деб рози бўлдим.
Ўша куни қўшимча дарсдан чиқиб, соат 16:00 ларда уйга борсам, мени қиёмат кутиб турган экан. Кеч қолганимнинг сабабини айтсам: «Дарсдан келаётганингни қаердан биламан? Балки...». Шу гап ҳаммасига нуқта қўйди.
Онам билан бувим роса ялинишди, қайтиб коллежга бормадим. Яқинларим бир тийинга олмаган орзулар ортидан мен ҳам югурмай қўйдим. Ундан кейин кўп воқеалар бўлди. 2007 йили турмушга чиқдим, ўғилли бўлдим. Бироқ у оилада узоқ яшай олмай, ажрашдим. Менга аччиқ қилиб синглимни 18 ёшида узатишди. Кейин Туркияга ишлагани кетдим. Қўлимда на ҳунар, на дипломим бор, пул топишга жуда қийналдим. Бировларнинг уйида хизматчи, энага бўлиб ишладим. 12 йилдан бери шу ерларда ризқимни териб юрибман.
Худога шукр, вақт ўтиб ҳаётим уйдагиларга дарс бўлди. Икки синглим хоҳлаган ўқишига кирди. Бириси ҳозир ўз соҳаси бўйича ишлаяпти. Бошқаси ҳали 1-курс. Уйдан узоқда ижарада яшайди. Ҳеч ким еб қўйгани, ёмонотлиқ қилгани йўқ.
Ҳозир уйдагиларим менга қилганларидан қаттиқ афсусланади. Аммо сувлар оқиб кетди, энди бу гаплардан нима фойда?
Ҳозир хорижлик фуқаро билан оила қурганман. Бу ерда фарзандларни қиз ёки ўғилга ажратишмайди. Аксинча ўғил йўлини топиши осон, қизларни ўқитайлик, эртага бировнинг қўлига муҳтож бўлмасин, дейди. Шунинг учун бутунлай Туркияда қолишга қарор қилдим. Қизлар қиз болалиги учун камситилмаслигини, у ҳам одам, унинг ҳам орзу ниятлари борлигини тушунадиган жамиятда яшашни истайман.
Иккинчи аёл ҳикояси
Аёл бўлиб туғилганим учун ҳаётимда кўп қурбонликлар қилишга тўғри келди
Намангандаги қишлоқлардан бирида русийзабон оилада вояга етганман. Ота-онам жуда тартибли, талабчан ва қаттиққўл инсонлар эди. Ҳар бир ишимизни хатосиз бажаришни талаб этишарди.Икки опам ва акам университетда ўқирди. Оиламизда моддий етишмовчиликлар секин-аста билина бошлади. Саккиз ёшимда кўчага стол чиқариб, майда-чуйда нарсалар сотишни бошладим. Бир йил ўтиб, бу дўконга айланди. Бу орада дадам қўшимча икки гектар ер олди. Опам иккимиз пахта ва ғўза мавсумида даладан чиқмай, тинмай ишлардик.
10 ёшимда дадам вафот этди ва онажоним 48 ёшида олти фарзанд билан бева қолди.
14 ёшга тўлганимда Тошкентга келдим. Бу вақтда акам ишлар, опам талаба эди. Ойим акамга: «Энди синглингга ўзинг бош бўласан! Ўқитасан!» деб қолдириб кетдилар. Ўша кундан бошлаб акам: «Қиз болага у мумкинмас, бу хато» дея кўп ишлардан чеклай бошлади.
Тақиқлар сабаб кўп имкониятлардан воз кечишимга тўғри келди. Масалан, 14 ёшимда стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионатида иккинчи ўринни эгалладим ва кейинги мусобақаларга рухсат берилмади.
Талабалик пайтим Бирлашган Араб Амирликлари ва Эронга ўқиш учун тўлиқ грант ютдим, лекин яна рухсат берилмади. 21 ёшимда Россияга магистратурага ўқишга кирдим, барибир рози бўлишмади.
23 ёшимда Россиядан йирик лойиҳа, яхши маоши бор ишдан таклиф келди, аммо... Қулоғим остида яна ўша гап жаранглади: «Қиз боласан! Турмушга чиқиб, эринг билан хоҳлаган жойингга бораверасан».
Оила қурдим. Ишга жойлашдим. Ишхонамдан Туркияга хизмат сафарига юборишаётганида эса бу сафар турмуш ўртоғим рухсат бермади. Хуллас, аёл бўлиб туғилганим учун ушалиб турган орзуларимдан воз кечишга, қурбонликлар қилишга тўғри келди...
Учинчи аёл ҳикояси
Қиз болага бир дунё чеклов қўйиб, ундан эркаклар каби даромад ва муваффақият кутиш тушунарсиз
Нафақат қиз бола бўлганим, балки ота-онам ажрашгани учун ҳам болалигим оғир ўтган. Бўш вақтимизда укамга кўчага чиқиб ўйнашга рухсат бериларди, менга эса йўқ. «Қиз боласан, уйда ўтириб ишингни қил», дерди бувим.Мактабни битираётиб, инглиз тили ўқитувчиси, таржимон, стюардесса ёки адвокат, келгусида прокурор бўлишни хоҳлашимни айтганимда: «Бу қиз болага тўғри келмайди», деб рухсат беришмаган. Фақат инглиз тили ўқитувчиси бўлиш шарти билан академик лицейига киришимга рози бўлишган.
Лицейнинг охирги йиллари университетга кириш масаласи турарди. Шартномага илинсам, ўқимаслигим аниқ. Буни жуда яхши билганим учун бюджетга кира олишим мумкин бўлган ўқишларни суриштирганман. Оилавий келишувимиз бўйича Жаҳон тиллари университетида таҳсилни давом эттиришим керак эди.
Лекин курсдошларим бошқа-бошқа соҳаларга топшираётганини кўриб, дипломатия йўналишида ўқигим келган. Уйдагилар: «Қиз бола чет элма-чет эл юрмайди, кимга эрга тегасан кейин?», деб рад этишган.
Орзуларимни секин юрагимга кўмганман-да, Жаҳон тиллари университетига топширганман ва грант асосида ўқишга қабул қилинганман. Лекин илк кунданоқ дарслар умуман ёқмаган.
Биринчи кун «То be» мавзусини ўтганимизда уйга бориб роса йиғлаганман. «Шунча йил қаттиқ тайёрландим, ўқишга кириш учун грамматикани ёдладим. Энди яна нолдан бошлайманми, тўрт йил умрим беҳуда ўтадими?» деб хафа бўлганман.
2-босқичдалигимда иккинчи чет тили сифатида немис тили берилган. Лицейда ҳам кучли ўқитилгани учун бу борада билимим яхши эди. 3-босқичда DAAD талабалар алмашинув дастури учун Германияга грантлар эълон қилганини кўриб, юрагимга ўт тушди. Гарчи кичиклигимдан бошлаб «қиз бола чет элга бормайди, эрга теггандан кейин эринг билан борасан» деб кўп қулоғимга қуйишган бўлишса-да, юрак ютиб айтдим.
«Тўлиқ қопланадиган грант экан, стипендия ҳам берилади, кўп эмас, бир йилгина Германияда ўқиб келаман» дедим ва доимгидек «йўқ, қиз болага пишириб қўйибдими? Биров қўлингдан тортиб кетса нима қиласан? Чет элга бориб келган қизни яхши қиз дейишмайди» деган гапларни эшитиб, яна чекинганман. Тўрт йил давомида кўп курсдошларим чет элга чиқиб келди, мен эса ҳужжат топширишга ҳам ўзимни ҳақсиз ҳисоблар ва ўксинардим. Оиламдан ташқари ўқитувчиларим орасида ҳам мизогиния (аёлларга нисбатан паст назарда бўлиш) урчиган эди.
Эсимда, инглиз адабиёти ўқитувчимиз: «Қиз бола кучли бўлмаслиги керак, эркаклар кучли аёллар билан бир умр яшамайди. Ҳавас қилиши мумкин, дўст бўлиши мумкин, лекин турмуш ўртоқ сифатида танламайди. Аёл киши устунроқ бўлса (муваффақиятга эришса, кўпроқ пул топса, бирор лавозимга ўтирса), бу эркак кишининг нафсониятига тегади. Бахтли аёл бўлишни истаган қиз доим пастроқда туради» деганди.
Негадир шу гаплар миямга қаттиқ муҳрланган. Шу сабаб бир умр ўқитувчи бўлишни режа қилдим ва бошқа орзуларга чек қўйдим.
(Ҳозир қаттиқ афсусланаман. Шахс сифатида ривожланишни, ўз устимда ишлашни, бошқа соҳаларда ҳам билимларга эга бўлишни кеч бошлаганимдан пушаймонман.)
Университетни битиргач, ЎзДЖТУ қошидаги 2-сонли академик лицейга ишга кирдим. Соҳамни яхши билганим учун ҳаммаси текис кетди.
Энди навбат оила қуришга дейишди. Ўқимишли болага турмушга чиқишни хоҳлашимни айтсам, талабим нотўғри эканини, «ўзимча ўқишга кириб, бошқаларни менсимай қолганимни» айтиб, танбеҳ беришарди. Ҳатто магистратурага кирганимда ҳам хурсанд бўлиш ўрнига уришишган.
Шунинг учун ҳаётда каттароқ ютуққа эришган онларимда ҳам тўлиқ бахтни ҳис қилолмаганман. Ҳар сафар дипломатия университети олдидан ўтсам ёки форма кийган қиз-аёлларни кўрсам юрагим оғринади.
Баъзида шунча ўқиб, нега вазирликларда ишламаётганим, бошқалар у ерда ишлаб, катта пул топишини айтишади ва «бекор ўқитибмиз» дейишади. «Ўзинглар фақат ўқитувчи бўлишим, шомдан кейин кўчада юрмаслигим, эртароқ уйга қайтишимни айтгансизлар-ку» десам ранжишади. Оғир. Қиз болага бир дунё чеклов қўйиб, уни муваффақиятли эркаклар билан бир хил даромад топиши ва юқори амалларда ўтиришини талаб қилишлари тушунарсиз.
Ота-оналарга қизларини хоҳишларини инобатга олишларини, ривожланишига имкон беришларини, ҳадеб чеклов қўявермасликларини тилаган бўлардим.
Ҳаммасини эслаб кўнглим чўкиб қолди...
Ҳозир таржимонман, жуда кўплаб лойиҳаларда ишлайман. Лекин уй, машина олиш, чет элга саёҳатга чиқишга ҳалигача тақиқлар бор... Улғайсам-да, барибир бу босимларни енгиб ўта олмаяпман.
Тўртинчи аёл ҳикояси
Қизларингизни келажакка тайёрланг, эрга тегиши учун эмас
Болалигим жуда чиройли ўтган. Ўзига тўқ оилалардан эдик. Совет даврида тадбиркорлик қилиш мумкин бўлмаса-да, дадам катта уйнинг ертўласида пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси очганди.Онам ниманики сўрасам, барини муҳайё қиларди. Ҳадеб китоб сўрайверганимдан ўша вақтдаги базага олиб бориб, бўлди, бас демагунимча китоб сотиб олардик.
Мендан кейин уч укам туғилган. Феъл-атвор тарафдан бутунлай бўлак олам эдик.
14 ёшимда дадам кашта урадиган иккита тикув машинаси олиб бериб, ҳунар ўрганишимни айтди. Мендан нимани сўрашса, ўшани астойдил бажарардим. Мен тиккан зарчопонлар нақши ҳеч кимникига ўхшамасди, янгидан янги нақшлар ўйлаб топганим учун бозори чаққон эди. Балки, шунгадир 8-синфданоқ совчилар эшик тақиллатиб келаверишган.
«Ҳали ўқишим керак, институтга кираман», десам, дадам ойим орқали: «Шартномангга тўлайдиган пулимиз йўқ!» дердилар. 18 га тўлибоқ турмушга чиқишим керак эди. Мен эса 16 ёшимда олийгоҳга ҳужжат топшириб, грантга кирганман. Раҳматли ота-онам эса бунга ҳечам ишонишмаган.
Дадам қаршилик қилса-да, ойим албатта имкон берарди. «Майли, қўйинг, холасиникига бормоқчи экан. Дам олиб келади. Ўқишга топширса ҳам ўтолмайди. Кимнинг кўзи учиб турибди буни магистратурага олишга?!», — дердилар аста.
Магистратурага ҳам грантга кирдим. Тошкент ривожланишим учун кенг имкониятларни берди. Вақтим кутубхона, Британия консуллиги, АҚШ элчихонаси клубларида ўтар, кечқурунлари репетиторлик қилиб пул топардим. Жаҳон тиллари университетида ҳам дарс берардим. Магистратуранинг 2-курси ўрталарида Мудофаа вазирлигидан битирувчиларни ишга таклиф қилишди.
Юзлаб йигитлар қатори мен ҳам имтиҳон топширдим ва муваффақиятли ўтдим. Вазир билан бўладиган суҳбатга ҳам кириб чиқдим. Дадамга тушунтираман, албатта, рози бўлади деб ўйлагандим.
Афсуски, уч кун ўтиб, дадамнинг вафот этганлари хабари келди. 22 ёш эдим. Магистратуранинг охирги кунлари, диссертация ҳимояси пайти, камига суҳбатдан ўтиб ишга киргандим. Кўзимга ҳеч нима кўринмай Бухорога кетдим. Дадамнинг маърака-маросимлари ўтгач, билсам, инон-ихтиёримиз катта амакимга ўтган экан. Энди оиламизда у кишининг айтгани бўларди.
«Нимага қизинг 22 ёш бўлса ҳам турмушга бермаяпсан? Уни ўқиши кимга керак? Агар тенгдошлари қатори вақтида оила қурганида укам 1-2 невара кўрармиди? Фарзандларининг тўйини кўролмай кетди» деб ойимга тинмай танбеҳ берарди. Онам ҳам унга дадамга тушунтиргандек тушунтиролмасди.
Ҳарбий соҳадаги ишимга қаршилик қилди, мени ҳатто Тошкентдан бутунлай қайтариб келмоқчи бўлдилар. Бироқ фақат университетда ишлашимни айтиб, уларни Тошкентда қолишимга кўндирдим.
Бу воқеалардан олдин бир гал халқаро дастур доирасида АҚШга кетмоқчи бўлганимда ойим рози эмасман, деб йиғлаганди.
Шундай қилиб турмуш қурсанг, кейин четга ҳам чиқасан деган ёлғонлар билан оила қурдим. Лекин турмуш ўртоғим дадамдан ҳам қаттиққўлроқ чиқди. Ҳаммасига чидадим. Онам: «Ажрашишни хаёлингга келтирма! Бизнинг оилада ажрашган аёллар йўқ. Эр наркоман, алкаш ёки баччабоз бўлсагина ажрашишади. Ҳатто иккинчи хотин олса ҳам чидайсан», дердилар.
Эрим ичмасди, тарбияли, лекин қаттиққўл эди. «Шим киймайсан, соч кесмайсан, университетда ишламайсан, онамнинг хизматида бўлиш биринчи вазифанг» деб қўйганди.
34 ёшга тўлгунимча хорижий мамлакатларда ўқиш имкониятим бўлса-да, эрим рухсат бермасди. Белгиланган қонунга кўра 34 ёшгача виза (овир) учун унинг розилиги керак эди.
Бир сафар халқаро лойиҳа координатори сифатида Италияга боришимга тўғри келди. Рухсат сўрасам, яна рад этилди. Ўшанда қўрқмасдан «Ажрашаман!» дедим. Вақтлар ўтиб англадимки, шу пайтгача эримнинг эмас, онамнинг гапларидан қўрқиб ҳаммасига сабр қилган эканман. Энди менга танбеҳ берадиган онам ҳам йўқ эди... Ажрашишга ариза бериш учун руҳан тайёр турдим.
Эрим эса мени йўқотишидан қўрқса-да, ажрашишга мажбурлигини айтди. Кейин ўртага укам тушди. «Бир-биримизнинг орзуларимизни тушунишимиз керак. Бунинг учун оилани қурбон қилиш ярамайди», деб тушунтирди.
Эрим қайнисини жуда ҳурмат қиларди. Эркаклар ўзаро гаплашиб олгач, хорижий сафарларимга ҳам рухсат берилди.
Биласизми, ўқиб юрган кезларим қариндош-уруғларимиз қизларини 16–18 ёшда турмушга узатишарди. Онамга: «Нега қизингни бунча ўқитасан, профессор бўлармиди?» — деб танбеҳ беришарди. Мана, вақт ўтиб ҳаёт ўша қизларнинг кўпини Россияда муҳожирга айлантирди.
Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, илм олиб, муваффақиятларга эришсам-да, оиламда ўз вазифаларим, ҳаддимни биламан. Мен учун оила ва фарзандларим биринчи ўринда. Болаларим мендан-да илмли бўлишларини истайман ва бунга қаттиқ ҳаракат қиламан.
Аллоҳга шукр, қизим IELTS’дан 7,5 балл тўплаб, грант асосида ўқишга кирди. Ўғлим 11 ёш бўлса-да, инглиз, рус, тожик, тилларини билади ва математикани яхши кўради, аълочилигидан фахрланаман.
Қизининг бахти, келажагини фақат турмушга узатишда деб яшаётган ота-оналарга илтимосим: қизларингизга ишонинг, уларни ўқитинг. Ўқимишли қизлар бошқа тенгдошларига нисбатан мустақил, қийинчиликларга бардошли бўлади. Ҳар нарсага осон енгилиб қолмайди. Чунки илм инсоннинг нафақат ақлини, балки руҳиятини ҳам тарбиялаб боради. Қолаверса, кўп оилалардаги низо-жанжаллар, ажрашишлар моддий етишмовчиликдан келиб чиқмоқда. Шундай вазиятларда илмли аёл рўзғорнинг бир тиргаги бўлиб, муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшади.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Изоҳ (0)