Йўл белгиларининг техникавий шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда 18 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ ЖХД ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Эрали Бозоровнинг айтишича, Ўзбекистондаги йўл белгиларини замонавий стандартларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилади.
«Ҳозирда йўл белгилари бўйича давлат стандартлари ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, йўл белгилари техникавий шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Жумладан, йўл белгиларининг замонавийлигига, ёруғлик қайтарувчанлиги ва узоқдан кўринишига жиддий талаблар киритилмоқда. Бугунги кунда бу лойиҳа салкам тайёр ҳолатда. Тез кунда Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказсак, бемалол оммага тақдим қилишимиз мумкин», – деди ЙҲХХ раҳбари ўринбосари.
Таъкидланишича, келажакда барча йўл белгилари янги давлат стандарти асосида қайта кўриб чиқилади ва алмаштирилади.
Аввалроқ Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ чорраҳа светофор билан жиҳозланмагани, йўл белгилари етишмаслиги хабар қилинганди. Шунингдек, республикада йўл белгиларини ишлаб чиқишда «Автойўл» монополияси бекор қилингани билдирилган.
Изоҳ (0)