Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров «Дарё» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон солиқ тизимидаги бир қатор муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталиб ўтди.
«Янги Солиқ кодекси тадбиркорлик тизимини тескари ўгириб қўйди»
Иқтисодчининг айтишича, тизимдаги муаммолардан бири қўшилган қиймат солиғидаги чалкашлик билан боғлиқ.
«2019 йилда қабул қилинган Солиқ кодексининг энг катта камчиликларидан бири – унгача юзага келган тадбиркорлик тизимини бутунлай тескари томонга ўгириб қўйганида. Яъни янги қонунгача юзага келган тадбиркорлик тизимида кичик ва ўрта корхоналар ўзининг «обороти»га эмас, ишчилари сонига қараб айланма маблағидан 5 фоиз солиқ тўлар эди. Бошқа солиқ тўланмасди. Янги Солиқ кодекси билан эса агар айланма маблағингиз 1 миллиард сўмдан ошса, умумий солиқлар тўлайсиз. Яъни ўша пайтда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 20 фоиз эди. Кейин 15 фоизга тушурилди.
ҚҚС кичик ва ўрта бизнес учун маҳсулот таннархига қўшилган 20 фоиз устама бўлди аслида. У даромад солиғи эмас, «оборот» солиғи бўлиб қолди. Йўқ, «буни фуқаролар тўлайди», дейишди. Ҳа, улар қаердан олиб тўларди, чўнтагидан тўлайдида! 20 фоиз қиммат бўлган нарсани қандай тўлайди? Истеъмолчи иложсиз: «бўлди, буни олишга пулим етмас экан, бошқа жойдан арзонини топаман ёки бўлмаса сабр қилиб тураман», дейди. Оқибатда аҳолининг тўлов қобилияти тушиб бормоқда. Бунга сабаб маҳсулот таннархида фискал омиллар — солиқлар ва кредитлар роли кескин ортди. Биз ўша-ўша маҳсулотни истеъмол қиляпмиз, лекин унинг таннархида «ўтирган» солиқлар ва кредитлар нархи жуда юқори.
Солиқдаги асосий муаммолардан бири — айланма маблағ солиқларига (ҚҚС, ресурс солиқлари ва бошқа) катта эътибор берилиб, улар бугунги кунда маҳсулот таннархига ва нархига жуда катта таъсир кўрсатяпти. Бу соҳада энг катта таъсир кичик ва ўрта бизнесга бўлмоқда. Улар маҳсулотини 15 фоиз устама қўйиб сотишга мажбур», — деди иқтисодчи.«Бойлар эмас, камбағал ва ўрта қатлам солиқ тўламоқда»
Абдулла Абдуқодировнинг таъкидлашича, иккинчи масала солиқ тўлаш ҳамма учун баробар эмаслиги билан боғлиқ.
«Айтайлик, умумий иқтисодиётда 40 триллион сўм солиқ тўланадиган бўлса, шунинг 80 фоизи турли имтиёзларга сарфланади, яъни 32 триллион сўмни ҳеч ким тўламайди. Қолган 20 фоизини бошқалар тўлаяпти. Яъни ўзига катта миқдордаги имтиёзлар олаётганлар кимлар — ўша сиз билан биз айтаётган давлат монополиялари ва давлатга яқин бўлган турли структуралар. Уларга фақат ҚҚСдан эмас, ер, мулк, даромад, фойда солиғидан ҳам юзлаб имтиёзлар берилган. Энг муҳими, бу имтиёзлар парламент томонидан ёки қонунчилик асосида эмас, баъзан Вазирлар Маҳкамаси қарори ёки фармойишлари билан берилган. Бу умуман ноқонуний ишлар.
Ўзбекистонда 42 фоиздан ортиқ даромад солиғини ўртача ойлиги 2 миллион сўмгача бўлган одамлар, яъни камбағаллар тўлаяпти. Бойлар ўзига имтиёзлар олиб солиқ тўламаяпти, асосий солиқни эса камбағаллар ва ўрта қатлам тўламоқда», — деди иқтисодчи.
«Солиқ администрацияси мураккаблаштирилмоқда»
Шунингдек, Абдулла Абдуқодиров солиқ администрацияси мураккаблашиб бораётгани, солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг қийинлашишига олиб келаётганини айтди.
«Рақамлаштириш ниқоби остида солиқни ҳисоблаш ва тўлаш борган сари мураккаблаштириляпти. Ҳаммада ҳам компьютер йўқ ва уни жуда яхши ишлатадиган ходимлар кам. Бу компьютерлардаги дастурларнинг ишлаш сифати жуда паст даражада. Кейин интернетдаги муаммолар туфайли у дастурлар доим бир хил ишламайди. Қандай қилиб бундай шароитда рақамлаштириш ҳақида айтишимиз мумкин? Олдин интернет тезлигини оширайлик. Аввал халқни компьютер ва рақамлаштириш соҳасидаги умумий билим даражасини ошириб қўяйлик. Кейин талаб қилсак, солиқ соҳасига буни киритсак бўлади. Қандай қилиб, халқни қўлига қурол бермасдан туриб буни талаб қилиш мумкин», — деди у.
«Солиқларни пасайтириб, ҳисоблашни осонлаштириш зарур»
Иқтисодчининг айтишича, аввало, кичик ва ўрта бизнес масаласини бутунлай қайта кўриб чиқиш зарур. Бу соҳада солиқлар миқдорини пасайтириб, соддалаштириш керак.
«Солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш кичик бизнес учун жуда осон бўлиши лозим. Бу энг муҳим йўналиш. Мазкур соҳада биринчи қиладиган ишимиз — умумсолиқ тўлаш чегарасини 1 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга кўпайтириш. Бу энг содда ва биринчи қадам бўлади. Шунинг ўзида кўрасиз иқтисодиётимиз бирданига ривожланиб кетади. Солиқ йиғиш ҳажми ҳам, солиқ тўловчилар сони ҳам кўпаяди. Буни аниқ биламан. Шундай тажрибанинг натижаси яхши бўлишини Грузия, Болиқбўйи ва бошқа мамлакатлар мисолида кўришимиз мумкин.
Мавзуга доир: «Монополистлар бойиб бормоқда» – иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров билан жамиятдаги табақалашув муаммолари ҳақида суҳбат
Интернет маданияти йўқ бўлган жойда қандай қилиб рақамлаштириш ҳақида гапириш мумкин? Солиқларни рақамлаштириш ишида асосан шаҳарлардаги аҳоли қатнашади. Қишлоқ аҳолиси жараёнда қатнашмаяпти. Бу иқтисодиётимизнинг ярми рақамлаштиришда қатнашмаётгани ва яширин иқтисодиётга ўтиб кетганини англатади. Ҳаммасини кўриб-билиб туришибди. Лекин
чиройли гапларни гапиришимиз, чиройли рақамларни келтиришимиз, ўзимизни алдашимиз керак», — деди Абдулла Абдуқодиров.
Изоҳ (0)