Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётини ёритишда давом этади. Бу галги қаҳрамонимиз — умрининг ярмини Россия Федерацияси, Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби, Дубай ва Шаржа шаҳарларида ўтказган бухоролик аёл.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Бекатда ҳассасига суяниб, нигоҳларини бир нуқтага қадаганча нималарнидир ўйлаб ўтирган аёл эътиборимни тортди. Тикилган сари қаердадир кўргандек бўлавердим. «Йўғ-э, у эмасдир» дедим иккиланиб. Эътиборимни сезди, чамаси, оғир нигоҳларини ердан кўтариб, мен томон секин бошини бурди. Қаради-ю, кўзлари ёниб, ўрнидан сапчиб туришга чоғланди. Лекин ҳассаси халал берди. Исмимни айтиб, ўрнидан қўзғалишга уринди. Шоша-пиша олдига бордим.

Бағирлашиб кўришдик. Лазиза. 1975 йилда туғилган. Бирга улғайганмиз. 8-синфни тугатар-тугатмас, 16 ёшида — 1991 йили онаси билан Россияга кетганди. 4 йилдан кейин, 20 ёшида Бухорога яна қайтганди. Орада бир том остида бирга ишладик. 1997 йили Бирлашган Араб Амирликларига жўнаганди.

Бухоро шаҳридаги кафелардан бирига кирдик ва бир пиёла чой устида суҳбат қурдик. Шу ерда дугонамнинг узундан узоқ ҳикоясини тингладим.

«Онам мени ‘босс’имга сотди»

1991 йили отам вафот этгач, 16 ёшимда амакию аммаларим силтовидан безиб, онам қийин-қистовга олиб, мени ҳам ёнига қўшиб, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига олиб кетди. Тўғриси, у ёқларга мутлақо бўлак олам тасаввурлари билан боргандим. Яхши яшаш, тўқ-фаровон ҳаёт, кам-кўстлардан йироқ турмуш кечираман деб хаёл қилибман-а... Афсуски, Россияда мени орзумдаги дунё эмас, серташвиш, оғир кунлар қарши олди.

Илк кунларни совуқ, каталакдек тор, ташландиқ хоналарда ўтказдик. Кейинчалик бизни ишга ёллаган рус аёлининг хонадонига кўчдик. Ҳашаматли ҳовлисининг ертўласига жойлашдик. Ҳарқалай, олдинги қўнимгоҳимиздан анча яхши эди.

Бироқ шундоқ ён эшикда уй эгасининг чўчқалари боқиларди. Кундузлари унинг чўчқаларини боқсак, тунлари эркаг-у аёллардан иборат 10—15 киши ўзимизга ажратилган хонанинг бир четида ганж қориб, девор безаклари тайёрлардик. Кўп чарчардим. Онамга қўшилиб, мен ҳам тўйиб овқатланмас, иссиққина, қуёшли юртимни, дугоналарим, пўстин тўнга ўралиб, яқинларим билан бир сандал атрофида тунни тонгга улаганларимни эслаб йиғлардим.

Кўз олдимда 30 ёшлардаги «босс»имиз (бошлиғимизни шундай аташарди) кимдир ухлаб қолган бўлса ёки бемаврид дам олаётган бўлса, роса калтакларди. Ёши катталар ҳам бор эди калтакланганлар орасида. Онамга ҳам кўп озор берарди. Менинг эса кўзларимни уйқусизлик, жисмимни умидсизлик емира бошлади. Ухлаб қолган кезларим ҳам бўлган. «Ертўладош»ларим орасида энг ёши, яна қиз бола бўлганим учунми, «босс»имиз менга негадир қўпол гапирмасди.

Бир куни тонгда кўзимни очсам, ёнимда «босс»имиз турибди. Ҳарчанд уринмай, қаршиликларим зое кетди... Афсуски, иккимизнинг қийналиб яшашимиздан чарчаган онам қизини унга пуллаган экан. Энди мен учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаганди. Онамдан нафратланишимни бетига сочиб ташласам ҳам бефойда эди. Тақдирга тан бердим: ертўладошлар-у онам билан бир хонада яшар, фақатгина бир парда ортида, ҳар оқшом «босс»имизга тортиқ этилавердим.

Аста-секин юзларимдаги қизиллик ўрнини шартакилик, бетгачопарлик эгаллади. Ҳаммасидан чарчагандим. Оғир ва ёқимсиз меҳнатдан ҳам, онамнинг хархашалари-ю, «босс»имизнинг зўравонликларидан ҳам. Бундай жирканч ва аянчли аҳволда яшай олмасдим. Қозоғистонлик бир аёл хонадошимизнинг кўмаги билан ертўладаги ҳаётдан қочдим. Орзуларимдан, келинлик ҳақидаги ўйларимдан айирган зулмат гўшадан олисладим. Мени онамнинг излашлари ҳам мутлақо қизиқтирмасди.

«Ертўладан ертўлага: аянчли кунлар тугамаган экан»

Санкт-Петербургдан Якутск шаҳрига келдим. Бу гал йўлларим ҳаво ҳарорати илиқроқ шаҳарга туташганидан хурсанд эдим. Қирғизистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар билан пар ёстиқ тикув фабрикасида ишлай бошладим. Ёстиқ жилдларига тайёр патларни солиб тикардик.

Бир қараганда қилаётган ишим енгилдек кўринса-да, аслида патлар чангидан бўғилардик. Орадан икки йилча ўтиб, ҳаммаёғимни аллергик тошмалар босди. Қичиш ва ачишиш аъзойи баданимни емира бошлади. Тирмаланаверганидан қонталаш бўлган юз ва қўлларимдан атрофимдагиларнинг ҳам беҳузур бўлаётганини сезиб турардим. Иш бошқарувчи Артемий бу ҳолда узоқ ишлай олмаслигимни билдириб, ишдан бўшатди. Унинг учун энди қаёққа боришим, қандай кун кўришим қизиқ эмасди. Илтимосларим кор бермади.

Аммо яхши одамлар ҳам бор эди. Улар мени иш бошқарувчидан яширин равишда бир неча ҳафта қоровулхона ёнидаги омборхонада сақлашди. Қоп-қоронғи омборхона қанчалик юрагимда ваҳима уйғотмасин, сал-пал тузалгунимгача шу ерда тунашга мажбур эдим.

Хитойлик Си исмли бир аёл турли малҳам ва гиёҳлар билан билганича даволаб кетарди. Бир куни қоровуллардан бири хитойлик аёлнинг яширинча омборхонага кириб-чиқаётганини кўриб қолибди. Артемийга хабар берибди. Артемий менга қўшиб хитойлик аёлни ҳам қаттиқ жазолади: хаста ҳолимга парво қилмай иккимизни уриб-тепиб, кўчага улоқтирди...

Пар ёстиққа ёзилган хат

Ҳарқалай, Сининг бошпанаси бор экан. Мени ҳам ижара уйига олиб кетди. Бир хонада 30 га яқин хитойлик яшаркан. Хона бижғиб кетган. Ивирсиқ аҳволда. Егуликлари эса таъбни хира қилади. Шифтгача устма-уст ўрнатилган каравотларни кўриб, ҳайратга тушдим. Аммо у мени шундай шароитда ҳам даволади. Меҳр кўрсатди. Унинг «ғамхўрлиги»ни қайтариш учун айтганларини сўзсиз бажаравердим.

Хитойлик муҳожирларнинг нафақат кир-чири, яна оёқларигача ювишга мажбур эдим. Бу орада тўлиқ даволандим ва тузалдим. Афсуски, Си ҳам мени хитойлик муҳожирларга пуллади. Аллақачон одам савдоси қурбонига айланиб бўлгандим. Хитойликлардан шу қадар жиркансам-да, шу ҳаёт тарзида яшашга кўникиб ҳам қолгандим.

Онам билан Ўзбекистондан паспорт эмас, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома билан чиқиб келганим учун ҳужжатсиз, яшириниб яшашга мажбур эдим. Ич-ичимда: «Кўпроқ пул топсам, бу ерлардан Ўзбекистонга барибир қочиб кетаман» деган мақсад бор эди.

Орадан олти-етти ойча вақт ўтгач, хитойликлар ин қурган хонадон дарвозаси қаттиқ тақиллади. Уйда бир ўзим куймаланиб юргандим. Дарвозани очсам, қаршимда мен ва Сини уриб-тепиб ҳайдаган пар ёстиқ тикув фабрикаси иш бошқарувчиси — Артемий турарди. Қўлида бир хат. Менга тутқазди.

Ишонасанми, ўзимгагина таниш хатни ўқирканман, йиғлаб юбордим. Унда 16 ёшимда отам вафотидан сўнг Россияга келиб, бир «босс»га онам томонидан сотиб юборилганим, Якутсккача келгунча чеккан азобларим ва пар ёстиқ фабрикасидагина одамдек кун кўраётганим — ҳамма-ҳамма воқеани ёзгандим. Хатимнинг охирида «Мабодо, муҳожирликда, сарсон-саргардонликда бир кун ўлиб кетсам, буни, албатта, онамга етказинглар. Нима бўлгандаям, онам мени дунёга келтирган ва яхши яшашим учунгина шу йўлни танлаган» дея ўзимнинг суратим ва онамнинг Санк-Петербургдаги манзили, суратини хатга ўраб, пар ёстиқ жилдларидан бирининг ичига яширинча тиқиб қўйгандим.

Артемий Си яшайдиган хонадонни аввалдан билган ва шу хат туфайлигина тақдиримга ачиниб, излаб келган экан. Шунда гарчи мени илгари тушунмай, оғир кунларни бошимга солган бўлса-да, биргина хат орқали одамийлиги уйғонибди. Унга ҳурматим ошди.

Уят бўлса-да, хитойлик муҳожирлар билан тан савдоси орқали тирикчилик қилаётганимни оқизмай-томизмай йиғлаб айтиб бердим. Артемий барбод бўлган ҳаётим учун ўзини ҳам айбдор ҳис қилаётганини айтиб, кечирим сўради. Ўзи билан олиб кетишини айтди. Рози бўлдим. Яна пар ёстиқ фабрикасида ишлай бошладим. Саломатлигимдан тез-тез хабар олиб турди. Яхшигина маош тўлади.

Бойлик орттиришимга қарамай, Ўзбекистонга қайтдим

Кўп ўтмай, Артемий билан бирга яшай бошладик. Бу орада онамни ҳам Санкт-Петербургдан чақиртирди. Ҳолимизни анча тикладик. Ўзбекистонга қайтсам, машина ва уй олишга қурбим етадиган даражада пул, бойлик орттирдим. Россиядаги ҳаёт қанчалик тўкин бўлмасин, ортимга — юртимга қайтгим келаверарди.

Бир куни лаш-лушларимни йиғиштириб, онамнинг қаршилигига қарамай, автобусда Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. Онамдан Ўзбекистонга етгунимгача Артемийга айтмаслигини ялиниб-ёлвориб сўрадим. Қозоғистон—Ўзбекистон чегарасида ит азобини тортганимни яширмайман. Чегарада қозоқ милициялари автобусдаги йўловчиларни худди қароқчилардек талади. Юкимиз-у пулларимизнинг ярмидан ортиғини муттаҳамдек юлқиди. 2—3 кунлаб чегараларда сарсон юрдик. Ўзбекистон чегарасига ўтганимиздагина таскин топдим. Онам ҳам орадан бир ойча вақт ўтгач, уйга қайтди.

«Юртда ҳам ташвиш-қийинчиликлар кутиб турган экан»

Эҳ-ҳе, юртга қайтгач, яна машаққатлар бошланди — фуқаролик паспортини олиш учун турли ташкилот, идоралар эшигида сарғайдим, милиционерларнинг силтов ва камситишларига чидадим. Россиянинг совуқ ертўлаларида чок-чокидан сўкилган ҳаётим олдида бу синовлар чақадек гап эди.

1995 йил. Расман Ўзбекистон фуқаролиги паспортини қўлимга олгунимча уловнинг пули кетди-ёв. Амал-тақал қилиб, бир хонали уй олдик. Мен ва онамнинг хориждаги ҳаётини у-бу муҳожир бўлган маҳалладошларимиздан эшитган қариндошларимиз масофа сақлашди.

Холаларим саломимга алик ҳам олишмади. Тоғам хорижда қизини пуллаган опаси — онамни дўппослади. Мени ҳам калтаклади. Қаршилик кўрсатмадим. Фақат қонталаш лабларим билан пичирлаб: «Аммаларим қўлида хор бўлганимизда қаерда эдингиз?! Остонамиздан чиқинг ва қайтиб кирманг! Сиздай қариндошим йўқ!», — дедим. Яқин қариндошларнинг сендан юз ўгириши одамни адо қиларкан.

Билсанг, ўшанда бир муддат сизлар билан оз муддат ишлаб, кўнглим сал таскин топарди. Бир гапириб, ўн куладиган мендек қизнинг ҳаёти аслида фожиали эканини ҳеч бирингиз ўйлаб ҳам кўрмасдингиз.

«Ярим танаси куйган онам бешикдаги боламни қутқаришга улгурди»

Кўп ўтмай, тақдирим ўзимдан 20 ёш катта одам билан боғланди. У бор кечмишимни тинглади ва ҳеч иккиланмай уйланди. Иккинчи хотин бўлсам-да, мен учун армон бўлган – оппоқ кўйлак кийиш бахтини беролди.

1996 йили қизимиз дунёга келди. Бахтимиз узоққа чўзилмай, турмуш ўртоғим автоҳалокатга учради. Биринчи хотини «эримнинг ўлимига сен сабабчи» деб уйимизни ёқиб кетди. Ярим танаси куйган онам бешикдаги боламни олиб чиқишгагина улгурибди. Шу қолдирган неъмати учун ҳам Аллоҳимга шукрлар айтдим. Қолган ҳеч нарсага ачинмадим...

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Яна ҳаммасини қайтадан бошлаш керак. Бу мен учун қанчалар қийинлигини сезиб, титраб кетдим. Ярим танаси куйган онам ва бешикдаги қизимнинг ҳаёти учун жавобгарман. Куйган уйимизни наридан-бери сувоқлаб, яшай бошладик. Кундузлари қайсидир идорада фаррошлик қилсам, кечқурунлари тўйхоналарда идиш-товоқ ювардим.

Олти-етти ой деганда онам анча соғайди. Қизим ҳам юра бошлади. Етишмовчиликлардан жуда қийналдик. Топаётган кунлик даромадим дори-дармон-у озиқ-овқатга зўрға етарди. «Ўзбекистондан кетмайман!», деган қарорим яна ўзгарди. Ҳусн-латофатим жойида, ёшман. У-бу таниган-билганларимни ишга солдим. Бирлашган Араб Амирликларига отландим.

Аввалига кетишимга унамаган онам ҳам шароитимиздан безгани учунми рухсат берди. Ўша йиллардаги нарх-навони ўзинг биласан. Биров бировга нимадир илинармиди? Хуллас, жажжи қизалоғимни онамга қолдириб, Бирлашган Араб Амирликларига учдим. Мен қатори бошқа қиз-жувонлар ҳам бор эди.

Абу-Дабига қўндик. У ерда бизни водийлик Саломатпошшо деган аёл кутиб олди. Орамизда ўзини нималар кутаётганидан бехабарлар кўп эди. Ўсмирлигимданоқ мусофирчилик қийинчиликларини кўрганимгами, ўзимни ҳамма нарсага тайёрлаб келгандим. Мен учун муҳими — пул эди. Абу-Дабида 4-5 ой яшадик ва маҳаллий тилниям тузуккина ўрганиб олдик.

Жирканчликлар қўрғони

Кейин бизни Дубай шаҳрига олиб келишди. У ердаги разилликлар, иффатли қизларнинг ҳам алдаб-авраб сотилиши, одам савдоси, инсон қадрининг сариқ чақага арзимаслиги... айтсам, тугамайди. Бир кунда минг ўлиб, бир тирилардик. Булар Саломатпошшони ҳечам қизиқтирмасди.

Орамизда Жамила исмли жувон бор эди. У алданган ва таҳқирланган эди. Йиғлаб-сиқтагани учун оиласидагилари билан телефонда суҳбатлашишига яширинча ёрдам бердим. Отаси қазо қилганини эшитиб, адо бўлди. Саломатпошшодан қишлоғига қайтишига рухсат сўради, илтимос қилди, ялиниб-ёлворди. Аммо рад жавобини олди. Ҳақоратларга кўмилди. Калтакланди. Қўй оғзидан чўп олмайдиган жувоннинг тоқатлари тугади-ёв, кутилмаганда жаҳл устида Саломатпошшога пичоқ санчди.

Бекамиз жиддий жароҳатланмади-ю, жаҳлидан ҳам тушмади. Ўзининг шайхи орқали полицияни чақиртирди. Жамила дир-дир титрар, қотиб қолганди. Унга ачиндим. Жиноятчиларнинг зиндонбанд этилишини билардик. Жим турсак, зиндонда ўлиб кетиши ҳам мумкин. Ҳеч иккиланмай, қонталаш пичоқни қўлимга олдим-да, Саломатпошшога «Агар полицияни қайтармасанг, сени ўлдираман ва ҳамма қилмишларингни очиб ташлаймиз», — дедим.

Хонада қий-чув кўтарилди. Афсус, полиция етиб келишга улгурганди. Мени ҳам, Жамилани ҳам зиндонга солишди. Орадан кунлар ўтиб, Саломатпошшога инсоф бердими, бизни зиндондан чиқартирди. Жамила уйига қайтди. Энди бека менга ўчакишиб олганди. Ёнимдаги қиз-жувонлар бир кунда бир-икки кишига тортиқ этилса, мен уч-тўрт кишига сотилардим. Азоб мени ўтдан олиб, сувга ташларди. Аммо онам ва қизимнинг яхши яшаши учун чидашга мажбур эдим...

Бир умрлик тўлов

Орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу орада кимдир зиндонбанд бўлди, кимдир дом-дараксиз кетди, яна бошқаси азобларга чидолмай, жонига қасд қилди.

2000 йил. Янги асрни Дубайда нишонладик. Айнан ўша кун мен ҳам 25 ёшни тўлдиргандим. Ўндан ортиқ қиз-жувон биримиз шарбатдан мастмиз, яна биримиз шоҳона ҳаётдан. Гарчи жирканч яшаш этагидан тутган бўлсак-да, кўнглимизга гўё «кимларгадир керакмиз» деган ўй таскин берарди.

Саломатпошшодан яширинча, бир-икки шайхлар орқали онам ва қизимга яхшигина пул, совға-салом етказиб туравердим. Шундай сархуш кунда хобгоҳимга бирмас, уч хорижлик киритиб юборилди. Улар орасида барваста қора танли киши ҳам бор эди. Мен учун эса бу ўлим билан баробарлигини биламан.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Хонам жудаям катта, ҳашаматли бўлса-да, қочиб чиқишнинг иложи йўқ. Фақатгина чўмилиш хонасида одам зўрға сиғгулик дарча борлиги эсимга тушди. Шарбатдан сархушман, шунда ҳам бир неча дақиқалардан кейин даҳшатли қийноқлар ичида қолишимни сездим. Қўл-оёқларим титраб, уч мижозга шарбат қуйдим-да, қўлимни ювиб чиқишимни айтдим. Улар кулимсираб қўйишди.

Ювиниш хонасига кириб, дарчага кўтарилдим. Пастга қараб, юрагим орқага тортиб кетди. Қўрғоннинг мен жойлашган хонаси 1-қаватда бўлса-да, ердан камида 3 метрча баландда эди. Қўрғоннинг орқа тарафида эса кенглиги нари борса бир метрча ҳам келмайдиган тупроқ йўлакча бор, холос. Ўзимни шу тор йўлакчага отишни мўлжалладим. Кўзларимни чирт юмдим-да, пастга отилдим. Бўлди. Бошқа ҳеч нарсани эслолмайман. Ўшанда тупроқ ергамас, қатнов йўлига тушган эканман.

Шаржадаги ҳаётим

Кўзимни очсам, касалхонадаман. Оёғим бел суягидан ажралган, товонларим ёрилган, тиззаларим жароҳатланган, сон суягим чиққан экан. Орадан анча вақт ўтган ва мени операцияга тайёрлашаётган экан. Оғриқ жон-жонимдан ўтса-да: «Яна Саломатпошшо қўлига тушибман-а, бу ерга у олиб келган», деган ваҳима босди ичимни. Шифокор эса мени асли шаржалик шайх зудлик билан келтиргани ва операция учун барча харажатларни қоплаганини айтди. Лол эдим.

Уч ойдан ортиқ даволандим. Шайхнинг ўзини кўрмадим ҳам. Аллақандай нотаниш кимсалар ғамхўрлик қиларди. Қочиш учун ўзимни дарчадан ташлаганимда қатнов йўлига бориб тушганим, устига-устак машина келиб урилгани учун жароҳатим баттар жиддийлашганини эшитдим. Мени уриб юборган улов эгаси Шаржа бойларидан Муҳаммадзод исмли шайх экан.

Эшитишимча, касалхонада пайтим шайх Муҳаммадзод Саломатпошшо қўним топган қўрғонга бориб, асл ҳолатни аниқлаган ва менинг шахсий паспортимни босим йўли билан ундан олган экан. Кейин у ердаги зўравонликлар ҳақида полицияга хабар берибди. Текшир-текшир бошланибди. Шундан кейин Саломатпошшо ва унинг тақдири билан умуман қизиқмадим.

Мени Шаржа шаҳрига келтиришди. Шайх Муҳаммадзод 60 ёшлардан ўтган киши экан. Хотини ўлган, 4 ўғли, 3 қизи, келин ва неваралари билан бир қўрғонда яшаркан. Худди эртаклардагидек ҳашаматли сарой. Бутун оила аъзолари билан суҳбатлашдим. Бошимдан кечирган барча кечмишларни сўзлаб бердим. Буткул тузалиб, юриб кетгунимча шу қўрғонда қолишимни айтишди. Менга алоҳида энага қарар, ҳатто онам ва қизимга ҳам банк орқали пул юборишарди. Гарчи айбдор ўзим бўлсам-да, жисмонан хаста бўлиб қолганимга Муҳаммадзод уялиб-қимтинарди.

Уч-тўрт ой деганда оёққа турдим. У-бу рўзғор юмушларигаям қарашган бўлдим. Бир куни энди уларни безовта қилмаслигим, иш излашимни билдириб, Муҳаммадзоддан изн сўрадим. Аммо қаёққа кетишим номаълум эди.

Оилавий маслаҳатлашиб, кетишимга рухсат беришмади. Оқсоқланиб юрсам-да, ёш ва чиройли эканим, аммо зинҳор зино йўлига кирмаслик, беадаблик қилмаслик талаби билан хонадонда хизматкор бўлиб қолишимни айтишди. Рости, қувондим. Тан-жоним соғлиғида қариндошларимга керак бўлмаганим, ногиронлигимда етти ёт бегонага кераклигимдан йиғлаб юбордим.

Талабларига кўндим. Ўзбекона таомлар пишириб, уларни сийлардим. Невараларини ювиб-тарардим. Супир-сидирлардан ҳам қочмадим. Шайхнинг ўғил-қизлари, келин ва неваралари билан жудаям яқинлашиб қолдик. Бу хонадонда беш вақт намоз, одамийлик устун эди.

Зинодан тийилдим. Чин дилдан хизматда бўлдим. 8 йилдан ортиқ шу қўрғонда яшадим. Орада шайхнинг кўмаги билан онам ва қизим учун Бухоро шаҳридан уч хонали уй ҳам олиб беришга улгурдим.

2008 йил. Қизим ҳам улғайган, мактабнинг 4-синфига кўчганди. Уни фақат телефон орқали кўриб, гаплашардим холос. Йиғлардим, соғинардим.

2012 йилдагина Муҳаммадзод жуда кўп совға-саломлар билан вақтинча Ўзбекистонга, онам ва қизим бағрига жўнатди. Онам анча қариб қолган, кексайган, қадди букчайган эди. Қизим 16 ни тўлдирибди. Уни ташлаб, остонадан чиқиб кетганимга 15 йил ўтибди-я! Айнан унинг ёшида ўзимнинг мусофирликда чеккан азобларим кўз ўнгимдан бир-бир ўтди. Юрагим орқага тортди.

Аввалига қизим меҳримдан мосуво бўлиб ўсгани учун бегонасиради. Бир-биримизга ўрганишимиз қийин кечди. Она-бола зўрға тил топишдик.

Орадан ойлар ўтди. Муҳаммадзодга берган ваъдам муҳлати тугаётганди. Менга қайта ҳаёт бахш этган, фаҳш йўллардан қайтарган, оиламга бекам-у кўст ёрдамлашган одамнинг тузлуғига тупурсам, инсофсизлик бўларди. Лекин қизимдан айрилишим азобли эди.

Ҳаммасига кўз юмиб, онам ва қизимни зўрға кўндириб, пойтахтга йўл олдим ва у ердан яна Дубайга учдим. Дубай аэропортидан Муҳаммадзоднинг ўғли кутиб олди. Шаржага келдик. Шайх хасталанган ва ётиб қолган экан. Кекса шайхни парваришлаб юрган кезларимнинг тўртинчи кунида қизим мен билан боғлана олмагани, онамнинг икки кун илгари вафот этгани хабарини етказди.

Ер-у осмонимни булут қоплади. Оҳ-фарёдимни сўрама. Қўни-қўшни ва маҳалла-кўй бош-қош бўлишибди. Узоқ йиллар биздан ҳол сўрамаган тоға-ю янгаларни ҳам топишибди. Тоғам мен билан телефон орқали боғланди. Аразлар ортда қолгандек қуюқ ҳол сўрашди. Ўзи ҳали келганимга бир неча кун бўлганини эслатиб, ортга қайтмаслигимни, онам ҳақига ўша ердан дуо қилишим ва ишимда давом этишимни сўради. Қизимни шаҳардаги ўз уйимизда янгамнинг қарамоғига қўйиб, ўзи тез-тез хабар олиб туришига ишонтирди. Рози бўлдим.

Кунлар, ойлар бир зайлда ўтаверди. Онам хотираси ҳаққига дуо билан тунларни тонгга уладим. Яна икки йилни ўтказдим. Муҳаммадзод ҳам 2014 йилгача тўшакка михланганча қайтиб турмади. Шайхни сўнгги манзилга кузатдик. Бу мен учун оғир жудолик эди. Худди отамни иккинчи марта йўқотгандек қайғуда қолдим.

Бу қўрғонда энди ҳар ким ўзи билан ўзи банд, мен ҳам анчагина соғлиғимни йўқотгандим. ёшим ўтган сари оёқларимда оғриқ баттар кучайганди. Бир тарафдан қизим ҳам улғайган, турмуш ёшига етиб бораётганди. Унинг ҳам ҳаёти қандайдир тақдир зарбаси билан ўзимникига ўхшамаслиги учун шайхнинг катта ўғли Муборак Алидан юртимга қайтиш учун изн сўрадим. У садоқат билан бу оилага хизмат қилганимга беланчакдаги боласига яна бир йилча қарашимни сўради. Рад этолмадим. Нимага эришган бўлсам, шу оиланинг ҳалол пули эвазига эришдим. Бу пайтгача тоғам ва янгамнинг қизимга кўрсатаётган ғамхўрликларига ишониб, барча пулларни банк орқали тоғамнинг номига жўнатавердим.

Шайхнинг ўғли Муборак Али айтган вақт етиб келди. Беланчакдаги боласи оёқ чиқариб, суяги қотди. У укадек биродарлигини яна бир карра эслатиб, ёрдамга муҳтож бўлганда ҳеч иккиланмаслигимни қайта-қайта эслатди. 2015 йили Ўзбекистонга кузатди. Худди опа-укалардек хайрлашдик. Ортимга яна тўлиб-тошиб қайтгандим. Аммо бу гал 40 ёшга кирган, онасини сўнгги манзилга кузатолмаганидан сочлари оқарган, 25 ёшида оёғидан олган жароҳати сабаб тамоман чўлоққа айланган жувонга айланган эдим...

«Ҳассага суяндим-қолдим»

Қизимнинг олдига ошиқдим. Кичиккина оилам бағрига қайтдим. Не кўз билан кўрайки, 19 га тўлган қизим уйимнинг бекаси эмас, чўрисига айланган экан. Телефон орқали кунора сўзлашувларнинг ҳаммаси сохта, тоғам ва янгамнинг томошаси экан. Улар қизимни қўрқитиб, зуғумлар ўтказишган, менга шикоят қилиб қўйса: «Дубайда юрган онангни ўлдириб юборамиз, чет элда ҳеч ким ҳеч кимни танимайди», — дейишган ва сўзлашув пайтларидагина уни менга бўяб-суяб, ювиб-тараб кўрсатишган экан.

Шўрлик қизим онасининг минг чақирим узоқдалиги, ўзининг яккалигидан чўчиган ва тоғам-у янгам нима деса, кўниб яшаган. Боламни хўрлашган, кези келса, калтаклаб-уриб, оч қолдиришган. Уч хонали кенг-мўл уйлардан биридамас, ошхонада — ёғли-доғли кўрпа-тўшакларда ётиб юрган экан.

Аммо қизим чидаган, Аллоҳ унга куч берган. Ўзимни кечира олмадим. Онам ва ҳаётимизни барбод қилган яқинларимга нега яна ишондим? Қизимнинг ҳаётини-я?

Охири йўқ тортишув, жанжаллар билан ҳам тоғамнинг номига банк орқали жўнатган пулларимнинг ярмини ҳам қайтариб ололмадим. Улар пулларим эвазига ҳовлиларини янгилашга аллақачон улгуришибди. Худога солдим. Яхшиям, уй ҳужжатларимни ишончли дугонамга қолдириб кетган эканман».

Лазиза билан узоқ суҳбатлашдик. 2020 йили 24 га кирган қизини турмушга узатибди. Унгача «онаси Дубайда узоқ йиллар қолиб кетган қиз» остонасидан жуда кўплаб совчилар қайтаверибди.

«Ҳозир бутун умримни тарозига солиб кўраётган эдим. Ҳаётимнинг ярмидан кўпи мусофирчиликда ўтди. Жуда кўп хатолар қилдим. Танг-тор йўлларда адашдим, гуноҳларга ботдим, жабрлар топдим, мусофирчиликда адо бўлдим. Гуноҳларим мени умрбод ҳассага суянтирди. Ҳаётимда учраган ва мени фаҳш йўллардан қайтарган биргина инсон – шайх Муҳаммадзоднинг измида бўлганим балки бугун қизимнинг бахтини топишига туртки бўлгандир. Ўз йўлимда давом этаверганимда, балки, боламнинг ҳаёти, тақдири онасиникидан-да зимистон бўлармиди... Аллоҳ шундан асрагани рост бўлсин!», — дея ҳикоясини тугатди у.

Лазиза билан хайрлашдим. Ортидан узоқ тикилиб қолдим. У алам ва изтироб, мусофирчиликда чеккан азобларини елкалаганча ҳассасига суяниб, оғир қадамлар билан оқсоқланиб борарди.

Лайло Ҳайитова суҳбатлашди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Кино
Кино ижодкорлар томонидан ишора қилинган, аммо кўпчилик пайқамаган машҳур фильмлардаги деталлар (фото)
Дунё
АҚШ осмонида разведкачи ҳаво шари аниқланди. Пентагон шарни Хитойга тегишли деб ҳисобламоқда (видео)
Маҳаллий
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 4 февраль куни ҳам ёмғир ёғади