Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўн карра «Гремми» мукофотига лойиқ топилган Битлзни билмайдиган мусиқа шайдоси кам бўлса керак. Бир қатор фильм, видеоўйин ва китобларга мавзу бўлган гуруҳ шу қадар машҳурлигидан улар илк бор саҳнага чиққан сана — 16 январь ЮНЕСКО томонидан бутунжаҳон The Beatles куни деб эълон қилинган. «Дарё» Rolling Stone журнали эътирофича, «Ҳамма вақтнинг энг буюк ижрочилари рейтинги»да етакчи саналган Битлз тарихига назар ташлайди.

Фото: Getty Images

Ливерпуллик шоввозлар

Мусиқа тарихчилари, танқидчи ва меломанлар ҳалигача ушбу квартет феноменининг жумбоғи нимада эканини билишга уринади. Тингловчиларнинг самимий севгисига эришиш ва бу қадар машҳурлик боисини ифодалаш учун сўзлар камдек гўё.

Камида 20 йил давомида бутун авлод учун тимсол бўлган гуруҳ европаликларнинг уруш сабаб толиққан қалбларига шодлик ва севги улашишнинг уддасидан чиққан. Битлзнинг дунё маданиятидаги аҳамиятини баҳолаш мушкул. Улар бир-биридан айро ижод қилса ёки тўртлик таркиби аслидан бошқачароқ бўлса, бундай шуҳратга эришилармиди ёки йўқ — тасаввур қилиш қийин.

Лекин бир нарса аниқ — аввалига танишиб, биргаликда ижод қилишга қарор қилган, тамоман бири иккинчисига ўхшамаган шоввозларни мусиқа бирлаштирган. Кун келиб зафар чўққисини забт этиш, санъат оламида номлари абадий қолиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

Рок йўналишида ижод қилувчи Битлзга 1960 йили ливерпуллик йигитлар асос солади.

Исёнкор Леннон

Жон Леннон

Жон Леннон
Фото: Getty Images

Хонандаликдан ташқари сиёсий фаол бўлган, тенглик, эркинлик ва тинчлик ғояларини илгари сурган Жон Леннон 1940 йили Ливерпулда дунёга келади. 2002 йил BBC томонидан ўтказилган сўровномада ҳамма вақтнинг энг буюк британияликлар юзталигида овозлар сони бўйича 8-ўринга лойиқ топилган Жоннинг ота-онаси у туғилганидан кўп ўтмай ажрашиб кетади. Ёш Леннон эса «гитара яхши нарса, аммо қоринни тўйдирмайди», деб ҳисобловчи қаттиққўл холасининг қўлида катта бўлади.

Ундаги яширин истеъдод мактаб йиллари ўзини намоён қила бошлайди. Санъатга бўлган қизиқиши нафақат хорда куйлаш, балки журналларга иллюстрация, ўқитувчиларини карикатура қилиб тасвирлашда ҳам ўз аксини топади. Гитара чалиш жон-у дили бўлган безори ва бўйсунмас Жон 1956 йили мактабдош ошналари билан The Quarrymen номли мусиқий гуруҳга асос солади. Шундан кейин ўзидан бошқа 5 ўртоғи билан бир-биридан қизиқ ижод намуналарини ёзиш ва мусиқа басталашга ўтади.

Серқирра Маккартни

Пол Маккартни

Пол Маккартни
Фото: Getty Images

Рассом, ёзувчи ва композитор Жеймс Пол Маккартни 1942 йили Ливерпулнинг Энфилд шаҳарчасида дунёга келади. Ижарама-ижара юришдан чарчаган оила охири Леннон яшайдиган маҳалладан қўним топади-ю, бу қайсидир маънода бўлажак гуруҳ аъзоларининг танишишига ҳам сабаб бўлади.

Санъатга бўлган қизиқиш Полга отасидан ўтганди. Ўзини турли соҳаларда синаб кўрган катта Маккартни ҳеч омади чопмагач, бўш вақтини мусиқа билан шуғулланишга сарфлаб, бар ва кафеларда тун-кун қўшиқ айтиб юраверади. Оила боқиш масъулияти эса маҳаллий шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган онанинг елкасига тушади. 1956 йилда саратон сабаб онасидан айрилган Жеймсни тушкунликдан мусиқа олиб чиқади.

Феъли жиҳатидан Пол Жоннинг акси бўлган. Леннондан кам эрксевар бўлмаган Маккартни истакларига тинчроқ усуллар билан эришишни афзал билар эди.

Афсонавий гитарачи Жорж Харрисон

Жорж Харрисон

Жорж Харрисон
Фото: Getty Images

Rolling Stone журналининг ҳамма вақтнинг энг буюк гитарачилари рўйхатида етакчи ҳисобланган Жорж Харрисон 1943 йили Ливерпулда католиклар оиласида дунёга келган. Тор шим кийиб, сочларини ўстириб юрадиган олифта йигитча мактаб йилларидаёқ мусиқий карьерани орзу қила бошлайди. Орқа партада гитара расмини чизиб ўтирадиган Жорж мусиқага ўзидан кам қизиқмайдиган мактабдоши Пол Маккартни билан дўст тутинади.

Барабанчи Ринго Старр

Ринго Старр

Ринго Старр
Фото: Getty Images

Сентиментал ва донолиги билан ажралиб турадиган Ринго Старр Ливерпулда нонвойлар оиласида дунёга келади. Уч ёшга тўлар-тўлмас отаси ташлаб кетгач, онаси ҳам қайта турмуш қуришни афзал билади. Саломатлигида кўп муаммо кузатилган болакайнинг мусиқа билан танишишига даволанаётган шифохонасида концерт берган оркестр сабаб бўлади.

Асл исми Ричард Старки бўлган ижодкор кейинроқ ўзига тахаллус танлашга қарор қилади. Узуклар тақишни ёқтириши ва келажакда юлдуз бўлишидан келиб чиқиб инглиз тилидаги ring (узук), star (юлдуз) сўзларидан илҳомланади.

Ҳаммаси нимадан бошланган эди?

Жон Леннон ва Пол Маккартни

Жон Леннон ва Пол Маккартни
Фото: Getty Images

Бари 1957 йили ёш Пол Маккартнининг Жон Леннон билан учрашувидан кейин бошланади. 17 га тўлганига қарамай, The Quarrymen гуруҳининг етакчиси ҳисобланган Жон бутун вужуди билан рок-н-роллъга мухлислик қиларди. Радио тўлқинларидан таралган Элвис Преслининг Heartbreak Hotel композицияси ливерпуллик оддий ўқувчи Жоннинг қалбини забт этади. «Элвисгача ҳеч нима менга бу қадар таъсир қилмаган», — деб эслайди унинг ўзи.

Барча аккордлар ва рок-н-ролл йўналишидаги хитларнинг сўзларини ёддан биладиган, най ва фортепиано чалишдан хабардор Пол Жонда яхши таассурот қолдиради. Танишганларидан бир неча ой ўтиб, биргаликда ижод қила бошлаган истеъдод эгаларига кўп ўтмай Маккартнининг Жорж Харрисон исмли дўсти ҳам ҳамроҳлик қила бошлайди. Шу йўсинда бўлажак Битлзнинг доимий таркиби шаклланади. Кейинчалик қаторга Жоннинг дўсти Стюарт Сатклифф келиб қўшилади.

Шаҳар тадбирларида бир неча марта чиқиш қилган ёшлар мусиқий кўникма ва маҳоратларини янада ривожлантириш кераклигига аҳд қилишади. Ҳали концерт бериб улгурмаган, пластинка ёзиб тақдим қилиш мумкинлиги тушига ҳам кирмаган тўртовлон ижод қилиб, ўз устида ишлашдан чарчамайди.

Фото: Getty Images

Ҳар бири ўзича истеъдодли бўлган ижрочилар бир-бирини тўлдириб турарди ва уларнинг ҳеч бирини бошқасидан айро тасаввур қилиб бўлмасди. Мусиқага исён ва ўзига хослик билан ёндашган Жон қолипга тушишни истамасди.

Улар Ливерпуль клубларидаги ҳаётга қўшилиш ва концерт беришни дилга тугиб, алоқаларни яхшилашга фаол киришади. Аҳамиятсиз бўлса-да, бирорта ҳам ижодий танловларни ўтказиб юбормас, аммо шунга қарамай кутилган натижа ҳадеганда кузатилавермасди. Омадсизликлар гуруҳ номини ўзгартиришга туртки беради. Аввалига Quarrymen номи Johnny and the Moondogs, кейин эса Silver Beyetles, ваниҳоят The Beatles’га айланади.

Номнинг келиб чиқиш сабаби ҳали-ҳамон баҳсли. Гуруҳ аъзоларининг ўзи эса бу Жон ва Стюартга тегишли ғоя эканини таъкидлайди. Улар икки хил маънони англатадиган сўздан фойдаланишни истаб, асос сифатида beetles (қўнғизлар) сўзини олишган. Ундаги бир ҳарфни алмаштирганларидан кейин beatles деган сўз келиб чиққан. Бир хил талаффуз қилингани билан, beat — мусиқани англатади.

Номнинг ўзгариши унча самара бермаганига қарамай, айнан шундан кейин гуруҳга чиқишлар борасида янги таклифлар келиб тушади.

Янги образ — янги ҳаёт

Фото: Getty Images

1960 йили ёзда Битлз ижодида янги саҳифалар очилади. Гамбургдан таклиф тушади-ю, Европага чиқиш учун имкониятлар эшиги очилади. Айнан Германиядаги хизмат сафари давомида гуруҳ узоқ изланган барабанчини топади ва Пит Бест таркибга қўшилади.

Хориждаги илк сафар улар учун имконият билан бирга улкан синов ҳам эди. Индра, Каисеркеллер сингари клубларда концерт берган гуруҳ аъзолари айнан Германиядаги сафарлари давомида илк бор профессионал қўшиқ ёзишади. Cavern’даги концертда грампластинкалар сотиладиган дўкон ходимларидан бири — Брайан Эпштен ёш истеъдод эгаларининг ижодига бефарқ бўлмасдан, уларнинг мусиқий карьерасини қўллаб-қувватлашга аҳд қилади.

Бир қанча овоз ёзувчи компаниялар билан музокаралар олиб боришига қарамай, Parlophone’дан бошқа бирор продюсерлик компанияси ҳеч ким танимайдиган гуруҳ билан шартнома имзолашни истамайди. Продюсер Жорж Мартиннинг ҳали кашф қилинмаган юлдузлар билан ишлашга берган розилиги профессионаллик эмас, инсоний сифатларга боғлиқ эди.

Аббей Роад кўчасини кесиб ўтаётган Битлз гуруҳининг энг машҳур суратларидан бири

Аббей Роад кўчасини кесиб ўтаётган Битлз гуруҳининг энг машҳур суратларидан бири
Фото: Getty Images

Ўткир зеҳнли, хушмуомала, самимий ва бироз чўрткесарлиги билан эътиборини тортган йигитларни продюсер Лондондаги Аббей Роад студиясига етаклаб боради. Ўзаро тушунмовчилик сабаб Пит Бест гуруҳни тарк этади. Унинг ўрнига 1962 йили Ринго Старр келиб қўшилади.

Кейин эса ижодкорларнинг ҳаёти тубдан ўзгариб кетади. Шу йили «Love me dо» номли илк қўшиқ тақдим этилади. Брайан Эпштейн қўшиқ ёзилган 10 мингта пластинкани ўзи сотиб олиб, гуруҳ билан боғлиқ турли ажиотажларни келтириб чиқаради. Кейин телевидениеда чиқиш, концертлар ва янги қўшиқларнинг тақдим қилиниши бир-бирига уланаверади.

Фото: Getty Images

«Please, please me» альбоми эса нақд 6 ой давомида хит-парадларда етакчилик қилади. Шу тариқа 1963 йил 13 октябрдан ҳақиқий битломания бошланади. Кейинги «With The Beatles» альбоми эса биринчисидан кам бўлмаган машҳурликка эришади. Дўконларга олдиндан 300 мингта буюртма келиб тушади, йил давомида бир миллиондан кўпроқ нусхада сотилади.

Деярли Бетховендек

Фото: Getty Images

Квартетнинг машҳурлиги уларнинг Америкадаги позицияларига таъсир қилмайди. Эпштейн қанча уринмасин, «I wаnt to hold your hand» қўшиғи тақдим қилинмагунича студиялар гуруҳнинг қўшиқларини қайта ёзишга ошиқмайди. Танқидчи Ричард Бакклнинг мақтовли тақризи машҳур The Sunday Times газетасида чоп этилганидан кейин ҳаммаси ўзгаради. Ушбу мақола гуруҳга Америкадаги омад эшиклари очилишига «ташриф қоғози» бўлади. Танқидчи буюк композиторлар рўйхатида Леннон ва Маккартнини Бетховендан кейинга қўяди.

1964 йили АҚШнинг миллий чартидаги 14 қўшиқдан 5 таси Битлзники бўлади. Бу вақтда ижодкорлар ўз мамлакатида альбом тақдим этиш қаторида «А hard day’s night» ва «Help!» номли фильмларда ҳам суратга тушиб улгуради.

Дунё бўйлаб сафарлардан толиқмаган гуруҳнинг «Yesterday» қўшиғи энг буюк мусиқий композициялардан бири деб топилади. Турли ансамбл ва хонандалар ижро қилаверганидан қўшиқ нақд 2 мингга яқин талқинда куйланади.

Пасайган парвоз

Фото: Getty Images

1965 йили рок дунёсида кескин ўзгаришлар рўй беради. Янги ижрочилар, йўналиш ва ўзига хослик ушбу оламга ўзгача нафас бахш этган, Битлз бу сайёрада «Rubber Soul» номли альбоми билан етакчи эди.

Яна бир ижодга бой, самарали йил давомида тўртовлоннинг энг аҳамиятли альбомларидан бири — концертларда ижро этишга мўлжалланмаган, студия эффекти асосида ёзилган «Revolver» пайдо бўлади. Ўша ондан бошлаб улар сафарга чиқишни йиғиштириб, фақат ва фақат студияда ишлашга ўътадилар.

1966 йил 24 ноябрдан бошлаб Битлз «Sgt. Pepper’s lonely hearts club band» номли альбомини ёзишга киришади. Ушбу альбом поп-мусиқанинг ҳақиқий зафари, барча жанрларнинг эволюцияси эди. Аммо ҳар кўтарилишнинг тушиши бўлганидек, муваффақият узоққа бормайди. 1967 йили Брайан Эпштейннинг ухлатувчи дори воситаларини ҳаддан ортиқ қабул қилгани туфайли ҳаётдан кўз юмгани бунга сўнгги нуқтани қўйгандек эди.

Кейинги «White аlbum» альбоми эса гуруҳ парчаланишига илк ишора бўлади. Ўзаро келишмовчиликлар юзага келар, ижодкорлар эса аввалгидек биргалашиб ишлаш эмас, ҳар бири ўзидаги устунликни кўз-кўз қилиш, исботлашга уринарди.

Машҳурлик чўққисидаги шафақ

Фото: Getty Images

Гуруҳнинг заволи яқинлашаётгани тобора равшанлашарди. Тарк этиши ҳақида расмий баёнот бермасликка кўндирилган Леннон бошқа янги гуруҳ билан ижодни бошлаб юборган, Маккартни эса ўз пластинкаларини тақдим қилишга қарор қилганди.

1969 йилда йигитлар ҳеч қандай янги ижод намунаси тақдим этмайди, аммо бу вақтда мухлислар севимли гуруҳининг тарқалиб кетиши мумкинлигига шубҳа ҳам қилмасди. Айнан шу сабаб ҳам Маккартнининг 1970 йил 10 апрелдаги кетиш билан боғлиқ баёноти мухлислар учун кутилмаган бўлади. Айро ижод қилишни бошлаган қўшиқчилар қайсидир маънода эътирофларга ҳам сазовор бўлади.

Фото: Getty Images

Бир вақтлар ягона мақсад йўлида бирлашган санъаткорлар орасидаги ришталар аллақачон узилиб бўлганди. 1980 йили Ленноннинг мухлиси томонидан ўлдириб кетилиши эса афсонавий гуруҳнинг тикланиши билан боғлиқ сўнгги умидларни ҳам пучга чиқаради. Мусиқачилар айро ижод қилишда, Битлз эса мусиқа шайдоларининг қалбида яшашда давом этади.

Аммо улар қаерда бўлмасин, ким билан бирга ижод қилмасин, муваффақиятлари Битлздаги даври билан таққосланаверади. 2001 йилда Жорж Харрисон саратон сабаб ҳаётдан кўз юмади. Пол Маккартни ва Ринго Старр эса ижод билан шуғулланиш, мусиқа ёзишда давом этмоқда.

Гуруҳ парчаланса-да, мангу яшайдиган қўшиқлар

Фото: «Дарё»

«Британия маданиятини ривожлантиришга ва уни бутун дунёда оммалаштиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланган Битлз қўшиқлари биринчи нотасиданоқ тингловчиларини ром этганига шубҳа йўқ. Мусиқа оламига кириб келган гитарачиларнинг аксари ижодини классик «Yesterday»дан бошлаши, Европа кўчаларидаги сайёр қўшиқчилар эса афсонавий «Let it be»дан парча ижро этаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Замонавий хонандалар эса мухлислар қалбидан жой олиш илинжида гуруҳнинг каверларини куйлашда давом этаётгани ҳам янгилик эмас. Хуллас, классикага нисбатан ўлмас деб берилган таъриф Битлз мисолида ўз аксини топган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Молия
Ўзбекистондаги энг фаол банклар рейтинги янгиланди. Нималар ўзгарди?
Маҳаллий
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалди, журналист Лолагул Қаллиханова суд залидан озод қилинди 
Спорт
Фигурали учиш бўйича Ўзбекистоннинг 10 карра чемпиони Татьяна Малининанинг 18 ёшли ўғли АҚШ чемпионига айланди