Авваллари психолог ёки психиатрга мурожаат қилган кишиларга нисбатан «руҳий хаста» деган қараш бўлган. Улар жамиятдан ажралиб қолишдан қўрқиб, психологга борганини яширган. Бироқ психотерапия оммалашиб боргани сари одамлар бошқаларнинг бу масаладаги муносабатига эътибор бермай қўйган. Аста-секин жамият ҳам бунга одатий ҳол сифатида қарашни бошлади.
Америкалик мутахассисларнинг ҳисобига кўра, мамлакатда катта ёшли аҳолининг 18 фоизидан ортиғида психологик, эмоционал муаммолар бор. Аммо уларнинг тахминан, 65 фоизидан кўпи психологга ёрдам сўраб мурожаат қилмайди.
Ўзбекистонда-чи, вазият қандай? Аҳолининг неча фоизи психологларга боради? Аслида оилавий, шахсий келишмовчиликларини катталар орқали ҳал қиладиган, уйдаги гапи кўчага чиқишини истамайдиган ўзбекларнинг ҳаётида психологларга ўрин борми?
Афсуски, бир йил давомида ўзбекистонликларнинг қанчаси психологга боргани ҳақида статистикани тополмадик. Мутасадди идораларнинг айтишича, бу каби мурожаатлар рўйхатга олинмас экан.
Шунинг учун Faсebook ижтимоий тармоғидаги саҳифа ва гуруҳларда «Психологга борганмисиз, сизга фойдаси бўлганми? Инсон ҳаётида психолог керак деб ўйлайсизми?» деган саволлар билан сўровнома ўтказдик. Жавоблар эса турлича бўлди.
Масалан, Зебинисо Мирзаҳакимова ўз изоҳида яқин инсони учун психологга боғланганини ёзиб қолдирган. Унинг бир соатлик қабули икки миллион сўм туришини ва олдиндан тўлов қилиши кераклигини эшитиб, ажабланган. Нима учун қимматлиги ҳақида сўралганда, психолог консультацияда гипноз ҳам ишлатиши учун шундай нарх белгилангани айтилган.
Чарос Хўжаеванинг ёзишича, аслида инсонга психолог шарт эмас. Текин қулоқ бўлса, ичингдаги гапларингни бўшатиб олаверасан. Маҳамадали Мамажоновнинг фикрича, «танаси бошқа одам ҳатто у профессор бўлса ҳам, дардингизни билмайди».
Хонзода Саидхўжаева ҳам таниқли психологга борган. Лекин мутахассис у билан ишлашни билмаган.
«Ёнидан енгил қушдай ёки бор айбимни тушуниб эмас, аксинча, асабий, бекорга вақтим ва пулим кетди, деб чиққанман. Қолаверса, жияним ҳам уч йилдан бери индивидуал психологга боради. Аммо унинг феъл-атворида ўзгариш сезмадим. Лекин жиянимнинг ўзи бундан мамнун. Психологлар ҳам яхшигина бизнес қиляпти-да», — деб фикрини тугатган у.
Яна бир фойдаланувчи Маъруфжон Очилов эса охирги пайтларда психологга эҳтиёж ортганини, бироқ сохта психологлар туфайли мазкур касб эгаларига нисбатан нотўғри хулосалар пайдо бўлаётганини изоҳида келтиради.
Психолог ҳеч қачон маслаҳат бермайди. У тўғри йўл топишингиз учун йўналиш беради, холос. Психолог мўъжизакор эмас. Ундан дарҳол нимадир кутиш нотўғри. Сиздаги муаммога ташхис қўйиш учун бир нечта босқичдан ўтилади, турли методикалар қўлланилади — суҳбат, диагноз кабилар.Муҳаммад Бобур эса Аллоҳни таниган инсон ҳеч қандай психологга муҳтож бўлмаслигини ёзган. Муҳаммад Темур Аъзам психолог қабулига бормаганини, агар бирор руҳий муаммо пайдо бўлса, диндаги устозлари суҳбатини олишини айтган. Динига тўкис амал қилувчи мусулмонда психологга катта эҳтиёж бўлмаслигини, бироқ бу ҳаммага ҳам бирдек ишламаслигини айтиб ўтган.Сўнгги пайтларда ойнага қараб, уч марта бахтлиман, дейинг деб маслаҳат берадиганлар негадир ўзини психолог деб даъво қилаётгани ачинарли.
Ҳозирда ўзини психологман деб атайдиган бетайинлар кўпайиб кетган. Улар одамларни алдаб, пулини олишдан бошқа нарсани билмайди. Турли хил энергиялар, пул топиш санъати, яна шунга ўхшаш ўзига тортувчи номлар билан инсонларни «аллалайди».
Моҳи Мавлонова саволимизга ўзи кучли психолог бормикан, деб жавоб берган ҳамда унга баъзи бир психологларнинг гапидан кўра китоб ўқиш афзаллиги, чунки уларнинг аксар маърузаларини тинглаганда, китобдаги гапларни айтяпти, деган хаёл бўлишини ёзиб қолдирган. Яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Абдусамад Мўминовнинг ёзишича, у яқинда онлайн тренингда қатнашган. Олган билимлари ҳаётида кескин бурилишлар ясаган. Тўғри психолог танлаш жуда муҳимлигини таъкидлаган.
Абдуллоҳ Мусаев саволимизга қуйидагича жавоб берган:
Психологнинг фойдаси бўлиш-бўлмаслиги инсоннинг ўзига боғлиқ. Яхши психолог муаммога ечим топиб бермайди. Балки ўзингиз ечим топишингизга йўналиш кўрсатади. Вазиятни аниқлаштириш, руҳиятингиз, феълингизни яхшироқ тушуниш учун кўмак ва соҳаларидан келиб чиққан ҳолда тавсиялар беради, холос. Қолган 90 фоиз ишни ўзингиз қиласиз.Сўровномада иштирок этган юзлаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксари психологлар ҳақида ижобий фикрда эмас. Уларни фақат муаммоларни эшитиб, маслаҳат берадиган касб эгалари деб айтишган.Психолог кўригидан 3-4 марта ўтганман. Биттаси яқинда, қолганлари эса ўсмирлик давридаги муаммоларга кўмилганда борганман. Фойдаси олдин умуман бўлмаган. Яқиндагиси эса вақтинчалик фойда берди.
Юқоридаги фикрлардан хулоса қилсак, психологлар ишига профессионал ёндаша олмаяптими ёки одамлар улардан кўп нарса кутяптими, умуман олганда, психологлар инсонларга қандай ёрдам бера олади, деган саволлар ўртага чиқди.
Гавҳар Тешабоева
Врач-психотерапевт, психиатр. Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) «Ҳидия» шифохонаси директори ўринбосари— Бугунги кунда психология лицензияланмайдиган соҳа бўлгани учун 2-3 ойлик курсларни тугатиб, ўзини психологман деб фаолият юритаётганлар кўпайиб кетди. Масалан, биз шифокор сифатида соғлиқни сақлаш ташкилотидан лицензия олиб, ишлаймиз. Психологларнинг фаолияти эса лицензияланмайди. Консалтинг деб маслаҳатхоналар очиб, ишини бошлайверади.
Улардан ҳеч ким на диплом, на рухсатнома сўрайди. Қонун доирасида тартибга солиш бўйича нималардир қилинаётган бўлса керак, лекин ҳали натижаси амалда кўринмаяпти.
Психотерапевт шифокор бўлганим учун қўштирноқ ичидаги психологларга бориб, ҳеч бир фойда кўрмаган мижозлар шикоятлар билан олдимга келишади.
Масалан, бир аёл турмуш ўртоғидан хиёнат кўрган. «Психолог» эса унга сиз ҳам хиёнат билан жавоб беринг, деган. Яна бир аёл хўжайиним айтганлари учун рўмолга кирган эдим, унинг ортидан кўп қийинчиликлар кўрдим деса, «Рўмолингизни ечиб ташланг!» деб маслаҳат берган. Рўмолини ечган аёлнинг оиласи бузилиб кетган. Бу каби ҳолатлар жуда кўп.
Улардан шикоят қилиб келган одамларга доим айтаман: оддий маҳсулот сотиб олаётганда ҳам кўриб, текшириб оласиз, лекин нега шунча пул сарфлаб, мутахассисга борганда текширмаймиз?
Сарвиноз Омонова
Олий маълумотли психолог. Айни вақтда Туркиядаги Карабук университетида социология йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олади— Психологларнинг маслаҳат бериш билан шуғулланиши — кенг тарқалган нотўғри фикр.
Тўғри, руҳий ва жисмоний ҳолатингизни яхшилаш, масалан, уйқу режимини тиклаш, шифокорга кўриниш, дам олиш борасида тавсиялар бериши мумкин, Шунингдек, кенг фикрлашга, хавотирни сусайтиришга ёрдам берувчи машқлар, топшириқлари ҳам бордир — терапиянинг қайси йўналишида ишланаётганига қараб, албатта. Буларни беришда ҳам «мураббий» эмас, «тадқиқотчи» позициясида бўлади.
Аммо қандай яшаш, ўзингизни қандай тутиш, муҳим ҳаётий қарорлар қабул қилиш борасида, айтайлик, «қайнонангизга нисбатан сабрли бўлинг», «турмуш қуринг», «ажрашинг», «фарзандингизга жаҳл қилманг», «ишдан бўшанг» каби маслаҳатлар бермайди.
Психотерапия улғайишга ёрдам беради. Улғайиш — реаллик (ҳақиқат) билан юзлашишдан қочмаслик ва ўз ҳаёти учун масъулиятни зиммасига олишдир (тасодиф, тақдир, одамларга ва психологга топшириш, дегани эмас). Психолог маслаҳат берар экан, мижоз «бола» ҳолатида қолаверади. Қилиниши керак бўлган иш — мижоздаги муаммоларнинг сабабини, руҳиятдаги чалкаш ички низоларни юзага чиқариш ва таҳлил қилишдир. Психолог инсон руҳиятига оид билимлари ва мижоз билан ишлаш кўникмалари орқали бу жараёнда ёрдам беради. Ҳаётига оид қарорларни эса мижознинг ўзи қабул қилади.
Сўнгги пайтларда семинар-тренинглар ўтказиш шу даражада оммалашдики, бугун қайси ижтимоий тармоққа кирманг, «Катта пулларга очилиш», «Пул оқими», «Магнит аёл», «Аёллик жозибаси», «Онг остини бошқариш» каби ўнлаб психологик тренинглар рекламаларига кўзимиз тушяпти. Баъзи психологлар ҳатто курсида қатнашганимиздан сўнг, ҳаётимизда мўъжизалар содир бўлишига кафолат ҳам беряпти.
Мақолани тайёрлаш жараёнида Instagram’да бир психологнинг жонли эфирини кўриб қолдим. Аёл эфир сўнггида ҳамма жойга тарқалиб кетган машҳур ойна машқини айтиб беришини, бу усулни қўллаган одамнинг ўзига бўлган баҳоси тезда ошишини айтди.
Очиғи, жозибадор гаплари диққатимни тортди ва эфирни охиригача кўришга қарор қилдим.
Жонли эфир, тахминан, бир соатча давом этди. Психолог (агар шундай айтиш тўғри бўлса) ҳар ким айтиши мумкин бўлган: «Сиқилманглар, сиздан-да ёмон аҳволдаги инсонлар бор, сабр қилиш керак» каби одатий маслаҳатларни берди. Амаллаб кўриб ўтирдим ва ниҳоят, суҳбат ҳам тугаб, аёл ўша машҳур «Ойна машқи»ни ўргатишга ўтди:
«Ойнанинг олдига яхшилаб жойлашиб олинг ва ундаги ўз аксингизга қараб, Вой! Қандай чиройлисан! Кўзларинг, қошларингни қара! Сен дунёда энг гўзалисан! Муаҳ-муаҳ, денг», — деди. Бу машқни ҳар куни, чин дилдан такрорлаган аёлнинг кўп ўтмай ўзига бўлган ишончи ошишини таъкидлади. Яна «Самооценка курсимга ёзилсангиз, сизга шу каби ўнлаб техникаларни ўргатаман», — дея қўшимча қилди аёл. (Курс нархи 2 миллион сўм экан).
Ўшанда жонли эфирни юзлаб аёллар томоша қилиб ўтирар, айримлари эса «Раҳмат каттакон, ўргатганларингизга рози бўлинг, албатта, курсингизга ёзиламиз» деган мазмундаги изоҳлар ёзишарди.
Уларнинг бу фикрларини кўриб, аёлларимиз шунчалик соддами ёки мен адашяпманми, деб иккиланиб қолдим. Умуман олганда, бу каби тренинглар ўтказиш замонавий психологиянинг бир йўналишими? Ёки одамларни алдашнинг янги усулими?
Бобоёр Тўраев
Олий маълумотли психолог. Уильям Дэвидсон институти қошидаги Халқаро бизнес мактабида ишлаган. Ҳозирда компанияларда бошқарув психологияси бўйича тренинглар олиб боради— Кўпчилик алданишни ёқтиради. Аёллар ёлғон гапирса ҳам, ширин гапирса эди, кўнглим кўтарилиб кетарди, дейди. Ўзига нисбатан баҳоси паст бўлган одам шу каби тренингларга қатнашиб, баҳосини кўтармоқчи бўлади. Бу каби усуллар унинг қалбига малҳам бўлади гўё.
Одам эрталабдан кечгача пулим кўпаяди, деб ишга бормасдан ўтираверса, пули кўпайиб қолмайди. Ёки ўзининг гўзаллигини таъкидлаб, қуёшга чиқмай уйда ўтираверса, ранги ёмон бўлади. Make-up ҳам ёрдам бермайди.
Бир томондан тренинглар одамнинг ишончини мустаҳкамлагани ёмон эмас. Умуман, улар юз фоиз ёлғончи, демоқчи эмасман. Техникалардан тўғри фойдаланиши керак. Битта-иккита китоб ўқиб, одам лидер бўлиб кетмайди. Амалиёт бўлмаса, қанча кўп пул берсангиз ҳам, натижа сезилмайди.
Гавҳар Тешабоева: Саволингизга ислом психологи Малик Бадрининг сўзи билан жавоб берган бўлардим: «Бугун инсонларнинг нимага эҳтиёжи бўлса, уни ўша билан манипуляция қилиш жуда осон».
Бу каби тренинглар ўтказиш оммавий психологияга киради. Унда фильтр йўқ. Яъни бу илмий-ноилмий, ғарбники ёки шарқники, христиан ёки исломники деб ажратмайди. Омма шунга эргашади. Фалончининг тренинги деса, югуриб боришади, фалон пул тўлашади, лекин натижа нолга тенг. Тўғри, ўша тренинг вақтида қандайдир ўзгариш бўлиши мумкин, яъни ҳиссиёт, ўзгача кайфият беради, ўзингизни хос одамдек ҳис қилишингиз мумкин. Лекин бу ҳолатлар тренингдан қайтганингиздан сўнг яна ўз ҳолига қайтади, чунки сиз кундалик ҳаётингизга қайтасиз. Демак, ҳаётидаги муаммоларни ҳал қилиш учун инсон ўзи изланиши керак.
Сарвиноз Омонова: «Бугунги кунда эзотерика (интуиция ва башоратгўйликка асосланган йўналиш)ни психология билан қориштириш, уни соҳанинг бир йўналиши деб ҳисоблашларига кўп гувоҳ бўляпман. Юқорида номи айтилган тренинглар эса одатда эзотерикага тааллуқли бўлади, эҳтимол, таркибида психологияга оид техникалар ҳам бордир.
«Аёллик/эркаклик энергияси», «позитив/негатив энергия», «пул оқими», «карма» «чакралар», «хаёл кучи билан орзуларни амалга ошириш» каби тушунчалар, масалалар психологияда мавжуд эмас. Улар эзотерикага тааллуқли. Бундай мавзуларда тренинг ўтувчилар ўзини психолог эмас, эзотерик сифатида таништирса, тўғри бўлар эди.
Аммо психология йўналишида олий маълумотга эга бўла туриб, эзотерика асосида ишлайдиганлар ҳам бор. Кўпинча бунга олий таълимда олган билимларининг камлиги ва мўртлиги, эзотерика билан эса кенг оммани жалб қилиш осонроқлиги сабаб деб ўйлайман.
Энди санаб ўтилган ҳар бир тренинг номига кўра изоҳ бериб ўтсам:
«Пул оқими»: психолог билан пул ишлаб топишга, фаровон яшашга халал берувчи «установка»лар (пул ҳақидаги ишончга айланган фикрлар) борасида ишлаш мумкин, лекин пул оқимига энергетик жиҳатдан «созланиш» борасида эмас.
«Магнит аёл» ва «аёллик жозибаси»: психологияда «магнит»/«магнит» бўлмаган аёл, «жозибали аёл» тушунчалари йўқ. Бир эркак учун жозибали бўлган аёл бошқаси учун жозибасиз бўлиши мумкин. Эркаклар борасида ҳам шундай.
«Онг остини бошқариш»: онг ости психологияда мавжуд бўлган тушунча. Аммо психологлар уни бошқаришни ўргатмайди, психолог онг остингиздаги фикрлар ва ҳисларни онгга чиқаришга, яъни англашга ёрдам беради. Шунингдек, мижоз онглироқ яшашни ўрганади. Ўзингизнинг ёки бошқаларнинг онг остини бошқаришга интилиш — ўзингиз ё бошқалар билан яқинлик, ростгўйлик, ишонч борасида муаммолар борлигини билдиради.
Эзотерикага таяниб фаолият юритувчиларнинг мақсади одамларни алдаш деб ҳисобламайман. Улар одатда ўзларининг бераётган билимларига ишонишади ва омма орасида ҳам бундай билимларга суяниш истаги кучли. Чунки муаммолар ечимида эзотериканинг таклифлари жозибали ва осонроқ туюлади. Ўзингизни қандай тутиш, қандай яшаш, қандай фикрлаш ҳақидаги тайёр кўрсатмалар («Аёл киши ишласа, сочини калта қирқтирса, жозибасини йўқотади», «Позитив фикрласанг, кўп пул ишлаб топасан» ва ҳоказо) катта талабга эга. Улар ҳаётни, вазиятларни бошқариш мумкинлиги ҳақида тасаввур уйғотади. Реалликдан узоқлаштиради, реал ҳаётнинг ёқимсиз ҳақиқатларидан қочишга ёрдам беради.
Сўровнома ўтказилганда аксар китоб ўқиган, динига тўлиқ амал қиладиган инсонларда психологларга эҳтиёж бўлмайди, деган фикрларни билдиришди. Бу борада мутахассислар нима дейди?
Бобоёр Тўраев: Нафақат исломда, балки барча диний китобларда психология бор. Унда муносабатлар, ахлоқ нормалари ёзилган. Агар уларга амал қиладиган бўлсак, маълум бир даражада ҳаётимиз чароғон бўлади. Бироқ динни яхши билишингиз бошқа мутахассисларга муҳтож бўлмайман, дегани эмас. Айтайлик, жарроҳ, стоматолог қатори психологга ҳам эҳтиёж сезишингиз мумкин. Чунки психологиянинг бугун жуда кўп йўналишлари бор.
Масалан, сиз тадбиркорсиз, раҳбарсиз. Қўл остидаги ходимларингиз ҳам беш маҳал намоз ўқийди, аммо ишингизда унум йўқ. Ходимлар келишолмайди. Биз одаммиз, баъзида хато қилишимиз, низога киришиб қолишимиз мумкин. Бир-биримизни нотўғри тушуниб қолишимиз табиий. Шу пайтда сиз кимга мурожаат қиласиз? Албатта, мутахассисга. Улар низоларни бартараф қилиш бўйича тренинглар ўтади.
Кўпгина мусулмон давлатларида Малайзия, Дубай, Қатарда ҳам психологга мурожаат қилишади. Қолаверса, инсонни ҳар кун, ҳар сонияда руҳиятида ўзгаришлар бўлади. Ҳаётининг маълум бир нуқтасида кимгадир эҳтиёж сезади. Инсон инсон билан тирик.
Профессионал, ҳалол ишлайдиган психологга мурожаат қилиш керак. Бу ҳам Яратгувчининг бизга берган имкониятларидан бири.
Гавҳар Тешабоева: Ҳақиқатан ҳам, агар мусулмон инсон тақводор, суннат ва фарзларга амал қилса, унинг ҳаётида руҳий муаммолар бошқаларникига нисбатан камроқ бўлиши мумкин.
Бир мисол, ўсмирлар орасида шундай сўровнома ўтказилганда, уларнинг эътиқоди ўз жонига қасд қилишдан асраб қолганини айтишади. Яъни бунинг гуноҳи кабиралигини, охиратига таъсири борлигини билгани учун бу амалдан сақланиб турганини сўровнома натижалари кўрсатади.
Бизнинг Қуръон ва суннатларимизда ҳамма ҳаётий вазиятларимизга жавоб бор. Лекин бугун барига амал қилиб яшай оляпмизми? Ўша китобларимизни ўқияпмизми? Ўқиганимиз билан нечоғлик риоя этяпмиз?
Руҳий қалб хасталиклари бор: кибр, ғазаб дейилади. Бунинг ёмонлигини биламиз. Динда уни бартараф этиш йўллари ҳам кўрсатилган. Аммо психотерапияда шунақа техникалар борки, биз уни бартараф этишни амалда қўллаймиз, амалда кўрсатамиз. Қолаверса, ҳаётда руҳий муаммолардан ташқари, руҳий касалликлар ҳам бор. Уларнинг турлари жуда кўп, 100 тадан ортиқ. Невроз, психоз, депрессия, ақли заифлик ва ҳоказо. Бунақа ҳолатларда нафақат руҳий мадад, балки дорилар, психатерапевтик усуллар билан беморларга ёрдам беришимиз керак бўлади.
Юқоридаги фикрлар орқали психология ҳаммага керак, деган қарашни сингдиришдан йироқмиз. Чунки кимдир муаммоларини яқинлари орқали, олган билимларига таяниб ечиши мумкин, бошқаси психолог ёрдамини кутади. Руҳияцҳуносга бориш ёки бормаслик ҳар кимнинг ўз танловига боғлиқ. Энг муҳими, уларга эҳтиёж туғилган пайтда касбининг устаси, ҳақиқий мутахассис, профессионалини топиб бориш ортиқча асаббузарликлар, сарф- харажатнинг олдини олади, шундай эмасми?
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини «Дарё»нинг YouTube’даги саҳифаси орқали томоша қилишингиз мумкин.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтажчи: Маъмуржон Обраҳматов.
Суратга олиш ишларида яқиндан ёрдам берган «Lumiere» меҳмонхонасига миннатдорлик билдирамиз.
Изоҳ (0)