Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида ҳаракат қилган Шоҳжаҳон Эргашев фаолиятини қайта тиклаши мумкин.
Аввалроқ ўзбекистонлик боксчи отаси билан бўлган суҳбатдан кейин спортдаги фаолиятини тугатишини маълум қилганди.
1 февраль куни Шоҳжаҳон билан судлашаётган Salita промоутерлик компанияси Instagram тармоғидаги саҳифасида Эргашевнинг навбатдаги жангига шама қилинган постерни эълон қилди. Мазкур постерга боксчи «Энди шошмай туринглар», дея шарҳ бериб, уни қайта улашди.
Эргашев сўнгги жангини 2021 йилнинг декабрида ўтказиб, унда Таиланд вакили Аэккауэе Кауманени муддатидан аввал мағлуб этганди. Шоҳжаҳон Эргашев проф боксда жами 21 та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. 19 та жангда рақибларини нокаут эвазига таслим қилган.
Эслатиб ўтамиз, Шоҳжаҳон 1,5 йилдан буён Salita Promotions компанияси билан судлашмоқда. Промоутерлик компанияси 2020 йил сентябрида Шоҳжаҳон Эргашевни бошқа промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган жангдаги иштироки ортидан судга берганди. Суд жараёни эса ҳамон давом этаётганди. Аввалроқ спортчи компания билан ярашмоқчи эканини ёзганди.