HBO Max ва CNN Films компанияларининг «Навальний» номли ҳужжатли фильми Американинг «Сандэнс» фестивалида иккита мукофотга лойиқ кўрилди.

Фото: AP Photo

Россиялик мухолиф сиёсатчи ҳақидаги картина томошабинлар фикри бўйича энг яхши фильм (Festival Favorite Award) дея эътироф этилган. Бундан ташқари, у ҳужжатли фильмлар йўналиши бўйича томошабинлар меҳрини қозонгани учун алоҳида мукофотни қўлга киритган.

«Сандэнс»да «Навальний» фильмининг премьераси 25 январь куни бўлиб ўтди. Режиссёр Дэниэл Роэр томонидан суратга олинган картинада сиёсатчининг «Новичок» билан заҳарланиши, даволаниши ва Россияга қайтиши ҳақида маълумот берилган.

Фильмни намойиш этиш ҳуқуқи HBO Max’га тегишли. Россияда ушбу стриминг сервис маҳсулотларини тарқатиш билан шуғулланувчи «Амедиатека» компанияси фильмни намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олиш бўйича музокаралар ўтказишни режалаштирмаётганини маълум қилган.

Маълумот учун, «Сандэнс» (Sundance Film Festival)— Америка миллий мустақил фильмлар кинофестивали бўлиб, ҳар йили январь охирида Юта штатидаги Парк-Ситида ўтказилади. Кинофестиваль ташкилотчиси 1981 йилда актёр Роберт Редфорд ва унинг дўстлари томонидан Америка миллий мустақил киноси учун шароит яратиш мақсадида асос солинган «Сандэнс» институти ҳисобланади. Институт нотижорий ташкилот ҳисобланиб, бутун дунё бўйлаб мустақил кино ва бадиий театрларни очиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.