2022 йилнинг 12 январь куни «Дарё» «Нообод маҳалла» лойиҳаси орқали Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган «Сўғдиёна» маҳалласидаги муаммоларни ёритди.

Жумладан, маҳалладаги асфальт қилинган ички йўлларда 3 ой ўтмасдан ёриқлар пайдо бўлгани, канализация қудуқларининг қопқоқлари ёпилмасдан ташлаб кетилгани, унинг ўрнига тош бостириб қўйилгани, бу эса машина ва йўловчиларнинг ҳаракатланишига хавф туғдираётгани тилга олинди.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Шунингдек, маҳалладаги Зарунар 2-тор кўчасининг маълум қисми асфальт қилинмасдан қолиб кетгани ҳам кўрсатилди.

Фото: «Дарё»

Бундан ташқари, чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларга ташланиши, ичимлик суви қувурларининг ёрилгани ва тоза сувнинг ташқарига сизиб чиқаётгани ҳам маҳалла аҳолисини қийнаётган муаммолар қаторида хабар қилинди.

Дастур давомида мутассаддилар ушбу муаммолар тез орада бартараф этилиши бўйича ваъдалар беришди.

«Сўғдиёна» маҳалласи аҳолисининг бизга маълум қилишича, «Нообод маҳалла» дастури ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан сўнг, муаммоларнинг бир қисми дарҳақиқат ижобий ечим топган.

Хусусан, Зарунар 2-тор кўчасидаги 70 метр узунликдаги қолиб кетган йўл асфальт қилинди.

Фото: «Дарё»

Маҳалладаги ички кўчаларнинг ёрилиб кетган асфальтлари қайта ямаб чиқилиб, канализация қудуқларининг оғзи ёпилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Умид қилиб қоламизки, «Сўғдиёнда»даги аҳолини қийнаётган қолган муаммолар ҳам ваъда қилинганидек тез орада ҳал бўлади.