2022 йил 1 февралдан бошлаб таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасалар фаолият юритаётган халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 50 фоиз миқдорида устама тўланади. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосарининг Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ХТБ бошлиқларига ёзган хатида келтирилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 11-бандига кўра, C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўлаш тартиби 2022 йил 1 февралдан бошлаб жорий этилиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасалар (синфлар)да фаолият юритаётган камида C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига 50 фоиз устама тўлаб берилади.
Бунда, рус тили бўйича ТОРФЛ халқаро сертификатининг C1 даражаси, «ТРКИ»нинг «ТРКИ 3» ва C 1 даражалари ҳамда CEFR’нинг C1 даражадаги сертификатлари ўзаро мувофиқ ҳисобланади.
Ушбу устамалар ўз вақтида тўлаб борилишини таъминлаш бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмаларига вазирликнинг кўрсатмаси берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2021 йил майдаги қарорига мувофиқ таълим муассасаларининг камида C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб бориш назарда тутилган.
Бундан аввал Ўзбекистонда тўлиқ чет тилларида эфирга узатиладиган янги телеканаллар ишга туширилиши, Ўзбекистонда 2022 йилдан давлат идораларига ишга қабул қилишда хорижий тилни билиш мажбурий талаб қилиниши ҳамда Президент матбуот котиби Ўзбекистонда хорижий тиллар «боғча – мактаб – олий таълим – корхона» занжири асосида ўрганилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)