Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг 7 январь куни ўтказилган йиғилишида президент Гурбангули Бердимуҳамедов 2022 йилда бир қатор йирик объектлар фойдаланишга топширилишини эслатиб ўтди, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Улар орасида биз учун муҳим бўлган Ахал вилоятининг маъмурий маркази ҳам бор бўлиб, у ердаги ишлар якуний босқичда амалга оширилмоқда», — деган Бердимуҳамедов.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 декабрдаги йиғилишида Туркманистонда ҳозирда ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий мақсадларга мўлжалланган 2,5 мингдан ортиқ йирик бино ва иншоотлар қурилаётгани маълум қилинган. Уларнинг умумий қиймати 37 миллиард долларни ташкил этади. Ашхобод ва вилоятлар ҳокимлари, вазирликлар ҳамда Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи билан ҳамкорликдаги идоралар томонидан ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, 2022 йилда очилиши режалаштирилган объектлар рўйхати тузилган.

Президент режалаштирилган ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича юзага келадиган масалаларни тезкор кўриб чиқиб, ҳал этиш бўйича ҳар ҳафта йиғилиш ўтказишни топширган.

Тегишли комиссия раҳбари этиб Ахал вилоятига масъул бўлган бош вазир ўринбосари Чори Гилижов тайинланган, унинг аъзолари — амалга оширилаётган ишларнинг молиявий қисмига масъул бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов ва қурилиш ишларига масъул бош вазир ўринбосари Чоримират Пурчеков.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Президент Бердимуҳамедов юзага келган масалани ҳал этиш учун комиссия аъзолари исталган раҳбарни таклиф этиши мумкинлигини, ўзи эса имкон доирасида бир нечта йиғилишда қатнашини таъкидлаган.

Туркманистон президенти охирги марта янги шаҳарнинг қурилиши билан 2021 йилнинг 21 октябрь куни танишганди. Давлат раҳбарига ўшанда шаҳарда қурилиши режалаштирилган Болаларни соғломлаштириш-реабилитация маркази, ўлкашунослик музейи, цирк ва бошқа янги иншоотлар лойиҳалари кўрсатилган. Президент, шунингдек, том қопламалари, автобус бекатлари, чироқлар, ички девор қопламалари, томошабинлар ўриндиқлари, гиламлар ва деразалардаги ойналарнинг рангини тасдиқлаган эди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

Маълумот учун, Ахал вилояти Туркманистон пойтахти — Ашхобод ўзининг бошқарув органлари билан алоҳида маъмурий бирлик бўлиб ажралиб чиққач пайдо бўлган.