Ўзбекистон миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилади.
Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди. Эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш бундан мустасно.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.
2022 йил 1 сентябргача «Яшил макон» платформаси ишга туширилади. 1 мартдан бошлаб:
- дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлари ажратилади;
- ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун «Дарахтлар реестри» тизими жорий этилади.
Фармонга кўра, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар қуйидаги тартибда тўлиқ рақамлаштириш йўли билан хатловдан ўтказилади:
- 2023 йил 1 мартгача — Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон ва Жиззах вилоятлари бўйича;
- 2023 йил 1 сентябргача — Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятлари бўйича.
Аввалроқ Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатган фуқароларга пул тўланиши хабар қилинганди. Фуқаролар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг маблағ билан рағбатлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва экополиция ташкил этилиши тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: