Ўзбекистонда барча транспорт турларини узвий боғлаган ҳолда ягона транспорт тизими ривожлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида маълумот берилган.
Қайд этилишича, йирик шаҳарлар ўртасида кунлик транспорт қатновлари бўйича узоғи билан 6-7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имконияти яратилади.
Шунингдек, ҳаво транспортини ривожлантириш орқали шаҳарлараро қатновларда аҳоли мобиллиги оширилади. Бунда:
- маҳаллий ташувларда хусусий ва лоукостер авиакомпаниялар улуши босқичма-босқич 25 фоизгача оширилади;
- маҳаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига 48 тадан 80 тага ҳамда туташувчи қатновлар сони 4 тадан 8 тага етказилади.
Ҳудудлардаги 11 та халқаро аэропортларнинг ўтказиш қобилияти 2 баробарга оширилади. Аэропортларда 11 та янги юк терминалини қуриш орқали юкларга хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробарга кўпайтирилади. Навоий аэропорти ҳамда халқаро интермодал логистика маркази бошқарувига йирик хорижий юк оператори жалб қилинади.