10 декабрь куни Халқаро бетарафлик куни арафасида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов дипломатик ваколатхоналар ва мамлакатнинг консуллик муассасаларининг раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берган.
Туркманистон президенти йиғилишда 2020–2021 йилларда БМТ сессияларида «Халқаро муносабатларда тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда бетарафлик сиёсатининг аҳамияти ва ўрни» ҳамда «БМТ минтақавий марказининг Марказий Осиё минтақасида превентив дипломатияни юритишдаги аҳамияти» ҳақида резолюциялар қабул қилинганини эслатган. Мазкур ҳужжатлар доирасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида Ашхобод ташаббуси билан Бетарафлар дўстлик гуруҳи тузилган.
Бердимуҳамедов ушбу гуруҳга 20 дан зиёд мамлакат қўшилганини таъкидлаган, Туркманистоннинг БМТдаги, халқаро ташкилотлардаги вакилларига, шунингдек хориждаги элчиларга гуруҳ аъзолари сонини кўпайтириш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар берган.
«Ҳамкорларга қатъият ва асосланган далиллар билан муносабатларнинг бундай форматининг афзалликларини тушунтириш зарур. Ҳудуд ва мамлакатлар миқёси жиҳатидан гуруҳнинг кенгайишига эришиш, амалий ҳаракатлар ва ташаббусларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади», — деган Бедримуҳамедов.
Шунингдек, у йиғилишда Туркманистон ташқи сиёсатидаги асосий вазифа иқтисодий ҳамкорлик эканини ҳам айтиб ўтган ва элчихоналарга халқаро малакага эга, тажрибали иқтисодчиларни ишга олиш, уларнинг турли тадбирларда фаол иштирок этишини таъминлаш зарурлиги ҳақида гапирган.
«Бундан ташқари Туркманистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик масалаларига асосий эътиборни қаратиш, бошқа мамлакатларнинг мазкур ташкилот билан ҳамкорлиги тажрибаларини ўрганиш, бизнинг иқтисодий кўрсаткичларимиз билан солиштириш керак», — деган Туркманистон давлат раҳбари.
25 ноябрда Туркманистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза топширган. Июль ойида мамлакат мазкур ташкилотда кузатувчи мақомини олганди.
Йиғилишда Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркманистон дипломатик хизматидаги иқциодий масалалр тўғрисида» қарорни имзолаган. Мазкур ҳужжат билан хориждаги элчихоналар, халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарнинг сарф-харажатлари, штатлар жадвали ҳамда дипломатлар, уларнинг оила аъзолари учун кўзда тутилган ижтимоий имтиёзлар тасдиқланган.
Тадбир сўнгида Бердимуҳамедов ҳукумат аъзоларини, давлат агентликларининг раҳбарларини, дипломатлар ва ОТМ педагогларини эсдалик нишонлар ҳамда медаллар билан тақдирлаган.
Мавзуга доир:
- Гурбангули Бердимуҳамедов амалдорларга Туркманистонда Бетарафлик куни ва Янги йил байрамини муносиб тарзда ўтказишни буюрди
- ОАВда илк бор Туркманистон биринчи хоними Огулгерек Бердимуҳамедованинг сурати эълон қилинди
- Туркманистонда COVID-19 йўқ деб айтган Гурбангули Бердимуҳамедов пандемияни сиёсийлаштирмасликка чақирди
- Бердимуҳамедов Қозоғистон президентини «Бетарафлик» ордени билан тақдирлади
- Бердимуҳамедов Ашхободга ташриф буюрган Қозоғистон президентига от ва ит совға қилди (видео)