Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Кутилмаган фалокатлар баъзан оғир жароҳатларга, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Лекин инсоният тарихида ўта қалтис вазиятларда омон қолиб, кўпчиликни ҳайратга солган кишилар ҳам учраб туради. «Дарё» улар ҳақида ҳикоя қилади.

Атом бомбаси ташлангандан кейинги Хиросима шаҳри

Атом бомбаси ташлангандан кейинги Хиросима шаҳри
Фото: BBC

Сутому Ямагучи

Сутому Ямагучи атом балоси билан икки марта тўқнаш келган инсон сифатида тарихда қолган.

1945 йили у 29 ёшда эди. Тенгдошларидан фарқли ўлароқ, Ямагучи император аскарлари сафида жанг қилмаган. У юқори малакали кема қурувчи муҳандис бўлган. 1945 йилнинг ёзида компания уни Хиросимага хизмат сафарига юборади.

Сутому Ямагучи

Сутому Ямагучи
Кадр: YouTube

6 август куни муҳандис Хиросимадаги кема заводида охирги иш кунини ўтказаётганди. Соат тонгги саккизда шаҳар осмонида Америка самолёти пайдо бўлади ва ундан парашютда атом бомбаси ташланади. 576 метр баландликда қурилма ишга тушади.

Муҳандис даҳшатли зарбадан мўъжиза туфайлигина омон қолади, лекин аҳволи жуда оғир эди: танасининг ярми куйиб, қулоқ ва бурнидан қон оқаётганди, кўзлари эса деярли ҳеч нимани кўрмасди. Шунга қарамай, эртаси куни станцияга етиб боради ва поездда она шаҳри — Нагасакига жўнайди. Нагасакида унга биринчи ёрдам кўрсатишади. Кўриниши шу қадар қўрқинчли эдики, ҳатто шифокор дўсти ҳам, оила аъзолари ҳам уни битта кўришда таниёлмайди.

Шу аҳволига қарамай, Ямагучи 9 август куни эрталаб сафар ҳақида ҳисобот топшириш учун ишхонасига боради. Бахтга қарши, ўша санада Нагасакига ҳам иккинчи атом бомбаси тушган. Лекин у иккинчи зарбадан ҳам омон қолади! Ямагучи бомбалар ташланган вақтда иккита шаҳарда ҳам бўлган киши сифатида расман тасдиқланган ягона япониялик ҳисобланади. Лекин у бундай бахтсиз тасодифни бошдан кечирган ягона инсон эмас.

Ямагучи 2010 йилнинг 4 январида, 93 ёшида вафот этган.

Алсидес Морено

Статистик маълумотларга кўра, учинчи қаватдан йиқилганларнинг фақат ярми омон қолади. Ўнинчи қаватдан қулаганларнинг деярли барчаси ҳалок бўлади. Лекин Америкада Нью-Йоркдаги 47 қаватли осмонўпар бинонинг томидан қулаб, тирик қолган инсон яшайди. Унинг исм-шарифи — Алсидес Морено.

Алсидес Морено

Алсидес Морено
Фото: BBC

2007 йил 7 декабрь куни Морено укаси Эдгар билан Slow Tower биносининг деразаларини ювиб чиқиши керак эди. Иккиси лифтда охирги қаватгача кўтарилиб, иморатнинг томига чиқади. Фожиа кутилмаганда содир бўлади. АҚШ меҳнат департаменти ҳисоботига кўра, улар беш метрли қурилиш кажавасига чиққан вақтда уни ушлаб турган симлар чердакдаги лангар нуқтасидан сирпаниб чиқиб кетган.

Алсидеснинг эслашича, аввал чап томондаги сим узилган ва ўша томонда турган укаси пастга тушиб кетган. Укаси 144 метрдан ерга етиб тушгунича қулаш тезлиги соатига 190 километрга етган. Алсидес ўзини ўнглагунича ўнг томондаги сим узилган ва у ҳам қулаган.

Кўп ўтмай воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ва санитарлар даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлади. Эдгар Морено ёғоч тўсиқ устига тушиб, ҳалок бўлганди. Алсидесни эса пачағи чиқиб кетган темир кажава бўлаклари орасидан топишади. У тирик эди! Кажаванинг бошқарув пультини чангаллаганча букчайиб ётарди. Гувоҳларнинг айтишича, у ҳатто ўрнидан туришга ҳаракат қилиб кўрган, лекин уддалай олмаган.

Алсидес қулаган Slow Tower

Алсидес қулаган Slow Tower
Фото: BBC

Ўт ўчирувчилар Алсидесни тез ёрдам машинасига «мўрт тухумни авайлагандай» кўтариб борган ва уни дарҳол яқин орадаги шифохонага олиб кетишган. Алсидес комага тушади; бош мияси жароҳатланган, қовурғалари, қўли ва икки оёғи синганди.

У сал кам уч ҳафта ўтиб, комадан чиқади. Яшаб қолишнинг деярли имкони йўқлигига қарамай, бир неча операциялардан сўнг омон қолган. Ҳозир у югура олмаса ҳам, тик оёқда қийналмай юра олади.

Фране Селак

Фране Селак дунёдаги энг омадли одам сифатида ном қозонган. Машҳурлигига сабаб у етти марта ажал билан юзма-юз келиб, ҳар сафар қандайдир мўъжизавий тарзда омон қолган. Бундан ташқари, у миллион долларлик жекпот ютиб олишга ҳам муваффақ бўлган.

Селак 1929 йилда Югославияда туғилган. Туғилиши ҳам экстремал тарзда кечганди: онаси уни отаси балиқ овлаётган қайиқда дунёга келтиради. У шу қадар нимжон эдики, шифохонада болани қутқариб қола олмасликларини айтишади, лекин онаси таслим бўлмайди. Таслим бўлмай тўғри қилганди: бола тезда оёққа туриб, кучга тўлади. Лекин олдида яна бир қатор хавфли фалокатлар турганди.

Селак биринчи марта 1962 йили ўлим билан тўқнашган. Ўшанда у ичида кетаётган поезд изидан чиқиб, дарёга қулайди. Бу фалокатда 17 киши ҳалок бўлади. Лекин у енгил жароҳатлар билан тирик қолган.

Иккинчи ҳодиса 1963 йилда содир бўлган. Бу сафар Фране самолётда учиб кетаётганди. Авария эшиги тўсатдан очилиб кетиши натижасида 19 нафар одам пастга тушиб кетади ва ҳалок бўлади, лекин Селак пичан устига тушганди. Танасининг айрим жойлари тирналиб, шок ҳолатига тушиб қолганини айтмаса, ҳеч қандай зиён кўрмаган.

Учинчи ҳолат 1967 йилда бўлиб ўтган. Бу сафар Фране Селак кетаётган автобус дарёга тушиб кетади. Автобусдаги тўрт нафар йўловчи вафот этганига қарамай, у яна енгил жароҳатлар билан дарёдан тирик чиқиб келади.

Фране Селак

Фране Селак
Фото: Livejournal

Навбатдаги фалокат Франенинг шахсий автомобилида рўй берган. Ўшанда қайноқ двигателга бензин оқиб тушиши натижасида машина ёниб кетади. Фране базўр ташқарига қочиб, ўлимга чап беради.

1973 йилги бешинчи воқеа ҳам автомобиль билан боғлиқ. Лекин бу сафарги ёнғин кабина ичида юз беради. Лекин, сезганингиздек, у фақат сочини куйдириб олади.

Олтинчи мартасида уни автобус уриб кетади. Бироз моматалоқ ва кўкаришлар билан қаҳрамонимиз яна омон қолади.

Охиргиси 1996 йилга тўғри келади. Ўшанда у енгил машина ҳайдаб кетаётиб юк машинаси билан тўқнашиб кетишига сал қолган. Фране ролни кескин буриб, жар ёқасига осилиб қолади. Автомобиль жарликка қулагунича у қочиб чиқишга улгурган. Бу вазиятда хавфсизлик камари тақилмагани унинг фойдасига ишлаганди.

Фране билан 2003 йилда содир бўлган навбатдаги ғаройиб воқеа фалокатлар билан боғлиқ эмас. Бу сафар у лотереяда жекпот ютиб олганди.

Рой Салливан

1912 йилда туғилган Рой Салливан етти марта яшин уришидан омон қолиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

«Чақмоқ одам» лақабини олган бу киши яшинга биринчи марта 1942 йилнинг апрель ойида дуч келган. Рой ўшанда бу офатдан қочиб, ёғочдан қурилган ва яшин тутгичи бўлмаган ўт ўчирувчилар биносига киради. Натижада бино ёниб кетади. Ташқарига қочиб чиққан Рой эса барибир нишонга айланади: чақмоқ зарбидан оёғи куйиб, этигининг таги тешилган.

Рой Салливан

Рой Салливан
Фото: Strangesounds
Табиий офат билан иккинчи «танишув» 1969 йил тоғ йўлида юк машинасини ҳайдаб кетаётган вақтда рўй берган. Чақмоқ аввал йўл яқинидаги дарахтларга, кейин машинанинг очиқ ойнасига тегади. Салливан зарбадан ҳушини йўқотади, қош-киприклари, сочининг катта қисми куйиб кетади. Шу каби бирин-кетин рўй бераётган офатлардан сўнг Рой ўзини қандайдир самовий куч йўқ қилишга уринаётганига ишона бошлайди. Бир сафар сочи ёниб, яқин атрофдаги ҳожатхонага чопиб кириб, аранг ўчириб олганидан сўнг ёнида доимо сув олиб юришни одат қилади.

Рой Салливан бошдан кечирган еттита чақмоқнинг барчаси у ишлаган Шенандоа миллий боғининг қўриқчиси Р. Тэйлор Ҳоскинс томонидан ҳужжатлаштирилган ҳамда унинг куйган жойларини текширган шифокорлар томонидан тасдиқланган. Рекордчининг таъкидлашича, яшин уни асли биринчи марта болалик вақтларида урган. Бироқ бунга тайинли исбот бўлмагани сабабли Рой одамларни ишонтиришга уринмайди.

Рой Салливан 1983 йилнинг 28 сентябрида, 71 ёшида ўзини отиб ўлдирган. Бугунги кунда Нью-Йорк ва Жанубий Каролинадаги Гиннеснинг рекордлар китоби кўргазма залларида Рой Салливаннинг иккита шляпаси сақланмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар