Сурхондарёнинг Денов шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли «Indenim» савдо мажмуасида 7 декабрь куни соат 03:57 да портлаш содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотига кўра, портлаш натижасида савдо мажмуаси биноси деворлари қулаб тушган.

Ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 04:02 воқеа жойига етиб бориб, чақнаш натижасида содир бўлган ёнғинни соат 04:25 да ўчирган.

«Чақнаш натижасида 9 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлиб, улар шаҳар шифохонасига ётқизилган», — дейилади ФВВ ахборотида. Ижтимоий тармоқларда қолдирилган хабарларда мажмуа ёнидаги янги қурилган турар жой бинолари ҳам портлашдан зарар кўрган бўлиши мумкинлиги таъкидланган.

Ҳодиса жойига бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилган. Комиссия таркибига ИИВ, ФВВ, Миллий Гвардия, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилган.

ФВВ ахборотида қўшимча қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.