Австралияда йирик сув тошқини оқибатида Квинсленд штатини сув босди. Икки киши ҳалок бўлган, мингга яқин киши уйларини ташлаб кетган. Табиий офат Квинсленд, Янги Жанубий Уэльс ва Виктория штатларида вайронагарчиликка сабаб бўлган, деб ёзади «Korrespondent.net».
Янги Жанубий Уэльсда фавқулодда хизматларга бир суткада 129 та ёрдамга чақирув қўнғироги келиб тушган. 300 дан ортиқ кўнгиллилар сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, одамларни қутқариш ва зарур воситаларни етказиб беришда иштирок этмоқда.
Квинсленд штатида жойлашган Тувумба шаҳри шимолидаги Окей Крик аҳоли пунктида 1 декабрь куни 73 ёшли эркак сувга чўкиб кетган. Марказий Квинсленддаги Рокхемптон шаҳрининг ғарбий қисмида сув босган уйдан яна бир эркакнинг жасади топилган.
Ноябрь бошида ҳам Австралияда кучли ёмғир ёғиши ортидан йирик сув тошқинлари юзага келганди. Тошқинда дарахтга илиниб қолган эркак 6 соат ичида хавфсиз жойга олиб ўтилгани хабар қилинган.
Ноябрь охирида эса Испаниядаги бир қатор шаҳарларда кучли қор ёғиши туфайли сув тошқини юз берганди. Бильбао шаҳрида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бошланган. Кўчаларда тўхтаб қолган машиналар бутунлай сувга ботган.
Аввалроқ Хитой шимолидаги Шанси провинциясида бир ҳафта тинмаган кучли ёмғир кенг кўламли сув тошқинларини келтириб чиқарганди. Оқибатда минтақадаги 1 миллион 760 минг кишини эвакуация қилишга тўғри келган. Шунингдек, Лондонда кучли ёмғир ёғиб, оқибатда сув тошқини юз бергани ва бир нечта метро линиялари ёпилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)