Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Шоу-бизнес вакилларининг ҳаёти ҳамиша омма эътиборида. Уларнинг нафақат ижоди, балки кундалик ҳаёти, қизиқишлари ҳатто муаммолари ҳам одамлар учун қизиқ.

Яқинда хонанда Рухшона турмуш ўртоғи, клипмейкер Санжар Маткаримов билан 7 йиллик турмушидан сўнг ажрашаётганини маълум қилди. Кўпчилик ҳавас қилгулик оила ҳисобланувчи юлдузли жуфтликнинг ушбу қарори уларнинг кузатувчилари учун кутилмаган ҳолат бўлди. Афсуски, Рухшона оиласи дарз кетаётган ягона таниқли ижодкор эмас. Қуйида турли сабабларга кўра, оила аталмиш қўрғони бузилаётган бошқа санъаткорлар ҳақида сўз юритилади.

Санжар Маткаримов ва Рухшона

Фото: «Yoshlar.com»

Хонанда Рухшона клипмейкер Санжар Маткаримов билан 2014 йилнинг 2 ноябрида оила қурганди. Жуфтликнинг тўнғич фарзанди Ҳабиба 2015 йилда, ўғли Шукурбек эса 2016 йилда дунёга келди.

Ижодкорларнинг оила қуриши иккиси учун ҳам омадли келди. Боиси хонанда турмуш ўртоғи билан  «Юраккинам», «Яна», «Имкон бўлса» ва «Юр» каби қўшиқларига клип суратга олди. Рухшона бошловчилигида режиссёрнинг «Бола тилидан» номли кўрсатуви  телеканаллар орасида бир неча бор энг рейтинги баланд кўрсатув сифатида эътироф этилди. Санжар Маткаримов Рухшонанинг «Юраккинам» клипида рол ижро этиб, актёрлик маҳоратини намойиш этганди. Афсуски, бу эр-хотин ижодкорларнинг сўнгги ижодий ишлари бўлди. Чунки Рухшона бу клипидан сўнг бирорта қўшиғига клип суратга олмади.

Рухшона турмуш ўртоғи билан ажрашишга қарор қилгани ҳақида шу йилнинг октябрь ойида маълум қилди. Instagram’да кузатувчилари ундан турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов билан ажрашгани рост ёки ёлғон эканлиги ҳақида сўрашди. Хонанда эса бунинг ҳақиқат эканини айтиб, келгусида ярашиш нияти йўқлигини маълум қилди. Унинг айтишича, айни вақтда жуфтликнинг фарзандлари Рухшона билан бирга. Аммо ажримдан кейин Санжар Маткаримов бир муддат давомида болаларни Рухшонага бермаган.

Оиланинг бузилишига асосий сабаб рашк эканлиги кўрсатилмоқда. Шунингдек, Рухшона ажримдан кейин ўзига келиш учун Яратгандан тун-у кун куч-қувват сўраганини айтиб ўтган.

Бундан ташқари, хонанда орадан ҳеч қанча вақт ўтмай турмуш ўртоғининг уйидан унга тегишли бўлган буюмларини олиб чиққани ва янги уйга кўчиб ўтаётганини айтган.

Дарвоқе, хонанда эндиликда Санжар Маткаримов режиссёрлигидаги «Бола тилидан» кўрсатувига бошловчилик қилмайди. Айни дамда бу вазифани актриса Азиза Ёқубова бажармоқда.

Азиза Ёқубова иккинчи турмушидан ҳам ажрашди

Instagram / @zarka_g‘аниева

«Журналист» сериалидаги роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Азиза Ёқубова 2020 йилнинг сентябрь ойида оила қурганди. Икки ёшнинг тўй оқшоми шов-шувларга бой ўтгани ва кўплаб кино ижодкорлари иштирок этгани ҳақидаги видеолар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалганди.

Тўйдан сўнг Азизага турмуш ўртоғи Шавкат Орипов бир муддат маъмурлик қилди. Улар тўй-ҳашамларга, концерт дастурларига бирга ташриф буюришди. Афсуски, шу йилнинг февраль ойида Азиза Instagram орқали эрининг хиёнат қилгани билан боғлиқ важларни иддао қилиб, ажрашмоқчи эканлигини маълум қилди. Ўша пайтда актриса фарзандига ҳомиладор эди. Орадан уч ой ўтиб, 14 апрель куни актриса ўғил фарзандли бўлди. Ёши улуғ кишилар ва қариндош-уруғларнинг аралашувчи билан эр-хотин ярашди, афсуски, муносабатлар барибир илимади.

«Эрим билан ажрашганимга анча бўлди, бўлди бу хато ортиқ такрорланмайди», — дейди актриса.

Айни дамда актриса биринчи ва иккинчи турмушидаги фарзандлари: Ясмина ва Муҳаммадамир билан ўз уйида яшамоқда. Собиқ турмуш ўртоғи Шавкат Орипов эса Сардор Раҳимхоннинг «Ажр» лойиҳасида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, у сўнгги вақтларда диний мазмундаги роликларда ҳам суратга тушмоқда.

Камила Гимандинова қизини ёлғиз тарбияламоқчи

Фото: Instagram

«Қадам» сериалидаги Кумуш роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса ва блогер Камила Гимандинова ҳам турмуш ўртоғи билан ажрашди.Камила 2020 йилнинг ёз ойида Фарруҳ Ҳабибуллаев билан оила қурганди. Афсуски, карантин сабаб уларнинг тўйи бўлмаган, ёшлар фақатгина тўй либосларида суратга тушишган, холос. Актриса турмуш ўртоғи билан «Қадам» сериалида суратга тушмасдан аввал танишган.

Фото: Instagram / @gimandinova_official

Афсуски, шу йилнинг январь ойида уларнинг ажрашганлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Актриса Instagram орқали эри билан яшамаётгани ва туғилажак фарзандини ёлғиз тарбиялаш ниятида эканлигини маълум қилди.У шу йилнинг 17 июнь куни қиз фарзандли бўлди. Туғруқхонадан турмуш ўртоғи Фарруҳ Ҳабибуллаев билан чиққанлигини кўрганлар актриса турмуш ўртоғи билан ярашади, деган хаёлга боришганди. Бироқ кейинроқ Камиланинг турмуш ўртоғи Фарруҳ у билан ажрашганини маълум қилди.

Фарруҳ Ҳабибуллаев ўзини актёрликда ҳам синаб кўрди. У Камила билан ҳамкорлик қилган режиссёр Бахтиёр Сафаровнинг «Мени асра» сериалида гиёҳванд йигит ролида суратга тушди.

Зоҳид ва Камоланинг 12 йиллик муҳаббат тарихи тўйдан кейин якунланди

Зоҳид Ризқиев «Уммон» гуруҳи вакиллари орасида охирги бўлиб оила қурганди. Гуруҳ вакили Жасур 2015 йилда, Шоҳруҳ 2016 йилда, Зоҳид эса 2020 йилнинг 20 октябрь санасида модель Камола Ортиқова билан оила қургани катта шов-шувга сабаб бўлган. Зоҳид ва Камола 12 йиллик муҳаббатдан сўнг висолга етишганди. Бироқ уларнинг турмуши бир йил давом этди. Камола Instagram’даги Stories орқали турмуш ўртоғи билан яшамаётганини айтган.

Фото: Instagram

Шу йилнинг 16 октябрь куни Instagram кузатувчиси Камола Ортиқовага «Эрингиз билан ажрашиш сабабини айтоласизми?» деб савол берди. Афсуски, у жавобида  турмуш ўртоғи билан яшамаётганлиги ва ярашиш нияти ҳам йўқлигини маълум қилди. Уларнинг иккиси ҳам тўйлари билан боғлиқ суратларни Instagram саҳифаларидан ўчирди.

Дарвоқе, 2019 йилда Камола ва Зоҳид «Мени эсла» номли қўшиқни ижро этишганди. Ушбу қўшиқ Зоҳиднинг расмий каналидан ҳам аллақачон ўчирилган.

Шаҳноза Отабоева актёр эри билан ажрашди

Фото: Мй Дай

Хонанда Шаҳноза Отабоева ҳам турмуши ўхшамаганлардан. У 2017 йилнинг 7 ноябрь санасида актёр Комил Бобоназаров билан оила қурганди. Актёр «Қора илон», Туғилмаганлар», «Бешинчи фасл», ва «Нотаниш қотил» каби фильмларда рол ижро этган.

Фото: Instagram / @shahnoza_otaboyeva_official_

Шаҳноза Отабоева 2018 йилда ўғил фарзанд кўрди ва ижоддан бироз чекинди. Орадан бир йил ўтиб, иккинчи ўғли Асадбекни дунёга келтирди.Афсуски, хонанда ҳам маълум сабабларга кўра ажрашишга қарор қилди. Айни дамда у ўғилларининг тарбиясига ёлғиз ўзи масъул. Instagram кузатувчилари «Сиз кучли аёлсиз», «Ўғилларингиз сизни бахтли қилади» мазмунидаги гаплар билан унга мотивация бағишлаяпти. Шаҳноза Отабоева ажрашишига нима сабаб бўлгани ҳақида гапирмайди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар