Муҳаммадали Алиев томошабинларга «Қадам» сериалидаги Темур роли билан яхши таниш. Бундан ташқари у Муниса Ризаеванинг «Юрак» ва «Айрилдинг» клипларида ҳам суратга тушган. Қизиғи, у актёр бўлишни истамаган ва аёлининг турткиси сабаб шу соҳани танлаган. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова актёр билан суҳбат уюштирди.

«Отамни 16 ёшимга қадар кўрмаганман» 

Фото: Instagram / @themukhammad.али

— Санъаткорлар оиласида туғилганман. Отам Маъруф Алиев анча йил спорт каналида режиссёр бўлиб ишлаган, ҳозир эса театрда режиссёр ёрдамчиси бўлиб фаолият юритади. Шундай бўлса-да, болаликдан санъатга қизиққанман, деёлмайман. Чунки отам икки ёшимда АҚШга кетиб, 16 ёшимда қайтиб келган. Шу боис эсимни таниган пайтимда санъаткор бўламан, деган қатъий қарорим йўқ эди.

Оилада мендан аввал акам ва опам бор. Ҳамма оилада бўлганидек бизда ҳам моддий қийинчиликлар бўлган. Телеведениедаги ойликлар камлиги учун моддий жиҳатдан қийналган эканмиз. Ўшанда отам АҚШга кетиб, 14 йил қора ишчи бўлиб ишлаган.

Фото: Instagram / @themukhammad.али

Мактабни тамомлаб, Иқтисодиёт коллежида таҳсил олганман. Ундан кейин Москвадаги институтнинг психология йўналишига ҳужжат топширдим. Имтиҳонлардан ўтолмай, бир йилдан кейин Тошкент халқаро Вестминстер университетига киришга ҳаракат қилдим. Аммо навбатдаги уринишларим ҳам самара бермади. Отам АҚШда ишлаётгани сабаб оиламиздаги моддий аҳвол анча яхшиланди. Онам савдо марказидан кичик дўконлар харид қилди. Талаба бўлиш умидим сўниб ўзимни савдода синаб кўрмоқчи бўлдим. Онамдан кичик дўконларидан бирини менга беришини сўрадим. Бир неча йил дўкончада ширинликлар сотиш билан шуғулланганман. Орада оила қурдим, ишим ҳам ўзимга ёқарди. Аммо кутилмаганда онамда саратон хасталиги аниқланди. Шундан сўнг барча дўконларни сотиб, онамни даволатишга қарор қилдик. Мана шундан кейин руҳий тушкунлик, ўз-ўзидан қониқмаслик ҳисси мени тарк этмади.

«Актёр бўлишимни аёлим истади» 

Фото: Instagram / @themukhammad.али

— Актёр бўлишимга аёлим сабаб бўлган. Агар у қўллаб-қувватламаганида ҳалигача сотувчи бўлиб юрган бўлардим. Бир куни танишларимдан бери «Севимли» каналида сериал учун кастинг ўтказилаётганини айтди. Аёлим бу ҳақида эшитиб, негадир кастингда иштирок этишимни истади. Балки бунга ишимдан қониқмаётганим сабаб бўлгандир. Иккимиз режиссёр Бахтиёр Сафаровнинг олдига бордик. Аммо суҳбатдан сўнг ўзимни актёр, Бахтиёр Сафаровни режиссёр сифатида кўролмадим. Чунки «Қадам» сериали Бахтиёрнинг илк режиссёрлик иши бўлгани учун аниқ фикри йўқ эди. Таваккал қилиб съёмкани бошлаганмиз.

«Муниса Ризаева билан яхшиман»

— 2020 йили клипмейкер Ҳабибуллоҳ Набиев Муниса Ризаеванинг «Бўлди юрак» клипига таклиф этди.  У билан партнёр борисида бош қотирдик. Шунда Камила Гимандинова билан клипда ҳам суратга тушсак-чи, дедим. Бу фикр клипмейкерга ҳам маъқул келди. «Бўлди юрак» клипи ўзбек шоу-бизнесидаги энг қиммат клиплардан бири ҳисобланади. Ролим мураккаб бўлгани боис гонорарим ҳам анча баланд бўлган. Клипмейкер билан  800 АҚШ долларига келишганмиз. Бундан ташқари, Ҳабибулло ака ўзим суратга оладиган клипларда  амалий кўмак беришни  ҳам ваъда қилганди. Сўзининг устидан чиқиб, режиссёрлигимдаги илк клипни суратга олишимга кўмаклашди. Орадан тўрт ой ўтиб Муниса Ризаева қўнғироқ қилиб яна бир клипига таклиф этди. Муниса Ризаева билан яқин бўлганимиз учун иккинчи таклифни ҳам бажонидил қабул қилдим. «Айрилдинг» клипини Жамшид Ҳожиниёзов суратга олди. Муниса Ризаевани ҳурмат қиламан, мард, самимий инсон.

«Фақат актёр бўлиб қолиш ниятим йўқ» 

— Асли режиссёр эмасман, аммо бу соҳага қизиқишим баланд. Шу боис кичик реклама роликлари ва клиплар ҳам суратга оламан. Ёш хонанда Муштарий Зафарнинг «Икки кўнгиллар» клипини суратга олдим. Менимча, клип у қадар ёмон қабул қилинмади. Аммо режиссёрлик бўйича кўп нарсаларни ўрганишим керак. Клипларга таклифлар кўп бўлади. Имкон қадар рад этмасликка ҳаракат қиламан. Чунки съёмка жараёнида нималарнидир ўрганаман. Келажакда бу мутахассислик бўйича хорижда таҳсил олиш ниятим бор.

«Камила Гимандинова билан дўстмиз» 

Фото: Instagram / @themukhammad.али

— «Қадам» сериалидан сўнг «Аёлингиз Камиладан рашк қилмайдими?» деган гапларни кўп эшитдим. Йўқ, бирор марта аёлимнинг рашкини сезмаганман. Балки у мендан ҳам кўпроқ актёр бўлишимни истагани учун рашк қилмас. Айнан сериал суратга олинаётганда у ҳомиладор бўлган. Лекин эпизодларни мен билан муҳокама қилишга, ролим ҳақида қайғуришга ўзида куч топган. Аслида Камиланинг ўрнига бошқа қиз суратга тушиш керак эди. Аммо у қиз ролни рад этди ва яна актриса изланди. Камила билан аввалдан таниш бўлмаганман, аммо унинг феъл-атвори илк кўришда яхши таассурот қолдирган. У ҳозир энг яхши дўстларимдан бири десам ҳам бўлади.

«Онамдан айрилган куним ҳаммаси тамом дегандим» 

Фото: Instagram / @themukhammad.али

— Юқорида айтиб ўтганимдек, санъаткор бўлишимда аёлимнинг ҳиссаси жуда катта. Чунки у сабаб таваккал қилишга қарор қилганман. Агар «Актёр бўлиб тайёр ишингизни йўқотасиз», деганда ҳеч қачон санъатни танламаган бўлардим. Айнан сериалдаги иштироким ҳаётимга ўзгача нур бағишлаган.

Ҳаётимдаги энг ёмон кун эса 2014 йил содир бўлган. Онамда саратон хасталиги аниқланган. Олти йиллик даволанишлар самара бермагач, шу йили Туркияда жарроҳлик амалиётидан муваффақиятли ўтди. Ҳаммаси ортда қолди, энди соғлиғимдан муаммо йўқ деганларида Ўзбекистонга қайтиб, сентябрда ковид билан касалланди. Бирдан аҳволи ёмонлашиб,  жонлантириш бўлимига ётқизилди. Эртаси куни касалхонада жон берди. Очиғи, онамни йўқотгач тушкунликка тушиб қолдим. Бу ташқи кўринишимга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Семириб кетишимнинг боиси ҳам шунда. Яхшики отам ёнимда, унинг турткиси сабаб янги ижодий лойиҳаларга қўл уряпман.

Фото: Instagram / @themukhammad.али

Маълумот учун, Муҳаммадали Алиев 1996 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Шу кунгача, «Қадам», «Шукрона», «Зулмат ортида», «Кўнгил» сериалларида, «101 рейс» фильмида  суратга тушган. Оилали, икки фарзанднинг отаси.