Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги спорт мактаби собиқ директори 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Китоб тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, август ойида тумандаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори бўлган М.Х. ўз хизмат хонасида фуқаро У.Б.дан спорт мураббийи лавозимига ишга киритиб қўйиш учун 1,5 миллион минг сўмни пора тариқасида олаётганида ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Китоб тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбир давомида қўлга олинган.

Туман ҳокимлигининг 25 ноябрь эълон қилган хабарига кўра, Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида М.Х. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.