Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Жиззах вилояти Зомин туманидаги 5-мактабда 13 ноябрь куни директор ўринбосари ва кадрлар менежменти бўлими бошлиғи ўртасида жанжал содир бўлган. Бу ҳақда «Замон» информацион кўрсатувида маълум қилинди.

Хабар қилинишича, шу куни мактаб директорининг маънавият ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари Ф.Й. кадрлар бўйича менежер Ж.Б. билан тортишиб қолган. Жанжалнинг асосий сабаби Ж.Б.нинг ушлаб қолинган ойликлари ноқонуний деб топилгани учун пулларни қайтариб бериш ҳақидаги талаби бўлган.

«Ойлик маошимни сўрадим, кесилганди. У эса ҳақорат қилиб, сўкиниб кетди. Олдини тўсиб, нега ҳақорат қилаётганини сўрасам, аёл кишисан, олдимда турма деб, куракда турмайдиган гаплар гапирди. Шунда елкасидан ушлаб, итардим, нима деяпсиз, деб. Шу жойда мушт келиб қолди. 5 кун шифохонада даволаниб, муолажа олдим. 5-куни мазам бўлмади, 2 ярим ойлик ҳомилам тушибди», — деган аёл.

Кадрлар бўлими бошлиғи эса бўлиб ўтган ҳолатни қуйидагича изоҳлаган:

«Юриб кетаётсам олдимни тўсди. 3-4 соатлик дарсимнинг пуллари қани, деди. Мен айтдим: ‘мен ўзим кесмайман, директор кесган. Бухгалтердан сўранглар’. Шунда у пулларимни сен ишлатиб юборгансан, дея ҳақорат қилиб кетди. Елкамдан ушлаб, кўкрагимдан итарди. Бир пайт тиззаси билан тепмоқчи бўляпти. Кейин жағимга урди. Шунда қўлим кетиб қолди. Урганим йўқ, фақат кўкрак қисмига қўлим тегиб кетибди. Кейин ажратиб олишди».

Қайд этилишича, Ж.Б. ўзи масъул бўлган дарсларни ўтмай, мактабдаги бошқа лаборант ходим ва фаррошлардан дарсини ўтиб туришини, эвазига пул беришини айтган, аммо пулларни бермаган. Бундан ташқари, ходимларнинг 6 ойлик маошларини бермай, рухсатсиз миллионлаб ойликлардан ушлаб қолган ва ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар