Тошкентда Isuzu ҳайдовчиси автобусни бошқараётган вақтида телефонида кино кўриб кетаётгани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалганди. «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати ушбу ҳайдовчига чора кўрилганини маълум қилди.
Хабарга кўра, мазкур қоидабузарлик «8-автобус саройи» МЧЖга бириктирилган 97-йўналишдаги Isuzu русумли автобус ҳайдовчиси Т.К. томонидан 9 ноябрь куни содир этилган.
Ҳайдовчига нисбатан давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автобус саройи томонидан ўрнатилган тартибда интизомий жазо чораси кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкентда ҳаракат вақтида телефонда гаплашган 94-сонли йўналиш автобуси ҳайдовчиси ишдан олинганди. Сентябрь ойида йўловчи аёлга қўполлик қилган 155-сонли йўналишда ҳаракатланувчи Isuzu ҳайдовчиси вақтинча ҳайдовчилик вазифасидан четлатилганди.