«Толибон» ҳаракати аъзолари бошчилигидаги Афғонистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) техник муаммоларни ҳал қилгандан сўнг тадбиркорлар ва оддий савдогарларга қурол олиб юришга рухсат беради. Бу ҳақда вазирликнинг «Толибон» томонидан тайинланган матбуот котиби Саид Хости маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Афғонистон ИИВ айнан қандай техник муаммоларни бартараф этиши зарурлигига Хости изоҳ бермади. Унинг таъкидлашича, «Ички ишлар вазирлиги афғон тадбиркорлари дуч келаётган хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш устида қаттиқ ишламоқда».
Аввалроқ ИИВ вакили вазирлик тадбиркорларнинг ўзини ҳимоя қилиши учун яқин орада уларга қурол-яроғ лицензиялари беришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилганди. «Эски лицензияларни олиб қўямиз ва янгисини берамиз», — деди у.
Октябрь ойи охирида Афғонистон Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси ўринбосари Хон Жан Алокозай сўнгги икки ой давомида мамлакатнинг бир қанча вилоятларида тадбиркорларни тунаш бўйича 40 дан ортиқ ҳолат қайд этилганини маълум қилган. Ҳужумчиларга қарши курашишга уриниш мобайнида камида тўрт киши ҳалок бўлган. Палата раиси ўринбосарига кўра, «Толибон» тадбиркорларни қуролсизлантириб қўйгани ушбу ҳодисаларнинг сабабларидан биридир.
Изоҳ (0)