Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Актриса Шукуржон Сафаева «Парвона» спектаклидаги бош қаҳрамон Назокатнинг яқин дугонаси Юлдузхон образи билан элга танилган. Спектакль саҳналаштирилганида у 36 ёшда эди. Кейинчалик актриса кино ва спектаклларда кўринмай кетди.

Фото: Шукуржон Сафаева архивидан

Фото: Шукуржон Сафаева архивидан

«Паспортим йўқлиги панд берган!» 

— Исмимни илк бор эшитган одам ҳайратланиши аниқ. Асли хоразмликман, фақатгина бизда қизларнинг исмига жон қўшиб чақиришади. Менга раҳматли бувимнинг исмини қўйишган экан.Кутилмаган омад туфайли санъат соҳасига кирганман, десам хато бўлмайди. 1965 йили телевидениеда киностудия қошида актёрлик курси ташкил этилгани, 16-25 ёшгача бўлган йигит-қизлар кастинг асосида қабул қилиниши ҳақида эълон қилишди. Онамга хархаша қилиб,  кастингга олиб боринг, деганман. Онам «Қизим 15 ёш, барибир уни қабул қилишмайди», деб киностудияга олиб борган. Ҳақиқатан ҳам паспорт олмаганларни қабул қилишмас экан. Ҳафсалам пир бўлиб, ташқарида турганимда ёнимга бир йигит келиб, «Кинода суратга тушишни хоҳлайсизми?» деб сўради. Кейин билсам, у йигит машҳур режиссёр Али Ҳамроевнинг ассистенти Мелис Абзалов экан. Ўшанда «Оппоқ, оппоқ лайлаклар» фильми учун ўсмир ёшдаги қизни излашаётган экан. Кутилмаган тасодиф сабаб Раззоқ Ҳамроев ва Раҳим Пирмуҳаммедов каби санъаткорлар билан ишлаш бахтига мушарраф бўлганман.

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

«Халқ артистлари гуруҳида ўқиганман» 

— Рус мактабида ўқиганим учун ўзбек тилида ёзишга бироз қийналардим. Аксига олиб институтга ҳужжат топширган йилим актёрлик бўйича рус гуруҳлари очилмади. Шу боис ижодий имтиҳондаги иншодан икки баҳо олдим. Хайриятки, устозлар маҳоратимни кўриб, ўзбек тили грамматикасидан саводсиз эканлигимга кўз юмишди. Курсимизга Ўзбекистон халқ артисти Сора Эшонтўраева раҳбарлик қилган. Бизни институтда ҳазиллашиб «Халқ артистлари гуруҳи» дейишарди. Ҳақиқатан ҳам курсимиз талабалари санъатнинг энг олди ижодкорлари бўлиб етишишди.  Мен Ёдгор Саъдиев, Ойбарчин Бакирова, Муҳаббат Абдуллаева, Саидкомил Умаров каби ижодкорлар билан курсдош бўлганман.

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

«Эркин Комилов Ўткурийни рад этган»

— Институтдан кейин тўғри Ўзбек миллий академик драма театрига ишга бордим. Йигирма йиллик фаолиятим давомида катта-кичик ролларни ижро этдим. У пайтда «Парвона» спектакли театр рэпертуаридан чиқарилган эди. Сабаби спектакль режиссёри Тошхўжа Хўжаев бетоб бўлганлиги сабабли турмуш ўртоқлари актриса Ирода Алиева ҳам ишдан кетган экан. У спектаклдаги Назокат ролини ижро этгани учун спектакль намойиши тўхтатилган. Орадан бироз вақт ўтиб, халқ талаби асосида спектакль қайта тикланадиган бўлди. Обид Юнусовга дублёр қилиб Эркин Комилов танланди. Назокат ролини эса Рихси Иброҳимова ва Гулчеҳра Иброҳимбековалар ижро этадиган бўлишди. Юлдуз ролини эса мен ва Маҳфуза Боботиллаева ижро этардик. Мавсум бошланиши билан бир-икки ижродан кейин Эркин Комилов ролни рад этди. Чунки ижродан актёрнинг кўнгли тўлмаса, у ролда яшолмайди. Деярли ҳар куни «Парвона» спектакли намойиш этиларди. Дам олиш кунлари 3-4 сеансдан намойиш этилган кунлар ҳам кўп бўлган. Энг ёмони, бошқа спектакль актёри касал бўлиб қолса ҳам, рэпертуар ўзгариб, «Парвона» қўйиларди. Чунки бу спектакль актёрларини жамлаш анча осон эди. Бутун бошли спектаклда бор-йўғи 7 та актёр иштирок этарди.

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

Фото: Шукуржон Сафаева шахсий архивидан

«Театрдан ишдан кетишимга рашк сабаб деб ўйлашади»

— Айримлар театрдан кетишимга турмуш ўртоғимнинг рашки сабаб бўлган, деб билишади. Турмуш ўртоғим  Оллаберган Омонов билан институтда бирга ўқиганмиз. «Парвона» спектакли саҳналаштирилганда 3 фарзанднинг онаси эдим, ёшим ҳам 36 да бўлган. Деярли ҳаётим бир спектакль билан узлуксиз боғланиб қолган бўлса ҳам, турмуш ўртоғим норози бўлмаган.Аслида, театрдан кетишимга ички низолар, моддий қийинчиликлар ва соғлиғимнинг ёмонлашиши сабаб бўлган. «Деди-деди» гаплардан чарчаганим учун ўзимни педагогликда синаб кўришга қарор қилганман. Аввал Тошкент маданият коллежида, ундан кейин Ўзбекистон давлат консерваториясида актёрлик маҳорати дарсидан сабоқ бердим.

Фото: Шукуржон Сафаеванинг шахсий архивидан.

Фото: Шукуржон Сафаеванинг шахсий архивидан.

Саҳнани тарк этганимга ҳеч қачон ачинмайман. Муҳими, ҳаётимда театр билан боғлиқ ширин хотиралар бор. Томошабинлар ҳам ҳалигача «Парвона»даги Юлдузни унутишгани йўқ.

Наргизахон Муродова суҳбатлашди

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Қозоғистон пойтахтида намойишлар бўлиб ўтмоқда (видео)
Маҳаллий
Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими радар ўрнатилган машинасида таксичилик қилгани айтилмоқда (видео)
Спорт
Искандаров — энг яхши футболчи, Кападзе — энг яхши мураббий. Ўзбек футболида 2022 йилнинг энг яхшилари аниқланган маросимдан фоторепортаж