Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонлари билан Қобул Турсунов Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Нормат Турсунов

Фото: ДСҚ

Маълум қилинишича, 2018 йилдан бери Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Нормат Турсунов солиқ органлари тизимидаги фаолиятини 1994 йили Тошкент шаҳрининг Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) тумани давлат солиқ инспектори лавозимидан бошлаган. 2010–2017 йилларда у Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари, сўнг Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Қобул Турсунов 2016 йил 25 декабрдан бери Навоий вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келаётганди. Бунга қадар у Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳамда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосарига ҳайфсан берган эди. Ўшанда тадбиркорларнинг 7 мингдан ортиқ муаммоси (24 фоиз) ечилмасдан қолаётгани айилганди. Улар фаолиятидаги тўсиқлар ҳақида маълум қилган. Бу вилоятлар орасидаги энг ёмон кўрсаткич. Давлат раҳбари Навоий вилоятидаги 10 та кичик саноат зоналарининг 72 гектар ерига (66 фоиз) бирор ҳам лойиҳа жойлаштирилмаганини қайд этганди. Президент «чорак якунигача ўзгариш бўлмаса, барчаси ишдан кетади», дея огоҳлантирган эди.

Аввалроқ Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистоннинг барча туман, (шаҳар)ларида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятининг баҳолаш рейтингини эълон қилганди. Унда вилоятларнинг топ туманлари рейтингида Навоий вилояти етакчилик қилган.