Серра-Леоне пойтахти Фритаунда 5 ноябрь куни юк машинаси билан тўқнашган бензовоз портлаши оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар қилди.
Пойтахт мери Ивон Аки-Савернинг сўзларига кўра, ҳолат шаҳарнинг Бай Буреҳ турар жой массивида содир бўлган. Тахминларга кўра, ҳодиса оқибатида 100 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Моддий зарар миқдори номаълум. Шаҳар ҳукумати қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Маҳаллий ОАВнинг қайд этишича, қурбонлар сони кутилганидан кўпроқ бўлиши мумкин. Бунга сабаб сифатида кўплаб одамларнинг автоҳалокатдан кейин ёқилғини текинга қуйиб олиш учун қулаган бензин цистернаси олдига югургани кўрсатилган. Ҳодиса вақтида атрофда бўлган кишиларнинг бир қанчаси куйган ва яраланган. Портлаш ва ёнғин оқибатида ўнлаб бинолар вайрон бўлиб, иккита ёқилғи қуйиш шохобчаси ёниб кетган.
Март ойида Африканинг бошқа бир давлати — Экваториал Гвинеяда базада юз берган портлашлар оқибатида 100 га яқин киши ҳалок бўлган, 400 дан зиёд одам жароҳатланганди.
Изоҳ (0)