Сўнгги кунларда Ўзбекистон йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар тафсилотини тақдим этамиз.

Жиззахда ҳайдовчи Nexia ичида ёниб кетиб вафот этди

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 2 ноябрь куни соат 04:20 ларда Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, «Қайнар» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М–39 автомобиль йўлининг 1143-километрида ҳайдовчи, 1990 йилда туғилган Ж.Ж. Nexia автомобилни бошқараётиб, эҳтиётсизлиги оқибатида рул бошқарувини йўқотган ва йўл четидаги катта тошга урилиб, ағдарилиб кетган. ЙТҲ туфайли автомобилда ёнғин юзага келган.

Фото: ЙҲХББ

Ҳайдовчи ЙТҲ ҳамда ёнғин оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Nexia-2 эшак аравада кетаётган фуқаронинг ҳаётига зомин бўлди

2021 йил 30 октябрь куни соат 20:30 ларда, Поп тумани «Пилол» МФЙ ҳудудида, Nexia-2 автомашинасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўл четида эшак аравада кетаётган, 1965 йилда туғилган фуқарони уриб юборган.

Оқибатда жабрланувчи олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт бошқариш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Нукусда маст ҳайдовчи бошқариб келаётган Cobalt бошқа бир Cobalt билан тўқнашди

Нукус шаҳрида Cobalt ҳайдовчиси маст ҳолда транспорт бошқариб, ўзи билан бир йўналишда кетаётган бошқа бир Cobalt’га бориб урилган.

ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган, автомобилларга зарар етган.

"]

Маст ҳайдовчи ички ишлар бўлимига олиб кетилган, автомашина эса жарима майдончасига қўйилган.

TikTok учун одамларни юкхонасига чиқариб ҳаракатланган Labo

ИИВ ЙҲХББ хабарига кўра, Labo’нинг юкхонасига йигитларни чиқариб, салондаги йўловчини машина ойнасидан танасини чиқаришига йўл қўйган ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

«Йўловчи ташиш мумкин бўлмаган жойга одам миндириб, қилган ишимдан пушаймонман. Йўловчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб ҳаракатландим», – дейди ҳайдовчи.