2020 йилда атмосферада иссиқликни ушлаб турувчи иссиқхона газларининг концентрацияси коронавирус пандемиясида ифлослантирувчи чиқиндилар вақтинча камайганига қарамай, янги рекорд кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан тарқатилган бюллетенда сўз боради, деб хабар беради «Интерфакс».

Фото: Anadolu

«2020 йилда ҳар бир миллионта CO2 да (ppm) 413,2 та заррача қайд этилган, бу саноат ривожидан бери 149 фоизга юқоридир. Инсон фаолияти Ердаги табиат мувозанатини бузишни энди бошлаган 1750 йилги даражага нисбатан метан концентрацияси 262 фоизни, азот оксиди 123 фоизни ташкил этган», — дейилади хабарда.

Экспертларнинг хулосасига кўра, коронавирус пандемияси сабаб айрим давлатларда жорий этилган карантин иссиқхона газларининг атмосферага чиқишига ёки уларнинг ўсиш темпига сезиларли таъсир кўрсатмаган.

Бундан ташқари, экспертларнинг таъкидлашича, «карбонат ангидрид молекулалари узоқ яшаши сабаб ҳавога чиқарилаётган газлар нол даражага қадар кескин қисқартирилган тақдирда ҳам ҳозирги ҳарорат даражаси яна ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолади».

Прогнозларга кўра, иссиқхона газлари концентрациясининг ортиши инсонларга нафақат глобал исиш, балки экстремал об-ҳаво шароитлари кўпайиши билан ҳам хавф туғдиради: жазирама, ёғингарчилик, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва океаннинг оксидланиши, музлар эриши ва буларнинг барчаси салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келади.

Ташкилотнинг бош котиби Петтери Тааласнинг маълум қилишича, «иссиқхона газлари концентрациясининг шу темпда ўсиши аср охирига бориб Париж битимида қайд этилган мақсадли кўрсаткичлар — саноат давридан олдинги даражага нисбатан Цельсий бўйича 1,5—2 даражага кўтарилишидан ортиб кетиши мумкин.

Шунингдек, экспертларнинг огоҳлантиришича, атмосферага чиқарилаётган газларнинг ярмини океанлар ва ер устидаги экотизимлар ютади, бироқ келажакда уларнинг кўтарилган ҳароратга қарши курашдаги «тўсиқ» сифатидаги қобилияти пасайиб боради.

Иқлим ўзгариши бўйича БМТ анжумани Буюк Британия ва Италия томонидан 2021 йилнинг 31 октябрь—12 ноябрь кунлари Глазгода ўтказилади.

Аввалроқ ЖССТ 15 йил ичида биринчи марта ҳаво сифати бўйича тавсияларини кучайтиргани тўғрисида хабар берилганди. Ҳаво ифлосланишидан йилига 7 миллион киши вафот этади — бу чекиш оқибатидаги ўлим даражасига яқиндир.