Футбол тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири, том маънода «футбол қироли» Пеле фаолиятида жуда ёрқин натижалар қайд этган. Пеле 1940 йил 23 октябрда таваллуд топган. 81 ёшни қарши олган афсона ҳануз футболга оид турли тадбирларда фаол иштирок этиб келади. «Чемпионат» сайти бразилиялик футболчининг фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзаларни тақдим этди.

1. Вундекинднинг Жаҳон Чемпионатидаги дебюти

Фото: Reuters

Пеле 17 ёшида ўзининг илк Жаҳон Чемпионатида иштирок этди. Швециядаги мундиалда (1958 йил) СССРга қарши ўйинда дебютини ўтказади (Бразилия 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган), биринчи голини эса чорак финалда Уэльсга қарши учрашувда уради. Ярим финалда эса Франция 5:2 ҳисобида таслим этилди. Пеле эса ўша ўйинда 3 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Шу тариқа бразилиялик вундеркинд мундиаллар тарихидаги ҳет-трик қайд этган энг ёш футболчига айланди. Финалда эса Швеция устидан 5:2 ҳисобида ғалаба қозонган Бразилия ўз тарихида биринчи марта чемпионликни нишонлайди. Финалда ҳам Пеле иккита гол муаллифига айланди.

2. Бир ўйинда 8 та гол

Пеле ва Гарринча

Фото: Reuters

Пеле ёшлигиданоқ сермаҳсуллик намойиш этган. 1964 йил 21 сентябрь куни бразилиялик афсона «Сантос» сафида «Ботафого» дарвозасига 8 та гол уради.

3. Жаҳон Чемпионлигини уч марта қўлга киритган ягона футболчи

Пеле 1970 йилдаги Жаҳон Чемпионатида

Фото: Reuters

Пеле футболчи сифатида мундиалда уч марта ғалаба қозонган ягона футболчи ҳисобланади. Швеция, Чили ва Мексика бразилиялик футболчи учун севимли мамлакатларга айланиб улгурган. 1970 йилги Жаҳон Чемпионати финалида Бразилия терма жамоаси Италияга қарши майдонга тушади. Мехикодаги «Ацтек» стадионида 110 минг мухлис йиғилади. Мексикалик мухлислар трибунада бразилиялик мухлислар билан биргаликда Бразилияни қўллаб-қувватлади. Лотин Америкаси жамоаси 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Пеле гол урди ва иккита ассистни амалга оширди. Ўйиндан сўнг Пелени ёпиши керак бўлган италиялик ҳимоячи Тарчизио Бургнича «Ўйиндан аввал у ҳамма каби тери ва суякдан ташкил топган деб ўйлагандим. Афсус, адашган эканман», — деб тан олди.

4. Бразилия тарихидаги энг яхши тўпурар

Пеле ва Неймар

Фото: Reuters

Пеленинг Бразилия тарихидаги энг яхши тўпурар эканлиги ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Терма жамоадаги фаолияти давомида 92 та ўйинда иштирок этиб, 77 та гол урган. Ундан кейинги ўринни ҳозирда «ПСЖ» сафида ҳаракат қилаётган Неймар 70 та гол билан эгаллаб турибди.

5. Бразилиялик чақмоқ

Пеле ҳозир тўп сурганда ямайкалик Усейн Болтга рақобатч бўларди

Фото: Reuters

Ўзининг меҳнатсеварлиги эвазига Пеле футболда юксак натижаларга эришган. У фаолиятининг энг юқори нуқталарида енгил атлетикачилар каби 100 метр масофани 10 сонияда босиб ўтарди. Агар Пеле ҳозирги замонда фаолият олиб борганда, Усейн Болт билан бемалол рақобатлашган бўларди. Афсонанинг бўйи унчалик узун бўлмаган — 173 сантиметр унинг икки метр юқорига сакрай олишига халақит қилмаган. Буюк ҳужумчи енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионатларида иштирок этса, олтин медалга даъвогарлик қила оларди.

6. «Сантос» рамзи

Фото: «Sky Sports»

Пеле фаолиятининг 18 йилини Сан-Паулунинг «Сантос» клубига бағишлаган. 1956 йилдан то 1974 йилга қадар ҳужумчи «Сантос» сафида 1091 та гол уради. Клуб тарихи иккига бўлинади: «Пелега қадар» ва «Пеледан кейин». Афсона билан биргаликда жамоа 5 марта Бразилия Кубоги, 2 марта Либертадорес ва 2 марта Минтақалараро Кубок соҳибига айланади. 2014 йилда «Сантос» Пеле билан унинг образидан умрбод фойдаланиш бўйича шартнома имзолайди. Энди жамоа ва футболчи бир бутун.

7. 1000+

Фото: Reuters

Пеле — «1000» клуби аъзоси. У 21 йиллик фаолияти давомида умумий ҳисобда 1389 та гол (баъзи манбаларда 1281 та дейилади) урган. Фақатгина австриялик ҳужумчи Йозеф Бицан (1468) ва германиялик Герд Мюллер (1461) бразилиялик футболчидан кўпроқ гол урган.

8. Пеле куни

Пеле номидаги марка

Фото: «Чампионат»

1969 йил 19 ноябрь Бразилия футболи тарихидаги муҳим саналардан бири бўлиб қолди. «Маракана» стадионида «Сантос» «Васко да Гама»га қарши ўйнади. Пеле ўша учрашувда 1000-голини урди. Шу муносабат билан Бразилия алоқа вазирлиги футболчига аталган дунёдаги ягона почта маркасини яратди. Шундан буён кўплаб бразилияликлар 19 ноябрни Пеле куни сифатида нишонлайди.

9. МОҚ версиясига кўра энг яхши спортчи

Фото: Reuters

1999 йилда Халқаро Олимпия қўмитаси Пелени ХХ асрнинг энг яхши спортчилари топ-5 лигига киритади. Энг қизиғи, бразилиялик футболчи Олимпиада ўйинларида умуман иштирок этмаган.

10. ХХ асрнинг энг яхши футболчиси

Фото: Reuters

Бир нечта йирик нашриётлар Пелени ўтган юз йилликнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этади. Бразилиялик футболчи World Соccер, France Football, Гуэрин Спортиво, Плаcар каби журналлар талқинига кўра ХХ асрнинг энг яхши футболчиси номига лойиқ кўрилган. Ундан ташқари, Пеле ФИФА томонидан тузилган «ХХ асрнинг рамзий жамоаси» таркибига киритилган.