Президент Шавкат Мирзиёев «Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қарорга кўра, 2024 йил 1 январгача, жумладан, 82 турдаги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларга импорт божхона божи «нол» ставкада қўлланилади:

  • сунъий мўйна;
  • зиғирпоя толасидан тўқилган газламалар;
  • сунъий толалардан тайёрланган газламалар;
  • шиша иплар;
  • шиша толали матолар ва бошқалар.

Ҳужжатга мувофиқ, мазкур қарор «маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш, қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини ошириш, шунингдек, Президент ва тадбиркорлар ўртасидаги 20 августдаги мулоқот доирасида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш» мақсадида қабул қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасидаги айрим товарлар 3 йилга, шунингдек, 676 турдаги технологик ускуналар импорт божи ва ҚҚСдан озод қилингани, банан, ананас, киви, авокадо, финики ва шу каби бошқа товарлар божхона божидан озод қилиниши тўғрисида хабар берилганди.