ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда Жиззах вилояти, жиззахликлар ҳамда Шароф Рашидов ҳақида гапириб ўтди, деб хабар беради «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ҳаёт мактабини ўзимнинг Жиззахимда олдим. Жиззахликлар мени ўқитган. Ҳеч қаерда ҳаяжон билан сўзга чиққаним йўқ. Ҳаяжоним бор, чунки менинг бозорим ҳам, мозорим ҳам шу ерда», — дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Мирзиёев Шароф Рашидов ҳақида ҳам эслаб ўтган.

«Шароф Рашидов 25 йил тизимга садоқат билан ишлади. Тизим 1 йилда ҳамюртимизга хиёнат қилди. Бундай инсон тарихда бир марта келади. Ҳозир Тошкентда юрсангиз, метролар, бир қатор жойлар ушбу инсон номи билан аталади», — дейди у. «Бундан кейин кимга ёқади, кимга ёқмайди, қанчалик оғир бўлмасин, тарихимизни ҳаққоний ёзамиз».

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги доирасида унга бағишланган ҳайкал очилган эди. Шароф Рашидов номи билан аталувчи майдон ва музейда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.