2000 йилларнинг бошларида Брендан Фрэйзер Голливуднинг энг истиқболли актёрларидан бири ҳисобланарди. Ҳаммамиз у ижросидаги «Жунглидан келган Жорж» комедиясидаги келишган ёввойи йигитни ва «Мўмиё» блокбастеридаги жасур Рик ЎКоннеллини жуда яхши эслаймиз. Лекин кейинчалик тўсатдан актёр катта экранларда кўринмай қолди. Бугун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бир пайтлар машҳур бўлган Фрэйзер билан нима содир бўлгани ҳақида қизиқмоқда. Шу сабабли AdMe нашрининг севимли актёрнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги мақоласини таржима тариқасида тақдим қиламиз.

Брендан Жеймс Фрэйзер АҚШда туғилган. Онаси савдо бўйича маслаҳатчи, отаси эса ташқи ишлар хизмати ходими бўлган. Брендан 1990 йилда Корниш санъат коллежини тамомлагач, Голливудга кўчиб ўтади. Актёрлик карьерасини бошлашдан олдин у турли ишларда, шу жумладан, универмагда жонглёр бўлиб ишлайди.

Фрэйзер асосий ролни ўйнаган биринчи фильм «Музлаган калифорнияликлар» бўлиб, бу фильм 90 йилларда Лос-Анжелесда муздан эриган неандерталнинг саргузаштлари ҳақида эди. Кўпгина танқидчилар комедияни аҳмоқона деб ҳисоблашган, фильм рейтинги ҳам шунга яраша паст бўлган. Шундан кейин Фрэйзер «Мактаб ришталари», «Каллаварамлар» ва «Қоронғи тушдан кейин» каби унчалик машҳур бўлмаган фильмларда бир нечта асосий ролларни ўйнайди.

Фото: AdMe

Ҳақиқий шуҳрат актёрга 28 ёшида — 1997 йилда экранларга чиққан «Жунглидан келган Жорж» фильми орқали келган. Чакалакзорда катта бўлган, лиана пояларида моҳирлик билан ҳаракатланадиган ва гориллалар билан дўст бўлган ёввойи йигитнинг саргузаштлари ҳақидаги бу фильм бутун дунё томошабинларини ўзига жалб қилиб, кассада 174 миллион доллар йиғади.

Ушбу фильмнинг суратга олиш ишлари бошланиши билан Брендан махсус диетага амал қила бошлаган ва олти ой давомида ҳар куни спорт билан шуғулланган. Актёр фильмдаги хавфли саҳналарни ўзи ижро этган: «Бир марта мени 18 метр баландликка кўтаришган, ундан 48 км/соат тезликда тушишим керак эди, аммо бу жароҳатларсиз бўлмаган», — деб эслайди актёр.

Фото: AdMe

Кўпчилик Бренданни «Ўтмишдан портлаш» комедияси орқали яхши эслайди, мазкур фильмда актёр ертўлада туғилиб ўсган ва 35 ёшидагина кўчага чиққан инсон ролини ўйнаган. Гарчи картина танқидчилардан турлича баҳо олган бўлса-да, кўпчиликнинг севимли фильмига айланган. Шунга қарамай, Фрэйзернинг актёрлик қобилияти бир неча бор эътироф этилган, масалан, «Худолар ва махлуқлар» фильми чиққандан сўнг, бир танқидчи ҳатто: «Тан олинмаган актёр, лекин ажойиб ижро» деб таъкидлаган.

Фото: AdMe

Брендан учун энг омадли давр — 1999 йил бўлиб, Стивен Соммерс «Мўмиё» саргузашт фильмига режиссёрлик қилган пайтга тўғри келади. Дастлаб рол Том Круз, Бред Питт ва Бен Аффлекка таклиф қилинган, бироқ режиссёр ва продюсер «Жунглидан келган Жорж» комедиясини кўргач, Брендан Фрэйзердан бошқа ҳеч ким жасур саргузаштчи Рик ЎКоннелл ролига тушмаслигига амин бўлишган. Суратга олиш ишлари қум бўронлари, чидаб бўлмас жазирама ва заҳарли илонлар жамоанинг ишига тўсқинлик қилган Марокаш ва Саҳройи Кабирда бўлиб ўтади.

Шундай қийинчиликларга қарамай картина энг омадли кассабоп фильмга айланади ва бугунги кунда ҳам у 90 йилларнинг асосий блокбастери ҳисобланади.

Фото: AdMe

«Мўмиё» фильми чиққандан сўнг, дарҳол Брендан бош ролларда ўйнаган бир нечта фильмлар пайдо бўлади. Аммо меҳрибон отлиқ полициячи ҳақидаги «Адолатли Дадли» комедияси танқидчилар норозилигига сазовор бўлиб, ижодкорларга фақат зарар келтиради.

2001 йил бошида «Маймун суяклари» фантастик комедияси экранларга чиқди ва у бутунлай муваффақиятсизликка учради: фильм 75 миллион долларлик бюджет билан бутун дунё бўйлаб 7 миллион доллар йиға олди холос.

Фото: AdMe

2001йилда «Мўмиёнинг қайтиши» фильми премьераси бўлиб ўтди, у танқидчилар томонидан турлича баҳоланди, лекин яхшигина касса йиға олди. Кейинчалик бюджетини қоплай олмайдиган бир нечта фильмлар чиқарилди ва фақат танқидларга учради.

«Мен ўзимни Оруэллнинг «Молхона» асаридаги ҳайвонлар фермасида ишлайдиган отдек ҳис қилардим, унинг ҳаёти ишлаш, ишлаш ва ишлашдан иборат эди», — деб эслайди актёр.

Шу орада актёр руҳиятига таъсир қилган нохуш воқеа юз берди: Брендан қайсидир обрўли кишига ёқмай қолди ва Голливуддаги карьераси чеклана бошлади. Актёрнинг сўзларига кўра, у ўша пайтда тушкунликка тушиб, кинони тарк этишга ҳам қарор қилган.

Фото: AdMe

Шу билан бирга, актёрнинг оилавий ҳаёти ҳам силлиқ кечмаган. У бўлажак рафиқаси, актриса Афтон Смит билан 1993 йилнинг ёзида Вайнона Райдернинг уйидаги барбекюда танишиб қолган. Улар 1998 йилда турмуш қуришади, 9 йиллик турмуши давомида 3 ўғил фарзанд — Гриффин, Холден ва Леланднинг ота-онаси бўлишади. Бир интервьюда эр-хотин тўнғич ўғли Гриффинга аутизм ташхиси қўйилганини ҳам айтиб ўтган.

2007 йилда Брендан ва Афтон ажралишга қарор қилишганини эълон қилишди. Ҳозирда фарзандлар онаси билан яшайди, лекин актёр бўш вақтини улар билан ўтказади.

Фото: AdMe

2000 йилларнинг охирига келиб, актёр муваффақиятли кино карьерасини тиклагандек бўлди. «Мўмиё: аждаҳо императори мақбараси» фильмининг суратга олиш ишлари бошланди. Фильм сюжети Бренданнинг қаҳрамони, рафиқаси ва вояга этган ўғли атрофида бўладиган воқеаларга асосланади.

Гарчи фильм яхши даромад йиғган бўлса-да, танқидчилар ва томошабинлар уни аввалги икки фильмдек баҳоламади. Бош қаҳрамон ролини ўйнаган Рейчел Вайс ўрнини бошқа актриса эгаллади, суратга олиш саҳнаси Мисрдан Хитойга кўчди, муҳит кескин ўзгариб кетди ва томошабинларга умуман бошқа фильм намойиш этилди. Натижада 3-қисм тугагандан сўнг режалаштирилган 4-қисм бекор қилинди ва унинг ўрнига бош ролни ижро этган Том Круз билан янги версия устида иш бошланди.

Фото: AdMe

Орадан бир мунча вақт ўтгач, деярли унутилаёзган актёрни сериаллардан бирида режиссёр Дэнни Бойл пайқаб қолади ва ўзининг «Ишонч» лойиҳасида иштирок этишга таклиф қилади. Кейин Стивен Содерберг актёрни «Қалтис ҳаракатларсиз» номли триллерига чақиради.

Шу кунларда 52 ёшли Брендан Фрэйзер ўйнаган бир нечта фильм премьералари бўлиши режалаштирилган, «Тўлин ой қотиллари» триллер фильми ҳам шулар жумласидан, «Мен Скорсезе, Леонардо Ди Каприо ва Роберт Де Ниро билан ишламоқчиман, аммо бундан бироз хавотирдаман», — дейди Фрэйзер яқинда TikTok’да ўтказган видео интервьюсида. Суҳбатдош кўп одамлар уни қўллаб-қувватлашини айтганида, актёр бир оз тўхтаган ва уялиб кетган.

Фото: AdMe

Яқинда янада тўлишиб кетган актёрнинг омма олдида пайдо бўлиши ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлди: «Брендан Фрэйзер «Жунглидан келган Жоржи»дан кейин ўзига эътибор бермай қўйибди», деб тахмин қилишди Twitter фойдаланувчилари. Гап шундаки, ҳозирда режиссёр Даррен Аронофскийнинг «Кит» деб номланган янги фильми суратга олинмоқда, унда Брендан бош ролни ўйнайди. Сюжетга кўра, унинг вазни 272 кг бўлган қаҳрамонни 17 ёшли қизи билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилади.

Фото: AdMe

Бугунги кунда Брендан Фрэйзернинг ёшлигидаги фильмларини эслайдиган мухлислар ва томошабинлар актёрни ижтимоий тармоқларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, унга карьерасини тезроқ тиклаб олишини тилаб қолишади.