1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.

Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова

Рус тилини она тилимиз дейиш учун аввал ўз тилимизни билишимиз керак!

Бу учрашувда қатнашаётган ўртоқларга, сўзга чиқиб менинг ҳақимда яхши гаплар айтган нотиқларга, бу учрашувнинг ташкилотчиларига ташаккур билдираман.

Мен студентлар билан кўп учрашганман. Студентларнинг дилкушо суҳбатларини биламан. Умуман студентлар суҳбатига иштиёқмандлигим устига чет тиллар педагогика институтининг студентларига айтадиган зарур гапларим борлигини назарда тутганда менинг хурсандчилигимни тасаввур қилаверинг!

Сизлар ҳар қаердан келгансизлар, институтни битирганларингдан кейин жойларга бориб, ўқувчиларга инглиз, немис, француз, испан тилларини ўргатасизлар. Менинг сизларга айтадиган энг зарур гапим шуки, сизлар жойларга чет тиллар билан бирга, балки биринчи навбатда ўз она тилимизга — ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб боринглар! Ўзбек тили ғоят бой, ниҳоятда чиройли, ҳар қандай фикр-у туйғуни ифода қилишга қодир эканини амалда кўрсатинглар; қаерда ва қандай шароитда ишламанглар, тил маданиятимизнинг машъали бўлинглар!

Мен бу гапни тилимизнинг бойлигига дахл қиладиган, ҳусн-латофатини бузадиган, тилимизни таҳқир қилишга қаратилган қилиқларга барҳам бериш мақсадидагина айтаётганим йўқ. Бу гапнинг фақат тилимизгагина эмас, давлатимизга, тузумимизга ҳам алоқаси бор.

Мен бундан бир неча йил муқаддам Ҳиндистонга борганимда бир ўзбек учраб қолди. Бу ўзбек Ҳиндистонга уч яшарлигида бориб қолган бўлса ҳам ўз она тилисини йўқотмаган экан. Шу одам мендан: «Ўзбекистонда ҳозир ҳам ўзбек тили борми?» деб сўраб қолди. Бу савол менга ғалати туюлди: бу одам бегона элларда юриб ўзбек тилини йўқотмапти-ю, нима учун ўзбек халқи ўз миллий республикасида ўз тилини йўқотиши керак? Мен тушунтирдим: Ўзбекистонда ўзбек тили боргина эмас, бу тилда миллион-миллион нусхада газета-журналлар, китоблар нашр этилади, театрлар яшаб-яшнаб турипти, дедим. Кейинчалик билсам, Ҳиндистон республика бўлишидан олдин мустамлакачилар ҳинд халқининг қулоғига қуйган экан: «Болшевизм миллий маданиятнинг офати, болшевизм қадам босган жойда ҳар қандай миллий урф-у одат, миллий маданият, жумладан, тил ҳам барбод бўлади, буткул йўқолади», деган экан!

Бу гап қай даражада қабиҳ туҳмат эканини йил сайин равнақ топаётган миллий маданиятимиз, қоматини жаҳонга кўрсатиб турган адабиётимиз, санъатимиз мисолида кўриш мумкин.

Шундан кейин бир нарса эътиборимни ўзига тортди: кўзимиз, қулоғимиз ўрганиб қолган, лекин ўшандай туҳматларга озиқ бўладиган ҳодисалар ҳаётимизда мавжуд экан.

1. Кўпгина оилаларда болалар ўз она тилисини мутлақо билмайди! Бу ота-онани заррача ҳам ташвишга солмайди.

2. Баъзи оилаларда бола ўз она тилисида гапиргани номус қилади!

3. Баъзи одамлар шуни интернационализм дейишади. Бунинг нимаси интернационализм?

Коммунизм душманларининг болшевизмга, совет тузумига қарши туҳматларига озиқ берадиган яна бир нарса бор: Ўзбекистонда «миллатим ўзбег-у она тилим рус тили», деб ёзадиган бир неча минг чала бор эмиш! Агар шу гап рост бўлса, демак, Ўзбекистонда фалон минг ўзбек ўз она тилисини йўқотипти, деган сўз! Наинки шу мақтанадиган гап бўлса!

Республикамизни ҳақли равишда «Шарқда социализмнинг машъали», деймиз. Демак, бир талай мустамлака, ярим мустамлака, капиталистик мамлакатлар халқларининг икки кўзи, икки қулоғи бизда! Наинки биз шуларга: «Тилимизни йўқотиб бораётибмиз, кўп ўтмай тилимиздан ном-нишон қолмайди», деб мақтансак!

«Ўзбек тили барибир йўқолиб кетади», «конституциядан ўзбек тили давлат тили деган гапни чиқариб ташлаш керак» деган товушлар совет кишиларининг товуши эмас, империализмнинг шалтоқ пропагандасига озиқ берадиган иғвогарларнинг товушидир.

Тарихда ўтган буюк сиймоларнинг деярли ҳаммаси ўз она тилиси устига ўз замонасининг бой, маданий тилларидан бири ёки бир нечтасини яхши билган. Навоий форсча ғазаллар, Лермонтов французча шеърлар, Ибн Сино араб тилида илмий асарлар ёзган. Биз учун ўшандоқ тил рус тилидир. Биз учун рус тили она кўкрагидай: бизнинг яшашимиз-у ўсишимиз учун керакли ҳамма модда бу тилда бор. Шунинг учун бу тил бизнинг иккинчи она тилимиздир.

Шунинг учун сизлар жойларга ўзбек тилига чексиз муҳаббат туйғусини олиб борганларингда шу туйғуни иккинчи она тилимиз — рус тилига қаратишларинг зарур.

Рус тилини иккинчи она тилимиз дейиш учун ўз тилимизни билишимиз керак!

Абдулла Қаҳҳор 1967 йил

Ушбу нутқ Абдулла Қаҳҳор «Асарлар»ининг 5-жилдидан олинди; Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989 йил