2021 йилнинг апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан оқиб ўтган Катта Наманган каналидан 5-синф ўқувчисининг жасади топилгани ва қотилликда унинг келинойиси гумонланаётгани тўғрисида хабар берилганди. Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида маълум қилинишича, Чуст туман судида аёлга нисбатан ҳукм тайинланган.

Кадр: Telegram

Маълумотларга кўра, 5 апрель куни 47-сонли мактабнинг 5-синф ўқувчиси М.А. 2-дарсдан сўнг яқин қариндоши томонидан олиб кетилган ва мактабга қайтиб келмагач, уни бедарак йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мактаб маъмурияти шу куни соат 16:00 ларда ИИБга мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Чортоқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, вояга етмаган фуқаронинг йўқолгани шубҳали туюлгани сабаб Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган текширувлар натижасида қизчани мактабдан унинг 1999 йилда туғилган Ф.Қ. исмли келинойиси олиб кетгани маълум бўлган.

Таъкидланишича, Ф.Қ. муқаддам ўғрилик содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган ва турмуш ўртоғи у билан яшамай қўйган. Судланувчи турмуш ўртоғига бирга яшашни таклиф қилиб, рад жавобини олгач, ўч олишга қарор қилган ва қайнакасининг қизини каналга итариб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, айбланувчи Ф.Қ.га нисбатан 16 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Фарғонада кундошининг 9 ёшли қизининг бошига уриб, каналга ташлаб юборган аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.