Президент Шавкат Мирзиёев «Тошкент метрополитени фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 июлгача 7 та метро бекатида («Беруний», «Чорсу», «Пахтакор», «Олмазор», «Туркистон», «Қўйлиқ бозори», «Чилонзор») транспорт ўтиш боғламалари қурилади.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 октябргача Тошкент шаҳрига кириб келувчи йўловчи транспортлар учун 6 та метро бекати («Туркистон», «Юнусобод», «Чилонзор» ва ер усти ҳалқа линиясининг 3, 4 ва 5-бекати) атрофида автотураргоҳлар ташкил этилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан қуйидаги маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобил илова ишга туширилади:

  • метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар);
  • бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари);
  • поездлар ҳаракати жадвали;
  • электрон тўлов.

2022 йил 1 апрелгача ерусти ҳалқа метро бекати йўналишида йўловчилар учун бепул Wi-Fi тизими билан боғлаш ва ерости метро бекатларида мобил алоқа операторлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Қарор билан, шунингдек, 2021–2023 йилларда Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Аввалроқ ушбу қарорга кўра Тошкент метрополитени «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидан чиқарилиши тўғрисида хабар берилганди.