2021 йилда Италиянинг Gucci модалар уйи ўзининг 100 йиллигини нишонламоқда. Шу муносабат билан бренд Американинг ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи Mattel компанияси билан ҳамкорликда Hot Wheels линейкасига кирувчи ўйинчоқ автомобилни тақдим этди. 1982 йилга тааллуқли Cadillac Seville моделининг 1:64 масштабдаги нусхаси 18 октябрдан 120 доллар қийматида сотувга чиқди, деб хабар беради Motor.

Фото: Mattel

Cadillac Seville кичрайтирилган нусхасининг орқа том қисми Gucci’нинг иккитали G ҳарфидан иборат нақшлари билан безатилган, ўриндиқларига тилла рангли безаклар туширилган. Машина эксклюзив қути ва модалар уйининг номидаги ғилофда етказиб берилади. Уни Mattel ва Gucci сайтлари орқали, шунингдек, модалар уйининг Нью-Йорк, Пекин, Сеул, Токио, Милан, Лондон ва Берлиндаги дўконларидан харид қилиш мумкин.

Gucci бренди Америка автомобилсозлик компанияси билан бундан олдин ҳам ҳамкорлик қилган — бу каби коллабрациянинг биринчи меваси 1972-модель йилига кирувчи AMC Hornet хэтчбеки бўлган. Унинг салони турли ранглар билан қопланган: олд ўриндиғи фил суяги, яшил ва қизил рангда бўлса, шифт қисми — фил суяги ва яшил рангга бўялган, гиламчалар тўқ яшил рангда.

Моделнинг, шунингдек, интерьери ҳам иккитали G ҳарфидан иборат нақшлар билан безатилган. Шундан сўнг Италия бренди Майамидаги International Automotive Design (IAD) ательеси ҳамкорига айланган ва 1978 йилги модель қаторидан ўрин олган Cadillac Seville’ни жиҳозлаш билан шуғулланган. Уларни оқ, қора ёки жигарранг рангларда харид қилиш мумкин эди. Машина кузовига Cadillac эмблемаси ўрнига Gucci’нинг тилларанг эмблемаси туширилган, интерьери жигарранг чарм билан қопланган. Ўша вақтда Seville Gucci Edition 22,9 минг доллардан сотилган, бу ҳозирда қарийб 95 минг долларга эквивалент ҳисобланади.

Аввалроқ Louis Vuitton велосипедлар коллекциясини тақдим этгани ва уларнинг нархи 27 минг доллардан бошланиши, Dior бренди қушлардан илҳомланилган янги соат моделини тақдим қилгани тўғрисида хабар берилганди.