Таниқли кино актриса Феруза Норматова 1 октябрь, жума куни ҳижобга кирганини мухлисларига эълон қилди. У ўз Instagram саҳифаси орқали бу ҳақда ёзаркан, «Бир қарашда енгил бўлган рўмол ҳар кимнинг ҳам бошига осонгина етиб келмаслигини шу ўтган вақт мобайнида англаб етдим. Қалбан ва руҳан тайёр бўлишимни кутдим. Аллоҳ насиб этиб бугундан рўмолим бошимга етиб келди», дея алоҳида таъкидлаган. Қуйида Феруза Норматовадан олдин ҳижобга кирган ўзбек шоу-бизнес вакилларини санаб ўтамиз.

Раъно Ярашева

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашеванинг ҳижобга кирганига салкам тўрт йил бўлди. 60 ёшли актриса 2018 йилнинг февраль ойида Умра зиёратида, 2019 йилнинг июлида эса Ҳаж сафарида бўлиб қайтган. У бугунги кунда кино ва сериалларда аввалгидек фаол эмас.

Мадина Мумтоз

«Ниҳол» мукофоти совриндори Мадина Мумтоз онаси Раъно Ярашева ҳижобга киргач, рўмол ўрашни бошлади. Таниқли актриса ва хонанда интервьюларининг бирида ҳижобга кирганига шундай изоҳ берган:

Фото: «Дарё»

«Ҳижобга киришни узоқ йиллардан бери хоҳлаб юрганман, тайёрланганман. Худога шукр, сиёсатимиз, давлатимиз ҳам бу нарсага рухсат бериб қўйди. Бундан мен каби жуда кўпчилик хурсанд бўлса керак.

Ҳижобга кирганим кўпчиликка, ҳатто турмуш ўртоғимга ҳам сюрприз бўлди. Умр йўлдошим ‘Рўмолга кирсангиз, хурсанд бўламан’, деб юрган. Лекин ҳеч қачон мажбурламаган, босим ўтказмаган.

Учинчи фарзандимни дунёга келтириб, ўзим охири қарор қилдим. Ҳижобга кирди дегани, бўлди ҳамма нарса тўхтади, энди битта хонани ичига кириб ўтиради, дегани эмас. Аёл киши Аллоҳнинг айтган фарзларини қилиб туриб ҳам, бошқа бир ишни бажара олади. Шуни ҳам кўрсатиб беришим керак».

Мадина Мумтоз клип ва киноларда кўриниш бермаяпти. Тўй хизматларига чиқяптими ёки йўқ, бу ҳам номаълум. Чунки у охирги пайтлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ижодига оид видеолар жойламаяпти.

Бону

2000 йилларда «Қора тун», «Ўзбекистон», «Афсона» каби ўнлаб ҳит тароналари билан машҳурликка эришган хонанда Бону (асли исми Маҳбубабону — таҳр.) ўн йил аввал ҳижобга кириб, Қуръон тиловат қила бошлаган.

Фото: «Дарё»

«Ҳаётимдаги синовлар туфайли ижодимда танаффус бўлиб қолган пайтда вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида намоз ўқишни бошладим, Қуръон ва ҳадис китобларини ўқидим, саловатларни тингладим. Диний китобларни ўқиб чиққанимдан сўнг санъат йўли қиз бола учун тўғри йўл эмаслигини тушунганман», — деган эди Бону.

Манзура

Хонанда ва актриса Манзура 2021 йилнинг 30 январь куни Instagram саҳифаси орқали рўмолга кирганини маълум қилган. Ўшанда у эндиликда тарбиявий аҳамиятга эга ҳамда диний мазмундаги қўшиқлар ижро этишини ҳам таъкидлаган.

Фото: «Дарё»

«Шоу-бизнесда бўла туриб, рўмолга кириш тезда амалга ошадиган жараён эмас. Ўзим рўмол ўраш учун уч, тўрт йил тайёрландим, кўп нарсадан воз кечдим. Қалбан яхши кўрадиган яқинларим ҳам ‘Манзура, ўйлаб кўргин, шошилмагин’, дейишарди. Чунки ҳижоб кийгандан сўнг уни ечиш керак эмас ва бунинг масъулияти бор.

Ўраётган ҳозирги рўмолим гўзал ва бу менга жуда ёқяпти. Бу муслима аёлнинг бир амали. Лекин комил инсон бўлишга ҳали анча бор, кўп яхшиликлар қилиш керак», — деганди у интервьюларининг бирида.

Манзура бугунги кунда ҳам тўйлар ва турли маросимларда хизмат қилмоқда. Унинг репертуаридан саловатлар, тарбиявий мазмундаги қўшиқлар ўрин олган.

Камола Арслонова

Фото: «Дарё»

«Келгинди қайнона», «Севгинатор-2», «Опа-сингиллар» сингари фильм ва сериаллардаги бетакрор ижролари орқали танилган актриса Камола Арслонова 2014 йилда туркиялик Месут исмли тадбиркорга турмушга чиққач, оммага ҳижобда кўриниш бера бошлади.

Диёра тахаллуси билан қўшиқ куйлаган серқирра ижодкор айни пайтда Измир шаҳрида оиласи билан бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ахсен исмли қиз фарзанди бор.

Лола Зунуннова

«Ёшлар» телеканалида эфирга узатилган «Киномания» кўрсатуви билан шуҳрат қозонган телебошловчи ва кинотандиқчи Лола Зунуннова ҳам 2021 йилнинг май ойида ҳижобга кирди.

Фото: «Дарё»

«Ҳижобга киришни йиллар давомида орзу қилганман ва тайёргарлик кўрганман, бу бирданига бўладиган жараён эмас. Қалбимда Аллоҳга бўлган муҳаббатим, ишқим кучли эди. Кимдир ҳижобга кирса, ич-ичимдан шу даражада хурсанд бўлардимки, ўзим ҳам ҳавас ва орзу қилардим. Вақти-соати куни шу экан, алҳамдулиллаҳ, шунисига ҳам шукр», — дейди телебошловчи.

Дилдора Ниёзова

«Ишонма» қўшиғи билан ёш-у кексанинг севимли қўшиқчисига айланган Дилдора Ниёзова YouTube’даги каналларнинг бирига берган интервьюсида рўмол ўрагани сабаблари ҳақида қуйидагича гапирган:

Фото: «Дарё»

«Ҳар бир аёл рўмол ўрашни хоҳлайди. Менинг уйимда қўшиқ қўйилмайди, фақат Қуръон қўйилади. Кўпинча ривоят ва ҳадисларни эшитаман. Санъатда аёл кишига жуда қийин, шайтон бор, лекин санъатда бу нарса жуда кучли. Санъаткор бўлиш масъулияти қийин, чунки сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз эътиборда бўлади.

Аввалдан орзу қилардим, лекин санъаткорман, менга бу нарса тўғри келмайди. Рўмол ўрасам, кейин мени ҳеч ким тўйга айтмай қўяди, деб ўйлардим.

Тўғрисини айтаман, мен ўзимни кимларгадир кўз-кўз қилиш учун ёки энди мен бошқача аёл бўлдим, дейиш учун ўрамадим. Шу нарсага амин бўлдимки, оддийгина бир рўмол инсон ҳаётини, ҳатто характерини ўзгартириб юборар экан, чегаралаб қўяркан. Аввалги хатоларимни тўғрилашга ҳаракат қиляпман.

Ўзи олдиндан айтиб юрардим, туғилган кунимда рўмол ўрайман, деб. 42 ёшга тўлган куним ўрадим. Яна такрорлайман: кимгадир ниманидир исботлаш учун рўмол ўрамадим. Мен ҳозир қалбан бахтли аёлман, бу мен учун охиригача хайрли бўлсин», — деган эди хонанда рўмол ўраганини изоҳлаб.

Дилдора Ниёзова санъатни тарк этгани йўқ. У ҳозирда фақат аёллар иштирокидаги давраларда хизмат қилиб, қўшиқлар айтмоқда.

Гулчеҳра Эшонқулова

«Фотима ва Зуҳра», «Шабнам», «Паноҳ» каби кинолардаги роллари билан машҳурликка эришган актриса Гулчеҳра Эшонқулова мухлисларининг «Ҳижобга киришингизга нима сабаб бўлди?» қабилидаги саволларига видео орқали жавоб қайтарган. Унинг қайд этишича, рўмол ўрашига бир туш туртки бўлган.

Фото: «Дарё»

«Тушимда қоронғиликда турганимда, бир овоз ‘Мана бу томонга киргин’, деб менга кўчани кўрсатди. У кўча жуда қоронғи эди. ‘Сен шу кўчага қарагин’, деди яна ҳалиги овоз. Қарасам, қоронғи кўчани ўртасида зинапоя пайдо бўлди. Лекин у ерга боришга барибир қўрқяпман, совуқ ва қоронғилигини ҳис қилиб турибман.

Бироздан кейин қарасам, Худо раҳматли онам оппоқ рўмол ўраб турибди, аммо юзлари кўринмаяпти. Уларни соғинганимдан олдиларига бориб, бир марта бўлса ҳам қучоқладим. Рўмоллари юзимга тегди ва буни ҳис қилганимни уйғонганимда ҳам сездим.

Фото: «Дарё»

Кейин қоронғиликда пастда, икки томонда турган одамларнинг фақат каллалари кўринди. Улар ‘Сен яланғочсан, сени кийиминг йўқ, бор кийиниб чиқ, бу ҳолатингда онанг билан гаплаша олмайсан, кўришолмайсан’, дейишди.

Шундан сўнг бошқа бир хонага кирдим. У ерда кийимлар жуда кўп ва ранг-баранг экан. Унисини олсам ҳам эгаси чиқади, бунисини олсам ҳам эгаси чиқади. Хуллас, менга ҳеч ким кийимини бермади. Битта остонанинг у томонида онам, бу тарафида мен турибман. Кийимим йўқлигидан онам билан суҳбат қуролмадим. Ўша ерда ‘битта кийимни деб онам билан кўришолмадим’, деб йиғлаб, кўз ёш тўкиб, уйғониб кетдим.

Шу тушдан кейин рўмол ўраш вақти келганини, Худо қалбимга солганини англаб етдим. Ўша куни тонгдан ҳижобга кирдим», — деган эди АҚШда яшаётган актриса.

Севара Солиева

Актриса Севара Солиева жорий йил бошида Instagram саҳифасига рўмолда тушган суратини жойлаб, мухлисларининг турли саволларига кўмилди.

Фото: «Дарё»

Серқирра ижодкорнинг айтишича, у 2020 йилда Рамазон ойидан кейин ҳижобга киришни жуда хоҳлаган, лекин иккиланган. Кейин охири қарор қабул қилган.

Севара Солиева «Санъатни тарк этдингизми?» деган саволга «Йўқ, исломий қўшиқлар, саловатлар куйламоқчиман. Боримча ролга таклиф этишса, албатта, ижро этаман», деб жавоб қайтарган.

Ҳозирги вақтда у турли лойиҳаларда иштирок этмоқда.

Ширин Ғофурова

Таниқли радиобошловчи Ширин Ғофурова шу йилнинг август ойида рўмол ўраганини Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.

Фото: «Дарё»

«Нимага рўмол ўрадингиз?», «Ким мажбур қилди?», «Тинчликми?», деган саволларга бир ойдан бери дайректим тўлиб кетди. Ҳеч ким мажбур қилмади, яхшилар. Исломда мажбурлаш, зўрлаш йўқ. Ўзим анчадан бери ўйлардим. Лекин бу фикрни нари сурардим, ҳозир вақти эмас, кейин ўрарман, улгураман-ку, деб фикрлардим. Кейин ўйлаб қарасам, улгурмай қолишим ҳам мумкин экан. Инсон беш дақиқадан кейин нима бўлишини билмас экан...

13 август, жума куни кепка ва джинси шимда уйдан чиқиб, дугонамнинг дўконига бориб, «Рўмол ва узун кўйлаклар танлаб беринг», — дедим. Ўртоғим шокда!

Тез-тез танладик ва дўкондан узун кўйлак, бошимда рўмол билан чиқдим ва рўмолни бошқа ечмадим. Ўзим истадим шуни. Ишонинг, рўмол ўраб, шунақа хотиржамлик ва ҳаловат топдимки, буни тасвирлаб беролмайман.

Фото: «Дарё»

Мени бу қароримда қўллаб-қувватлаган, «Машааллоҳ, ярашибди, хайрли бўлсин», дея чиройли ниятлар билдирган яхшиларга раҳмат, борингизга шукр! Ҳайрон бўлиб, «Нега рўмол ўраб олдингиз, кепкаларингиз кўпроқ ярашарди, нима бало бўлди?» деб ёзганлар, сизларга ҳам раҳмат.

Рўмол ўраган опа-сингилларни ҳам, рўмол ўрамаган опа-сингилларни ҳам бирдек ҳурмат қиламан. Балки, Аллоҳ уларни ҳам тез кунда кўнгилларини ёриштирар!», — деб пост қолдирган Ширин Ғофурова.

Феруза Каримова

Фото: «Дарё»

«Дастингдан», «Нетай юрагим», «Дунё» каби тароналари билан машҳурликка эришган хонанда Феруза Каримова ҳам 2021 йилда ҳижобга кирди. У турли давраларга ҳам рўмол ўраб бораётганини тармоқлардаги саҳифаларига жойлаётган расмларидан билиш мумкин.