Чехия президенти Милош Земан Прагадаги Марказий ҳарбий касалхонага ётқизилди. Ушбу маълумотни Земанни даволовчи шифокор Мирослав Заборал Чехиянинг Blesk телеканали эфирида тасдиқлади.

Фото: Global Look Press

77 ёшли Земандаги сурункали касаллик билан боғлиқ асоратлар касалхонага ётқизишга сабаб бўлди, дейди Заборал. У ташхиснинг номини айтолмаслигини, чунки бунинг учун президент розилигини олмаганини қўшимча қилди.

Заборал хабарига кўра, Земан 10 октябрь куни тушдан кейин унинг тавсияси билан касалхонага ётқизилган. «Биз аниқ ташхисни биламиз ва керакли муолажаларни кўрсата оламиз. Ҳозирда бемор мутахассислар назорати остида реанимацияда», — дея қўшимча қилди шифокор.

Чехиянинг Novinky нашри манбаларга таянган ҳолда, президентнинг касалхонага ётқизилишига сабаб буйрак муаммоси бўлса керак, дея ёзди.

Novinky хабарига кўра, Земан бош вазир Андрей Бабиш билан учрашувидан кўп ўтмай касалхонага ётқизилган. Аввалроқ Бабишнинг партияси парламент сайловларида «Биргаликда» мухолифат коалициясига ютқазган эди.

Сайлов олдидан Земан Бабишнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирганди. Ўшанда у парламент сайловларидан кейин ҳукуматни тузишни сайлов коалицияларидан бирининг раҳбарига эмас, балки энг кўп овоз олган партия раисига ишониб топширишини айтган. Сайловлар натижасида Бабиш ҳаракати 27,18 фоиз, «Биргаликда» коалицияси эса 27,74 фоиз овоз тўплади. Натижалар эълон қилингандан сўнг, Бабиш «Биргаликда» етакчиси Петр Фиалани ғалаба билан табриклади.

Земан охирги марта сентябрь ойида саккиз кун Марказий ҳарбий касалхонага ётқизилган эди. Прага қалъаси буни режалаштирилган муолажа деб айтди. Земан 2013 йилда Чехия Республикаси президентига айланган. 2018- йилда у иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган. Сиёсатчи диабет ва оёқларнинг невропатияси билан касалланган, у ногиронлар аравачасида ҳаракатланади.