Тошкентнинг Чилонзор туманидаги уйларнинг бирида 3 октябрь куни портлаш содир бўлган эди. Портлашга хонадон ошхонасида ўрнатилган газ қурилмаларидан маиший газ сизиб чиқиб тўпланиши ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши сабаб қилиб кўрсатилган.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов

Дастлабки маълмотга кўра, 14 та хонадонга ҳамда бинода ўрнатилган йўловчи ташиш лифт қурилмасига жиддий зарар етган. Хусусан, газ портлаган уйнинг ойналари ва эшиклари синган, унинг қаршисидаги хонадон эшиги ҳам зарарланган. Қолган хонадонларнинг, асосан, кириш эшикларига зарар етган холос. Жабрланганлар ва қурбонлар йўқ. Уйи шикастланган 17 нафар фуқаро вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилган.

«Дарё» воқеа жойидан репортаж тайёрлади. Порталган уй қўриқлашга олингани боис зарар кўрган хонадонларни кўздан кечиришнинг иложи бўлмади.

Портлаган уй Миллий гвардия ходимлари томонидан қўриқланмоқда

Фото: Маъмуржон Обраҳматов

Уйнинг ҳолатидан кўриш мумкинки, портлаш битта йўлакда жойлашган хонадонларга таъсир қилган. Натижада алюмин ромлар синиб, ойналари парчаланиб кетган. Ром бўлаклари 20 метр наригача сочилиб кетган. Қўшни қаватдаги биноларнинг эса асосан ойналарига жиддий зарар етган. Воқеа юз берган вақтда хонадон эгаси уйда бўлмаган.

Портлаш натижасида 20 метр наригача сочилиб кетган ром бўлаклари

Фото: Маъмуржон Обраҳматов

Гувоҳ аёлнинг айтишича, қўшни кўп қаватли уйларнинг кириш қисмидаги ва баъзи хонадонларнинг ҳам дераза ойналарига шикаст етган.

«Биз қўшни ‘дом’да яшаймиз. Портлаш овози ешитилганда ваҳимага тушиб, нима бўлаётганини англамай қолдик. Бақир-чақир бўлиб кетди, еттитача тез ёрдам машинаси келди», — деди гувоҳлардан бири.

Портлаш натижасида қўшни кўп қаватли уйнинг синган ойнаси

Фото: Маъмуржон Обраҳматов

Уйнинг бешинчи қаватидаги хонадон эгасининг айтишича, у портлаш содир бўлган вақтда лифтдан чиқиб кетаётган бўлган.

«Ташқарида ишим бор эди. Лифтдан тушиб ташқарига чиққан вақтимда қаттиқ портлаш овозини эшитиб, силкиниб кетдим» , — деди у.

Хонадон эгаларидан бирининг айтишича, шу кунларда газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари кетаётган бўлган. Унинг «Дарё» мухбирига маълум қилишича, уйнинг 70 фоизи кредит эвазига сотилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган. «Ҳудудгазтаъминот»га кўра, ушбу кўп қаватли уй ҳали фойдаланишга топширилмаган, хонадон эгаси эса газ тизимига рухсатсиз уланган.

Портлаган уйнинг орқа қисми

Фото: Маъмуржон Обраҳматов

«Уй қурилиши ҳали тугалланмагани ва янги бино фойдаланишга топширилмагани сабабли газ таъминоти ташкилотлари томонидан газни улашга рухсат берилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, хонадон эгаси уйни газлаштириш бўйича пайвандлаш ишларини олиб бориш учун пайвандчини шахсан жалб қилган ва газ таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланган», — деб қайд этган «Ҳудудгазтаъминот».

Чилонзор туман ИИБ томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.