Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Оғир болалик, рафиқаси ва қизининг ўлими, севимли ўғлининг вафот этиши. АҚШнинг амалдаги президенти тақдирнинг бундай зарбаларини қандай енгиб ўтгани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: Getty Images

Америка президенти Жо Байден отасининг: «Эсингда бўлсин, одамнинг қадри неча марта йиқилиши билан эмас, балки қанчалик тез ўрнидан туриши билан ўлчанади», деган насиҳатини ҳамон унутмаган. Ҳаёт Жони турли чиғириқлардан ўтказди, кўп бора синади: болалигида дудуқланиши туфайли камситилди, айни навқирон пайтида хотини ва қизи бахтсиз ҳодисада вафот этди, кейин эса севимли ўғлидан айрилди. Лекин у ҳаёт синовларига бардош бериб, йиқилган жойидан туришни уддалади.

Янги кабриолетда юрадиган олғир йигит

Жо Байден аслида бадавлат оилада туғилиши керак эди. Унинг бобоси нефть савдоси бўйича бизнесмен бўлган, шу сабабли ҳам бўлажак президентнинг отаси катта Жозеф Байденга яхшигина бойлик мерос бўлиб қолган. Аммо 1942 йилда, Жо туғилганида (у тўрт фарзанднинг тўнғичи), иқтисодий инқироз Байденларнинг деярли барча пулларини тортиб олди ва 50 йилларда оила бошлиғи ишсиз қолди. Улар ҳашаматли уйини сотиб, кичкина квартирага кўчишди ва ҳамма нарсани нолдан бошлашди. Катта Байден ўша вақтларда ҳар қандай ишга рози эди, натижада у эски машиналар сотувчиси бўлиб ёлланди. Кейинчалик кўчмас мулк савдосига ўтганидан сўнг, ҳар қалай оиласи Америкадаги ўрта синф даражасида ҳаёт кечира оладиган ҳолга келди. У ўғлига доим шундай дерди:

«Ёдда тутгинки, одамнинг қадр-қиммати унинг қанчалик кўп йиқилишида эмас, балки қанчалик тез ўрнидан туришида билинади».

Талабалик даврида Жо дам олиш кунлари отаси сотиши керак бўлган кабриолетлардан бирини ҳайдаб юрар, бу эса курсдошлари орасида шов-шувга сабаб бўларди. Улар Жо ҳақида: «Ҳар сафар янги кабриолетда юрадиган жуда зўр йигит», дейишарди.

Фото: Getty Images

«Қирол нутқи»

Бундай ҳавас қилишларнинг ҳаммаси талабалик даврида бўлган, аммо болалигида Жо «жуда зўр бола» эмасди, у кўп дудуқлангани сабаб синфдошлари томонидан камситиларди. Бола учун бу оғир ҳолат эди. Кейинчалик Байден «Қирол нутқи» фильмини томоша қилаётиб Георг VI ролини ўйнаган Колин Ферт халққа мурожаат қилганида ҳақиқий даҳшатни қайтадан ҳис қилди. Байден яна болалигига қайтгандай бўлди, уни атай қилгандай бутун синф олдида баланд овозда ўқиш учун доскага чиқаришарди.

Омма орасида ҳали ҳам унинг дудуқланишидан куладиганлар бор, аммо болалигидаги туйғу — ҳақиқий хўрланиш бўлган. Жо бу лаънати дудуқликдан қутулиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилиб кўрди: ҳар куни кўзгу олдида соатлаб шеър ўқиди. Бир марта Демосфен сингари у ҳам оғзига майда тошларни тўлдириб, машқ қилмоқчи бўлганида томоғига тош тиқилиб ўлишига бир бахя қолди. Дудуқланишдан халос бўлишида оиласи унга катта ёрдам берди: ҳеч ким унинг устидан кулмади, шошилтирмади, гапини бўлмади. Жо биринчи нутқини академиядаги битирув кечасида сўзлади. Ва шу кунгача у тайёрлаган матнининг қаерида пауза қилиши ва қаерида нафас олиши кераклигини қалам билан белгилаб олади.

Рождество арафасидаги фожиа

Фото: Getty Images

Жонинг етакчилик фазилатлари талабалик йилларида намоён бўла бошлади, ҳамма уни ёқтирар, уни доимо турли лавозимларга сайлашарди. Академияда у Нелия исмли қиз билан танишди ва унга келажакда президент бўлишга ваъда берди. Улар Жо ўз фаолиятини юрист сифатида бошлаганида турмуш қуришди. Биринчи марта сенатор этиб сайланганида эса уларнинг учта фарзанди бор эди: ўғиллари — Бо ва Хантер, шунингдек, янги туғилган қизи Наоми. Ўшанда 1972 йил эди, сайловда ғалаба қозонганига атиги бир ой бўлганди. Жо Байден — АҚШнинг энг ёш сенаторларидан бири. Жонинг тасаввурида у тугал ва абадий бахтга эришганди: ёрқин карьера, севимли рафиқа, ажойиб болалар ... Лекин кутилмаганда ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди: Нелия ва фарзандлари Рождество арчасига безаклар харид қилгани кетишаётганида автомобиль ҳалокатига учради. У ва қизи воқеа жойида вафот этди, ўғиллари эса оғир жароҳат олди. Ўшанда Жо тақдирнинг бундай ҳукмидан ниҳоятда ғазабланди: қайси гуноҳи учун у бундай азобларга гирифтор бўлди?

Шундан сўнг Жо Сенатдаги ўрнидан воз кечиб, ўзини ўғилларини тарбиялашга бағишламоқчи бўлди, лекин уни бу йўлдан қайтаришди. У сенаторлик қасамёдини ўғиллари ёнида — касалхонада қабул қилди. Шунингдек, у ҳар куни Делавердан Вашингтонгача бўлган 200 километрлик масофани босиб ўтиб, ишига бориб-келиб юрди.

Оила тўлиқ бўлди

Фото: Getty Images

Рафиқасининг вафотидан уч йил ўтгач, Жо инглиз тили ўқитувчиси Жилл билан учрашувга чиқди. Учрашувни Жиллни яхши танийдиган Жонинг укаси уюштирди. Жилл учрашувга ясаниб келган, Жо эса оддийгина мокасина ва спорт пальтосида эди. Уни кўрган Жиллнинг ҳафсаласи пир бўлди: унга машҳур одам мукаммал кўриниши керакдек туюлди, лекин биринчи учрашувдаёқ унинг олдида келишган, суянса бўладиган ва ҳамдард одам турганини англади. Улар кинога тушишди, Жо Жиллни уйигача кузатиб қўйди ва қўлларини сиқиб, хайрлашди. «Ойи, у ҳақиқий жентлмен», деди учрашувдан кўнгли тўлиб қайтган қиз онасига. Шундан сўнг ҳаммаси тезлашиб кетди — Жо Жиллнинг қўлини беш марта сўради, Жилл эса болаларнинг онаси ўрнини боса олармиканман, деб хавотирланарди. Унинг ўзи ҳам болаларни яхши кўриб қолганди, аммо масъулиятни жуда яхши тушунарди. Уни, шунингдек, Жонинг жамиятдаги обрўси ҳам хавотирга соларди. Жилл ҳар доим оддий одамга турмушга чиқишни, камтаргина оилани хоҳлаган. Шунинг учун, у тўрт марта Жонинг оила қуриш ҳақидаги таклифини юмшоқ қилиб, рад этди. Аммо Жо: «Охирги марта сўраяпман, рафиқам бўласанми?» деганида, Жилл рози бўлди. Байден бу воқеани шундай эслайди:

«У келиши билан оиламиз тўлиқ бўлди. Биз бахтли эдик»

Улар 1978 йилда турмуш қуришди, 1981 йилда эса қизли бўлишди. Қизиғи шундаки, Байден ҳукуматда иккинчи даражадаги шахс бўлганида ҳам Жилл коллежда дарс беришни тўхтатмади. У мамлакат тарихида эрига ёрдам бериш учун карьерасидан воз кечмаган илк «иккинчи хоним» бўлди. Ҳозирда ҳам у вақти-вақти билан дарс бериб туради.

Фото: Getty Images

Ўғиллари ёш бўлган пайтларда Байден уларни тез-тез ишхонасига олиб борар, тўнғич ўғли Бо ҳам отаси каби юристлик касбини танлаганди. Ҳаммаси яхши эди, ўғли Делавер штатининг бош прокурори бўлди. Бо оиланинг севимлиси бўлиб, ҳамма у билан фахрланарди: у Ироқ уруши фахрийси, муваффақиятли юрист, ажойиб оила бошлиғи, икки боланинг отаси эди. Аммо Бо 2015 йилда 46 ёшида мия саратонидан вафот этди. Бу фожиадан Байден адойи тамом бўлди. 2016 йилги президентлик сайловида қатнашмоқчи бўлган Байден ҳаётининг бу даврида оиласи билан бирга бўлишга қарор қилди. Рафиқаси, болалари ва набиралари Байденга бу жудоликни ҳам енгиб ўтишига ёрдам беришди.

Ва ниҳоят 2021 йилда Байден президент бўлди. Ҳозирда Жо Байденнинг катта оиласи, икки фарзанди ва етти нафар набираси бор. Унинг кўнгли ҳаёт уни яна синашини сезади, лекин у шундай оиласи билан тезда ўрнидан тура олишини ҳам билади. Ҳаёт эса давом этаверади…

Изоҳ
Асосий янгиликлар