Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг мамлакат делегацияси еттита ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этди. Шу Олимпиадаларда умумий ҳисобда 10 та олтин медал қўлга киритилди. Қайд этиб ўтиш жоиз, бундан 21 йил аввал айнан 1 октябрь санасида Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистон делегациясига илк олтин медални тақдим этган эди. «Дарё» Олимпиадаларда Ўзбекистон учун олтин медални олиб келган спортчилар ҳақида маълумот беради.

Сидней—2000 (1 та олтин)

Муҳаммадқодир Абдуллаев

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси 1996 йилда Атлантада ўтказилган Олимпиадада ўз иштирокини бошлаган. Спортчилар илк Олимпиадасида 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан кифояланган. 2000 йилда Сиднейда бўлиб ўтган Олимпиадада эса боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаев Ўзбекистонга илк олтин медални тақдим этди.

Муҳаммадқодир Сидней Олимпиадасида -63,5 кг вазн тоифасида медал учун кураш олиб борди. Дастлабки босқичда Мигел Коттони таслим этган. Нимчорак финалда Беларусь вакили Сергей Буковскийни, ярим финалда жазоирлик Муҳаммад Аллалуни таслим этиб, финалга чиққан. Абдуллаев финал босқичида АҚШ вакили Рикардо Уильямсни 27:20 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медалга эга чиққанди.

Афина—2004 (2 та олтин)

Фото: Анвар Илёсов

Грециянинг Афина шаҳрида 2004 йилда бўлиб ўтган мусобақа Ўзбекистон учун учинчи Олимпиада бўлди. Эркин кураш бўйича -120 кг вазн тоифаси финалида Артур Таймазов эронлик Алиризо Ризойига қарши татамига чиқди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Таймазов Афинада бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритди.

Юнон-рум кураши бўйича эса Александр Доктуришвили -74 кг вазн тоифасида финалга чиқди ва Финляндия вакили Марко Юли-Ҳаннуксела билан олтин медал учун кураш олиб борди. Александр финалда ғалаба қозониб, Афинадаги иккинчи, умумий ҳисобда эса учинчи олтин медални Ўзбекистон учун тақдим этди.

Рио—2016 (4 та олтин)

Рио Олимпиадаси совриндорларининг кутиб олиниши

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Афинадаги Олимпия ўйинларидан сўнг 2008 йил Пекинда, 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган мусобақаларда Ўзбекистон делегацияси олтин медал қўлга кирита олмади. 2016 йилда бўлиб ўтган Риодаги Олимпиадада эса мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг кўп медал қўлга киритилди. 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза билан спортчилар ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд қилди.

Фото: Getty Images

Оғир атлетика бўйича -105 кг гача бўлган вазн тоифасида Руслан Нуриддинов олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи силтаб кўтаришда 237 кг оғирликни бўйсундириб, Олимпия рекордини ўрнатди.

Фото: Getty Images

Бокс бўйича -49 кг вазн тоифасида Ҳасанбой Дўстматов ҳал қилувчи жангга қадар мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов ва америкалик Нико Эрнандесни мағлуб этганди. Финалда эса Колумбия вакили Юберхен Мартинес Ҳасанбойга рақиблик қилди. Дўстматов 3 та раундда ҳам рақибига имкон қолдирмади ва Олимпия ўйинлари чемпионига айланди.

Фото: Getty Images

-52 кг вазн тоифасининг финал жангида Шаҳобиддин Зоиров россиялик Михаил Алоян билан рингга чиқди. Биринчи раундда россиялик чарм қўлқоп устасининг қўли баланд келган бўлса, қолган икки раундда ўзбекистонлик боксчи рақибидан устун келди ва олтин медални қўлга киритди. Шаҳобиддин Зоиров финал жангига қадар ирландиялик Брендан Ирвин, америкалик Антонио Варгас, озарбайжонлик Элвин Мамишзаде, венесуэлалик Йоэл Ривас каби спортчиларни мағлуб этишга муваффақ бўлганди.

Фото: Getty Images

Бокснинг -64 кг вазн тоифасидаги мусобақада эса Фазлиддин Ғоибназаров олтин медални қўлга киритган. Фазлиддин финалга қадар конголик Малонга Заламоу, ҳиндистонлик Манож Кумар, америкалик Гари Расселл, россиялик Виталий Дунайсев каби спортчиларни турнирдан чиқариб юборганди. Ҳал қилувчи босқичда ўзбекистонлик спортчига Озарбайжон вакили Колласо Сотомаёр рақиблик қилди. Уч раунд давом этган жангда ҳакамлар қарорига кўра Фазлиддин ғалаба қозонди ва Олимпиада чемпионига айланди.

Токио—2020 (3 та олтин)

Фото: Президент матбуот хизмати

2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтиши керак бўлган Олимпия ўйинлари коронавирус пандемияси сабаб бир йилга кечиктирилди. 2021 йилнинг 23 июлидан 8 августигача бўлган муддатда ўтган ўйинларда Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин медалга эга чиқди.

Фото: Getty Images

Токио Олимпиадасида биринчи олтин медални таэквондочи Улуғбек Рашидов қўлга киритди. Улуғбек финалда британиялик рақиби Бредли Синденни мағлуб этди ва чемпионга айланди. Шу тариқа у таэквондо бўйича Олимпиадада чемпион бўлган илк спортчи сифатида Ўзбекистон тарихига кирди.

Фото: Getty Images

Оғир атлетиканинг -109 кг вазн тоифаси вакиллари ўртасида кечган мусобақада Акбар Жўраев умумий 430 кг вазнни бўйсундирди. Бу билан 21 ёшли Жўраев биринчи натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчи силтаб кўтариш ва икки курашда Олимпия рекордини ўрнатди.

Фото: Getty Images

Бокс бўйича +91 кг вазн тоифасида ҳаракат қилган Баҳодир Жалолов финал баҳсида америкалик Ричард Торресни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва мусобақанинг олтин медалига эга чиқди. Ўзбекистонлик боксчи ярим финалда Буюк Британия вакили Фрэйзер Кларкк устидан ғалаба қозонганди.

Ўзбекистон делегацияси ўзи қатнашган еттита Олимпиадада жами 36 та медалга эга чиққан — 10 та олтин, 6 та кумуш ва 20 та бронза.

Энг кўп медални боксчилар келтирган — 15 та. Кураш вакиллари 8 та медалга (6 та эркин кураш, 2 та юнон-рум) эга чиққан бўлса, дзюдочилар Ўзбекистонга 7 та медал келтирган. Учта медал оғир атлетикачилар томонидан қўлга киритилган, икки медалга енгил атлетикачилар эга чиққан. Таэквондо бўйича эса битта медал қўлга киритилган.

Маъруфжон Очилов тайёрлади