Фарғона вилояти ИИО ходимлари хизмати вақтида электрошокер мосламасидан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 24 сентябридан Фарғона вилояти ички ишлар органларининг Патруль-пост, Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва бошқа тегишли хизматларининг саф бўлинмалари ходимлари хизмат жараёнида электрошокердан фойдаланишни бошлайди.

«Электрошокер қурилмасидан фойдаланишдан мақсад ИИО ходимлари ёки фуқароларининг ҳаёти ва соғлиғига шикаст етказилишининг олдини олиш, ҳуқуқбузарларнинг соғлиғига оғир ва ўта оғир тан жароҳати етказмаган ҳолда зудлик билан ҳуқуқбузарлик ва жиноят ҳаракатларни чеклашдан иборат», — дейилади ИИБ хабарида.

ИИО ходимлари хизмат жараёнида электрошокер қурилмасидан фойдаланишдан аввал махсус тайёргарлик ва даврий текширувдан ўтказилади. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.